Термитлар бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган, ЮНЕСКО муҳофазасидаги «Ичан-Қалъа» тарихий ёдгорлик мажмуидаги 33 та тарихий обиданинг ёғоч ўймакорлиги ишланмаларига жиддий даражада зарар етказмоқда. Бу ҳақда Зоология институти директори Бахтиёр Холматов АОКАда ўтказилган брифингда маълум қилди.

Жума масжид музейи, Пахлавон Маҳмуд мақбараси, Муҳаммад Иноқ ва бошқалар термитлардан кучли зарарланган.

Бахтиёр Холматов, шунингдек, Қорақалпоғистон, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Самарқанд вилоятларидаги тарихий обидалар ҳам термитлардан зарар кўрганини айтди.

Сурхондарёдаги Ал Ҳаким ат-Термизий, Қашқадарёдаги Ҳазрати Имом масжиди, Навоийдаги Имом Ҳасан-Ҳусан зиёратгоҳи ва Қорақалпоғистон Республикасидаги Миздахкан комплекси тарихий обидаларида термитларнинг зарари қайд этилган.