1 майдан бошлаб пенсия ва нафақалар 12%га оширилади

Президент фармони билан 1 майдан бошлаб пенсия ва нафақалар 12%га оширилади. Шунингдек, зарур иш стажига эга бўлмаган ҳамда боқувчисини йўқотганлар учун ойлик нафақа миқдори 500 минг сўм этиб белгиланди.

«Йўлни кенгайтириш билан тирбандлик муаммосини ҳал этиб бўлмайди» — президент

Самарқандда жамоат транспортини ривожлантириш учун 2023 йил охиригача 40 та янги, жумладан, 5 та экспресс йўналиш очиш, марказий кўчаларда автобуслар учун алоҳида йўлаклар ажратиш, 180 та электробус харид қилиш режалаштирилмоқда. 1 июлдан бошлаб шаҳар жамоат транспорти вилоят буджети ҳисобидан субсидияланади. Икки туманни Самарқанд билан электропоезд орқали улаш таклиф қилинмоқда. «Йўлларни кенгайтириш билан тирбандлик муаммосини ҳал қилиб бўлмайди. Жамоат транспортига устувор аҳамият бериш керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Президент аҳолининг кам таъминланган қатламини қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини маълум қилди

Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ижтимоий ёрдамга муҳтож 2,2 млн киши бор. Шавкат Мирзиёев кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар, ижтимоий муассасалар тарбияланувчилари ва бошқаларни қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини маълум қилди.

1 сентябрдан «декрет» тўловларининг бир қисмини давлат тўлаб беради

1 сентябрдан бошлаб ҳомиладорлик нафақаси тўловларининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан тўлаш тартиби жорий этилади. Бунинг учун Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилиб, унга жорий йилда бюджетдан 170 млрд сўм ажратилиши белгиланди.

Уруш фахрийларига 15 млн сўмдан берилади

9 май арафасида уруш қатнашчилари, концлагерлар ва Ленинград қамалидаги асирларга 15 млн сўмдан тўланади.

Рамазон ҳайити арафасида 65 нафар фуқаро афв этилди

Президент Рамазон ҳайити арафасида тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар фуқарони афв этиш бўйича фармонни имзолади.

Ўзбекистонликларнинг реал даромадлари ўсиши секинлашди

2022 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистон аҳолисининг реал даромадлари ўсиши 3,3 фоизгача секинлашди. Ушбу кўрсаткич 2021 йилда 7,7 фоизга тенг бўлганди. Аҳолининг даромадлар таркибида пул ўтказмаларининг улуши камайди. Шу билан бирга, аҳоли жон бошига умумий даромад 3,2 млн сўмгача кўтарилди.

«Миллий ғоя сифатида аҳолини қонун устуворлиги ғояси атрофида бирлаштиришимиз керак» — адлия вазири

Адлия вазири Русланбек Давлетов аҳолини миллий ғоя сифатида қонун устуворлиги ғояси атрофида бирлаштириш, буни энг аввало, давлат органлари фаолиятида таъминлаш зарур, деб ҳисоблайди. Шунингдек, давлат хизматчиларининг ҳуқуқий тафаккурини ислоҳ қилиш, самосуд ва фирибгарлик ҳолатлари кўпайгани ҳақида гапирди. Адлия вазирлиги жиноятлардан етказилган зарарни тўлиқ қопламаган маҳкумларни шартли равишда озод этишни бекор қилишни режалаштирмоқда.

ЎзДЖТУ талабаси ўз жонига қасд қилди

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабаси ўз жонига қасд қилди. «Газета.uz» манбасининг маълум қилишича, у ўзини 4-қаватдан ташлаган.

Рамазон ҳайити куни масжидларга келиб-кетиш учун автобус йўналишлари йўлга қўйилди (рўйхат)

«Тошшаҳартрансхизмат» томонидан 2 май куни Рамазон ҳайити байрамида Тошкентда 98 та масжидга бориб-келиш учун автобуслар йўналиши ташкил қилинди. Автобуслар 03:00 дан 06:00 га қадар ҳаракатланади.

Термитлар «Ичан-Қалъа»даги 33та тарихий обидага жиддий зарар етказмоқда

Зоология институти директори Бахтиёр Холматовнинг маълум қилишича, «Ичан-Қалъа» тарихий ёдгорлик мажмуидаги 33 та тарихий обиданинг ёғоч ўймакорлиги ишланмаларига термитлар жиддий даражада зарар етказмоқда.

Тўққизта ҳудудда сел-сув тошқин ҳодисалари кузатилиши мумкин

3−5 май кунлари тўққизта вилоятнинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин хавфи эълон қилинди. ФВВ сел хавфи бўлганда зарур ҳаракатлар бўйича тавсиялар берди.

«Жиноят содир қилган банк масъулининг бошқа бир банкка бориб ишга жойлашиши нотўғри» — Сенат раиси

Сенат раиси Танзила Нарбаеванинг фикрича, тижорат банкларида амалга оширилаётган коррупцион ҳолатлар ислоҳотларга соя солмоқда. Шунингдек, у битта банкда жиноят содир қилган банк масъулининг бошқа бир банкка бориб ишга жойлашиши нотўғри эканлигини айтиб ўтди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Kinder маҳсулотлари устидан назоратни кучайтирди

Жаҳонда сальмонеллёз касаллиги авж олиши фонида Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги эҳтиёт чораларини кучайтириб, давлатга кириб келаётган ва савдога чиқарилаётган барча ширинликлар қатори Kinder шоколадлари хавфсизлигини ҳам назоратдан ўтказмоқда.

Uzbekistan Airways май ойидан Тошкентдан Батумига парвозларни йўлга қўяди

21 майдан бошлаб Uzbekistan Airways Тошкентдан Батумига ҳафтасига икки марта парвозларни амалга оширади.

Бош прокурорга янги ўринбосар тайинланди

Президентнинг тегишли фармонига асосан Шохрух Аминов бош прокурор ўринбосари этиб тайинланди. У бунга қадар Сирдарё ҳамда Навоий вилоятларида прокурор лавозимида фаолият юритган.