Январь-март ойларида аҳолининг умумий даромадлари 114,2 трлн сўмга етди. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, ўсиш номиналда 15,9 фоизни, реал кўрсаткичда (инфляцияни ҳисобга олган ҳолда) 5,4 фоизни ташкил этди. Ўсиш суръати 2021 йилнинг биринчи чорагидаги худди шу кўрсаткичларга — 22,1% ва 9,8% нисбатан пасайган.

2022 йилнинг илк уч ойида аҳоли жон бошига умумий даромадлар 3,2 млн сўмгача кўтарилди. Номинал кўринишда тушумлар 13,6 фоизга, реал қийматда 3,3 фоизга (истеъмол нархларини ҳисобга олган ҳолда) ўсди. Бу кўрсаткичлар ҳам 2021 йилнинг биринчи чорагига — 19,8% ва 7,7% нисбатан камроқ ҳисобланади.


Манба: Давлат статистика қўмитаси

Тошкент шаҳрида аҳоли жон бошига нисбатан номинал даромадлар 7,71 млн сўмни ташкил қилиб, пойтахт уч ой давомида етакчиликни сақлаб қолди. Кейинги ўринларда Навоий вилояти — 5,76 млн сўм, Тошкент вилояти — 3,77 млн сўм, Бухоро вилояти — 3,47 млн сўм қайд этилди. Аҳолининг номинал даромадлари энг паст ҳудуд эса Наманган вилояти бўлди — 2,33 млн сўм.

Муҳим жиҳатлардан бири аҳоли даромадлари Навоий (+10,2 фоиз), Фарғона (+9,4 фоиз) ва Тошкент (+6,5 фоиз) вилоятларида ошди. Бухоро (-0,6 фоиз), Сурхондарё (-0,4 фоиз) вилоятлари ва Қорақалпоғистонда (-0,3 фоиз) эса аҳоли даромадлари бироз камайди.

Аҳолининг умумий даромадлари таркибида меҳнат фаолияти (ходимлар ва якка тартибдаги тадбиркорлар) улуши 62 фоиздан 62,5 фоизга ошди. Мол-мулкдан олинган даромадлар улуши ўтган йилги 2,7 фоизга тенг бўлган бўлса, жорий йилда 3,1 фоизгача ўсди. Трансфертлардан олинадиган даромадлар (пул ўтказмалари, нафақалар, пенсиялар, стипендиялар) улуши бир вақтнинг ўзида 0,3 фоизга камайиб, 26,9 фоизни ташкил этди.

Ишчиларнинг даромадлари умумий даромаднинг 32,8 фоизини, якка тартибдаги тадбиркорлар эса 29,6 фоизини ташкил қилади. Мустақил равишда банд бўлганларнинг умумий даромадлардаги улуши бўйича Жиззах (44,1%), Бухоро (39,4%), Хоразм (47%), Тошкент вилояти (35,7%) ва Сурхондарё (35%) етакчилик қилмоқда.

Манба: Давлат статистика қўмитаси

Хориждан пул ўтказмаларининг номинал ўсиши 8 фоизни ташкил этди, аммо шунга қарамай, уларнинг умумий даромадлардаги улуши 1 фоизга камайди. Аҳолининг умумий даромадларида пул ўтказмаларининг энг катта улуши Самарқандда — 22,6 фоиз (2021 йилда 25,6 фоизни ташкил этган), Фарғонада — 19,1 фоиз (15,9 фоиз), Андижонда — 19 фоиз (21,2 фоиз), Сурхондарёда — 18,5 фоиз (21,1%) қайд этилди.

2022 йилнинг дастлабки уч ойида мигрантлар Ўзбекистонга 1,47 млрд доллар жўнатган, бу ўтган йилга нисбатан 3 фоизга кўпроқдир. Шу билан бирга, асосий савдо ҳамкорлардаги иқтисодий фаолликнинг пасайиши, миллий валюта курсининг ўзгариши ва миграцион оқимлар жорий йилда трансчегаравий пул ўтказмалари ҳажмининг ўтган йилга нисбатан 18−25 фоизга камайиши эҳтимолини юзага келтирмоқда, дея қайд этди Марказий банк.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда 2021 йилда ўртача ойлик иш ҳақи 20 фоизга ўсиб, 3,2 млн сўмни ташкил қилганди.