Андижон вилоятининг Қўрғонтепа туманидаги «FRESH FOOD 2020» оилавий корхонасига қарашли умумий овқатланиш шохобчасида 37 киши «нонбургер»дан заҳарланиши ҳолати юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Андижон вилояти прокуратураси хабар берди.

Мазкур ҳолат юзасидан 07 июль куни Қўрғонтепа туман прокуратураси томонидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 257−1-моддаси (Санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Прокуратура умумий ҳисобда заҳарланишдан 27 киши шифохонага шикоят қилгани ва уларга «ўткир гастроэнтерит» ташхиси қўйилганини қайд этмоқда. ССВ ва СЭС хабарларида эса улар 37 киши эканлиги таъкидланмоқда.

ССВ беморлар саломатлиги ва санитария ҳолатини ўз назоратига олди. «Айни пайтда шифохонада даволанаётган 17 нафар беморнинг ҳолати стабил. Уларда белгиланган стандартлар бўйича даво муолажалари давом эттириляпти», — дейилади хабарда.

Зудлик билан бу корхонага қарашли 3 та овқатланиш шохобчаси фаолияти вақтинча тўхтатилди. Таом тайёрлаш хонаси ва омборхонадаги маҳсулотлардан намуна олиниб, Қўрғонтепа тумани санитария-эпидемиология хизмати лабораториясига текшириш учун юборилган, дейилади вазирлик хабарида.

Маълумот ўрнида, ЖКнинг мазкур моддасига кўра, гумонланувчиларга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазолари хавф солмоқда.