Cентябрь ойидан бошлаб ҳомиладорлик нафақаси («декрет») тўловларининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан тўлаш тартиби жорий этилмоқда. Бу ҳақда президент эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтган видеоселекторда айтиб ўтди.

Йиғилишда ишчи-ходимларнинг самарали фаолияти учун 3 та асосий ижтимоий масалада (касаллик, ишсиз қолиш, ҳомиладорлик) босқичма-босқич кафолатли ҳимоялаш тизими жорий этилиши таъкидланди.

«Мисол учун, норасмий секторда аёллар улуши 57 фоизни ташкил қилмоқда. Сабаби, кўплаб иш берувчилар ҳомиладорлик нафақасини тўлашда ортиқча харажат қилмаслик учун аёлларни расмий ишга олмасликка ҳаракат қилади. Бу борада 2022 йил сентябрдан бошлаб „декрет“ тўловларининг бир қисмини давлат бюджети ҳисобидан тўлаш тартиби жорий этилмоқда», — дейилади хабарда.

Мазкур ишларни тизимли йўлга қўйиш мақсадида 1 сентябрдан Молия вазирлиги ҳузурида Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилади. Жамғармага жорий йилда бюджетдан 170 миллиард сўм ажратилиши белгиланди. Мутасаддиларга 1 августга қадар «декрет» пулларини тўлаш жараёнини тўлиқ рақамлаштириш топширилди, дея қўшимча қилинади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, президент 1 март куни ўтказган йиғилишида ҳам ҳомиладорлик нафақасини тўламаслик учун тадбиркорлар аёлларни ишга олмаслигини танқил қилганди. Ўшанда ҳомиладорларга ҳам 4 ойга 2 млн сўм миқдорида бир марталик ҳомиладорлик нафақаси тўлаб берилиши айтилиб, шу мақсадлар учун бюджетдан 2022 йилда 200 млрд сўм, 2023 йилда эса 1,7 трлн сўм йўналтирилиши маълум қилинганди.