3−6 июль кунлари Мароккода бўлиб ўтган ICESCO ислом оламининг X сессиясида Бухорода жойлашган 7 та маданий мерос объектлари Ислом оламининг маданий мероси рўйхатига олинди. Бу ҳақда Маданий мерос агентлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу рўйхатга — Исмоил Сомоний мақбараси, Чор-Бакр ва Баҳоуддин Нақшбанд мажмуалари, Мағоки Аттор масжиди, Пойи калон ансамбли, қадимги Пойкент шаҳри қолдиқлари ва Тошсарой мадрасаси киритилди. Тегишли сертификатлар ICESCO директори Салим Ал Малик томонидан топширилди.

«Юртимиз тарихига оид обидаларнинг ICESCO рўйхатига олиниши бой маданий меросимизни бутун дунёга тарғиб этишда, хусусан, Ислом оламида маданиятимиз янада танилишида катта аҳамият касб этади. Ўзбекистон ҳудуди тарихан Ислом ривожига катта ҳисса қўшган ўлка ҳисобланади», — дейилади хабарда.

Маданий мерос агентлиги Ўзбекистондаги маданий мерос объектларини, хусусан Ислом дини ва маданият ривожида катта ўрин тутган обидалар тарғиботини юритиш ҳамда маданий меросни сақлашда халқаро грантларни жалб этиш учун исломшунос олимлар иштирокида халқаро конференция ва амалий учрашувлар ташкил этишни режалаштирган.

Аввалроқ Маданий мерос агентлиги Чор-Бакр мажмуасини ЮНEСКОнинг Умумжаҳон мероси объектлари рўйхатига киритиш чораларини кўраётгани маълум қилган эди. Хабарда «мутахассислар иштирокида илғор ва юқори технологик ускуналардан фойдаланган холда номзодлик ҳужжатлари тайёрланиб, белгиланган тартибда ЮНEСКО Умумжаҳон мероси марказига тақдим этилгани» таъкидланган.