Ўзбекистон жамиятида ҳуқуқий онг юксалиб, сўз эркинлиги, демократлаштириш ва плюрализм тобора ривожланиб бормоқда. Бу ҳақда 28 апрель куни Олий Мажлис Сенатининг ялпи мажлисида адлия вазири Русланбек Давлетов айтиб ўтди.

Демократик тамойиллар ва ислоҳотларни ўзида акс эттирувчи янги қонунларнинг қабул қилиниши уларга нисбатан очиқ фикр билдириш, уларни жамиятда ҳамма ҳам бирдек қабул қилмаслиги билан бирга келади. «Бу табиийдир ва буни тўғри қабул қилишниям ўрганишимиз керак», — деди вазир.

У қонун устуворлигини бу жараёнда одамларни бирлаштирувчи ягона восита ёки механизм деб атади. «Биз, ҳуқуқшунослар, миллий ғоя сифатида аҳолини қонун устуворлиги ғояси атрофида бирлаштиришимиз керак», — деди Адлия вазирлиги раҳбари.

Русланбек Давлетов таъкидлаганидек, «қонун устуворлиги фикрлар хилма-хиллиги билан бирлашган муносабат ва ёндашувни, фикрлар хилма-хиллигини ҳурмат қилиш ва муаммоларни қонуний йўллар билан ҳал этишни таъминлайди».

«Бунда асосий масъулият давлат органларига тўғри келади. Чунки улар биринчи навбатда ўз ишлаш услублари, принциплари ва ёндашувлари билан ўз фаолиятларида қонун устуворлигини таъминлаши зарур», — қайд этди у.

Вазир «мактаблардаги ҳуқуқ фанлари бўйича дарсликларнинг қониқарсиз сифати, қуруқ ҳуқуқий тил, тушунарсиз тақдимотлар ва улардаги кўплаб такрорий ҳолатлар»ни қайд этди. Мактабда ҳуқуқий таълим сифатини ошириш, ҳуқуқни ўрганишни аниқ мисоллар асосида ташкил этиш орқали уни ҳаётга яқинлаштириш зарурлигини кўрсатди.

Русланбек Давлетов Адлия вазирлиги томонидан аҳолининг 5 ёш тоифаси учун ҳуқуқий билимларга нисбатан минимал талаблар ишлаб чиқилгани, масалан, 4 ёшли бола, 15 ёшда нимани билиши кераклиги ҳақида гапирди. Дарсликлар ана шу талаблар асосида қайта кўриб чиқилиб, кундалик ҳаётга мослаштирилади.

Кўп миллионли жамиятнинг ҳуқуқий онгидаги ўзгаришлар билан бир қаторда давлат хизматчилари ва мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий тафаккурини ислоҳ қилиш бўйича ишларни амалга ошириш зарур, деди адлия вазири. 2021 йилда давлат органларининг 14 минг нафар ходими ҳуқуқий тайёргарликдан ўтди, шундан 300 нафари имтиҳондан ўта олмаган ва қайта ўқишга киришади. Қайта тайёрлаш ҳам, кейинги 12 соатлик махсус ўқув курслари ҳам имтиҳондан ўтишга ёрдам бермаса, бундай ходимларнинг кейинги фаолиятининг мақсадга мувофиқлиги кўриб чиқилади.

Ҳуқуқий муносабатларнинг асосий муаммолари орасида фирибгарлик, киберфирибгарлик ва молиявий пирамида схемалари кучаймоқда. Охирги 4 йил ичида фирибгарлик ҳолатлари 4 бараварга ошган — 2018 йилдаги 6483 та ҳолатдан 2021 йилда 24554 тагача. Киберфирибгарлик 3 йил ичида 8,3 баравар ошган ва барча жиноятларнинг 5 фоизини ташкил қилади.

Адлия вазирлиги раҳбарининг таъкидлашича, жиноятчилар жавобгарликка тортилиб, зарарни тўлиқ қопламасдан бир оз муддат озодликдан маҳрум қилиниб, яна озодликка чиқиши кузатилиши мумкинки, бу ҳам аҳолида салбий кайфиятни пайдо қилиши мумкин. Шунинг учун фирибгарлик содир этган ва зарарни тўлиқ тўламагани учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган шахслар, жазони ўташ давомида тўлиқ зарарни қопламаган бўлса, шартли озод қилинмаслигини кўзда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Вазир самосуд қилиш ҳолатлари кўпайганини, унинг фикрича, бу эркин жамият қуриш ва унда хавфсиз яшашга катта тўсиқ бўлаётганини таъкидлади. Тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш ва самосуд қилиш ҳолатларига қарши курашиш зарур, деди у.

Конституция бўйича умуммиллий онлайн имтиҳонда 50 мингдан ортиқ фуқаро қатнашди, деди вазир. Асосий қонуннинг 30 йиллигини нишонлаш муносабати билан конституциявий имтиҳонни катта қамровда ўтказиш, бошқа тилларда ҳам тестлар тайёрлаш режалаштирилган.

Ҳуқуқий билим ва юридик ёрдамни тарғиб қилиш борасида ҳуқуқий масалалар бўйича саккизта онлайн ресурсни санаб ўтди: maslahat.uz юридик портали (maslahat.uz), Бизнес учун маслаҳат портали, bolahuquqlari.uz мобил иловаси, test.adliya.uz сайти, миллий ҳуқуқ. Huquqiyportal.uz интернет портали, kurslar.huquqiyportal.uz (интерактив шаклда юридик масалаларни мустақил ўрганиш портали, сертификат олиш мумкин), hudud24.uz, Гендер Мадад платформаси.