Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 6 июль куни архитектура, қурилиш ва шаҳарсозлик соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишини ўтказди, деб хабар берди давлат раҳбарининг матбуот хизмати.

Президент соҳадаги ютуқларни санаб ўтар экан, ҳали ҳам камчиликлар мавжудлиги, биринчи навбатда, лойиҳалаш ва сифатни таъминлашда борлигини таъкидлади. «Ҳамма қурилиш билан бўлиб, архитектура орқада қолиб кетди», — деди у.

Хусусан, кўп жойларда илгари тасдиқланган бош режалар аҳоли ва иқтисодиётнинг бугунги ўсишига мос келмайди. Хорижий экспертларнинг таҳлилларига кўра, бош режалар бўлмаса, 2030 йилга бориб, инфратузилма харажатлари 2 бараварга ошади ва қишлоқ хўжалиги ерлари 30 минг гектарга камайиб кетади.

Йиғилишда ҳудудларнинг бош режаси ва мастер режаларини ишлаб чиқиш бўйича Республика кенгаши тузилиши ҳақида қарор қабул қилинди. Қурилиш вазирининг биринчи ўринбосари мақоми билан бош архитектор лавозими жорий этилади.

Ҳудудларда вилоят ҳокимларининг биринчи ўринбосари ва бош архитектор бошчилигида лойиҳа офислари очилади. Туман ва шаҳар қурилиш бўлимига архитектор раҳбарлик қилади.

Бош режа ва мастер режани ишлаб чиқиш 3 босқичда амалга оширилади. Биринчи босқичда, Республика кенгаши муайян вилоятнинг 5, 10 ва 20 йиллик ривожланиш йўналишлари, ер ва инфратузилма чегараларини белгилайдиган бош схемасини тасдиқлайди.

Улар асосида, иккинчи босқичда, ҳудуднинг бош режаси ишлаб чиқилади. Бунда саноат, хизмат кўрсатиш ва аҳоли масканларини белгилаш, йўллар ва инфратузилма тармоқларини тақсимлаш кўзда тутилади.

Учинчи босқичда, бош режаларга асосан, вилоят, туман ва шаҳар бош архитекторлари ҳамда ҳокимнинг биринчи ўринбосарлари ўз ҳудудининг мастер режаларини тасдиқлайди. Бунда уй-жойлар, мактаб, боғча, шифохона, савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг жойлашуви кўрсатилади.

Энди Қурилиш вазирлиги қайсидир маҳаллада дўкон қаерда бўлиши ёки бино қандай ёритилиши билан шуғулланмайди. Бундай масалалар туман ва маҳалла даражасида ҳал бўлади.

Бундан ташқари, халқаро стандартлар асосида тайёрланган лойиҳаларга техник кенгаш хулосасини олиш тартиби бекор қилинади, хорижда экспертизадан ўтказилган лойиҳалар тўғридан-тўғри тан олинади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров, бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев ва қурилиш вазири Ботир Зокиров.

Йиғилишда қайд этилишича, қурилишда товарлар ва хизматлар нархини шакллантириш тизими ҳам тартибга солинмагани ва ишларни баҳолаш бўйича яхлит ёндашув йўқлиги сабабли «талон-торож ва коррупция кўп».

Шу боис шаҳарсозлик меъёрларидан қурилиш ишларини баҳолаш билан боғлиқ 147 та норма чиқариб ташланади. «Қурилиш ресурслари классификатори» платформаси ишга туширилиб, 100 мингдан зиёд қурилиш материаллари ва хизматларининг бозор нархи шакллантирилади.

«Шаффоф қурилиш» дастурида лойиҳаларни тайёрлаш муддатини камайтириш мақсадида ижтимоий объектларнинг намунавий лойиҳаларининг электрон каталоги яратилади. Ундан барча буюртмачилар ва лойиҳа-пудрат ташкилотлари эркин фойдаланиши мумкин бўлади.

Президент вилоят ҳокимликлари қошидаги Ягона буюртмачи компанияларига хорижий менежерлар, малакали архитектор ва муҳандисларни жалб қилиш, қурилиш жараёни ва иш ҳажмини ҳисоблашни рақамлаштириш бўйича топшириқлар берди.

2023 йилдан бошлаб Ягона буюртмачи компанияларнинг лойиҳа олди ҳужжатларини ишлаб чиқиш, янги қурилишлар бўйича техник назорат қилиш функциялари босқичма-босқич аутсорсинг асосида хусусий секторга берилади.

Президент қурилишлар сифати ҳақида гапирар экан, ушбу соҳада алоҳида давлат назорат инспекцияси фаолият юритаётганини, унинг ходимлари эса «асосий вазифа кўпроқ жарима қўллаш» деб тушунишини танқид қилди. Кўпинча қурилишдаги камчиликларнинг 70 фоизи такрорланади ва уларнинг олдини олиш мушкул эмас.

Шавкат Мирзиёев инспекция фаолиятини қайта кўриб чиқиб, унинг фаолиятини қурилишдаги тизимли камчиликлар сабабларини таҳлил қилиш ва бартараф этишга қаратиш бўйича топшириқ берди.

Қурилиш вазирлигига объектларни рўйхатга олишдан бошлаб, фойдаланишга қабул қилишгача бўлган барча жараёнларни рақамлаштириш вазифаси юклатилди.

Кадрлар тайёрлаш масаласига эътибор қаратилар экан, Тошкент ва Самарқанддаги архитектура институтларига академик ва молиявий мустақиллик берилиши айтилди. Уларда ўқиш халқаро таълим дастурлари асосида йўлга қўйилади. Талабалар етакчи лойиҳа-қидирув институтлари ва қурилиш кластерларига бириктирилади.