Президент 7 июль куни «Пахта ҳосилдорлигини ошириш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларни жорий қилишнинг қўшимча ташкилий чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорни имзолади. Ҳужжат матни ЎзАда эълон қилинди.

Ҳужжат пахта ҳосилдорлигини ошириш бўйича янги тизимни жорий қилиш, пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчилик, нав танлаш, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ишларини йўлга қўйиш орқали пахта-тўқимачилик соҳасида экспорт ҳажмлари ва даромадни ошириш мақсадида қабул қилинди.

Қарор билан Ўзбекистон президенти ҳузурида Пахтачилик кенгаши ташкил этилди. Унга инновацион ривожланиш вазири Иброхим Юлчиевич Абдурахмонов раҳбарлик қилади.

Қуйидагилар кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

  • ҳар йили ҳудудларда маҳаллий шароитларда яхши ҳосил бераётган навларни таҳлил қилиб, уларнинг супер элита ва элита уруғларини кўпайтириш бўйича илмий ташкилот ва уруғчилик корхонасини белгилаш;
  • ҳудудларнинг тупроқ-иқлим шароитларига мос энг мақбул навларни ҳудудларда кўпайтириш ва экиш бўйича кластерларга топшириқлар (кўрсатмалар, буюртмалар) бериш;
  • тупроқ унумдорлиги, унинг кимёвий ва биологик хусусиятларининг илмий таҳлили асосида ҳудудларда қўлланилиши мумкин бўлган кимёвий ва органик ўғитлар бўйича тавсиялар бериш;
  • ғўза касалликлари ва ҳашаротларга қарши курашиш бўйича самарадор препаратларни қўллаш юзасидан кўрсатмалар ишлаб чиқиш ва татбиқ этиш;
  • кластерларга ҳудудлар тупроқ-иқлим шароитларига мос ғўза навларини экиш ва уруғларини кўпайтириш, тупроқ унумдорлигини ошириш, минерал ва органик ўғитлардан фойдаланиш ҳамда пахтачиликда сув ва ресурстежамкор технологияларни жорий этиш бўйича кўрсатмалар бериш;
  • хусусий секторни жалб қилган ҳолда давлат-хусусий ҳамда хусусий уруғчилик кластерларини ташкил этиш ва бу орқали рақобат муҳитини яратиш;
  • пахтачилик йўналишидаги илмий-тадқиқот муассасалари фаолиятини мувофиқлаштириш.

2022−2023 йилларда пахта майдонларида тупроқ унумдорлигини ошириш ва экологик ҳолатни яхшилаш учун субсидия ажратиш тажрибаси синовдан ўтказиладиган 13 та туманлар рўйхати тасдиқлани қайд этилмоқда.

Пахтачилик кенгаши бир ҳафта муддатда пахта етиштиришда илм ва инновацияларга асосланган уруғчилик, нав танлаш, ерга ишлов бериш, ўғитлаш, суғориш ишлари ташкил этиладиган 13 та туманларнинг ҳар бири бўйича ишчи гуруҳлари таркибларини тасдиқлайди.

Пахта ҳосилдорлигини оширишнинг қуйидагиларни назарда тутувчи янги тартиби жорий қилинди:

а) туман ишчи гуруҳлари пахта экилган майдонларда жойига чиққан ҳолда таҳлиллар асосида уруғчилик, нав танлаш, ерга ишлов бериш, биостимуляторларни қўллаш, ўғитлаш, ғўза касалликлари ва зараркунандаларига қарши курашиш ҳамда самарали суғориш бўйича ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитига мос таклифларни Пахтачилик кенгаши бошқарув гуруҳига тақдим қилади;

  1. б) Пахтачилик кенгаши бошқарув гуруҳи тақдим этилган таклифларни таҳлил қилиб умумлаштирган ҳолда Пахтачилик кенгашига киритади;
  2. в) Пахтачилик кенгаши:
  • ҳудудда экилган пахта навларининг ҳудуднинг тупроқ-иқлим шароитларига мос мақбулини танлаш, шунингдек, агротехник тадбирларнинг тўғри амалга оширилишини таъминлаш;
  • пахта экилган майдонлардаги тупроқнинг унумдорлигини ошириш ва самарали ер тайёрлашни ташкил қилиш;
  • пахта экилган майдонларда органик ва минерал ўғитларнинг қўлланилишини яхшилаш;
  • пахта экилган майдонларда ғўза касалликлари ва зараркунандаларига қарши курашиш бўйича замонавий технологияларни жорий қилиш;
  • пахта экилган майдонларда замонавий биостимуляторларни қўллаш;
  • пахта етиштириш жараёнида самарали суғориш тизимини ва тежамкор технологияларни жорий қилиш бўйича қарорлар қабул қилади.

Пахтачилик кенгашининг унга юклатилган вазифаларга асосан ўз ваколатлари доирасида қабул қилган қарорлари мажбурий ҳисобланади.

Пахтачилик кенгаши фаолиятини ташкил этиш бўйича:

  • Пахтачилик кенгаши раиси (Иброхим Абдурахмонов) кенгашга юклатилган вазифалар ижроси юзасидан ҳар ойда президентга ахборот беради;
  • Пахтачилик кенгаши раисига маҳаллий ва хорижий малакали мутахассисларни жалб этиш ваколати берилади;

Пахтачилик кенгаши ва унинг бошқарув гуруҳи аъзоларига иш ҳақи Инновацион ривожланиш вазирлиги билан тузиладиган меҳнат шартномалари асосида амалга оширилади.

Маҳаллий ва хорижий малакали мутахассислар меҳнатига ҳақ тўлаш муайян ишни бажариш учун тузиладиган меҳнат шартномаларига асосан мутахассислар билан келишилган миқдорларда амалга оширилади.

Инновацион ривожланиш вазирлигига жорий йил якунига қадар «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси (И.Ҳайдаров) Уюшманинг тўқимачилик ва тикув-трикотаж соҳасини ривожлантириш жамғармаси ҳисобидан 10 миллиард сўм ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги (Ж.Ходжаев) Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси ҳисобидан 10 миллиард сўм ажратади.

Бунда мазкур маблағлар Пахтачилик кенгаши ва унинг бошқарув гуруҳи аъзолари ҳамда 13 та туманлар ишчи гуруҳлари аъзоларига иш ҳақи тўлаш, шунингдек, Пахтачилик кенгашига маҳаллий ва хорижий малакали мутахассисларни жалб этиш харажатларини қоплашга йўналтирилади.

Давлат активларини бошқариш агентлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг «Пахтасаноат илмий маркази» акциядорлик жамияти фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган қуйидаги таклифларига розилик берилди:

  • Марказни Пахтачилик кенгашининг илмий-тадқиқот органи этиб белгилаш;
  • Пахтачилик кенгашининг соҳага доир кўрсатма ва тавсияларига асосан Марказ фаолиятини такомиллаштириб бориш;
  • Пахтачилик кенгаши раисини Марказ Кузатув кенгаши таркибига киритиш.