Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева Сенатнинг 25-ялпи йиғилишида Марказий банк раҳбариятига тижорат банкларига янги, ёш раҳбар кадрлар тайинлагандан кейин уларни замон талабларига мос равишда ишни ташкиллаштира оладиган қилиб ўқитиш юзасидан тавсияларини берди, деб хабар бермоқда юқори палата матбуот хизмати.

Марказий банк фаолиятига баҳо бериларкан, Хоразм вилояти мисолида фаолият самарали йўлга қўйилмагани, қатор хато ва камчиликлар борлиги ҳамда регулятор сифатида буни Марказий банк назорат қилиши кераклиги таъкидланди.

«Сенат раиси битта банкда камчиликка йўл қўйган, хатто жиноят содир қилган банк масъулининг бошқа бир банкка бориб ишга жойлашиши нотўғри эканлигини айтиб ўтди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, у Марказий банк фаолиятида ўзгариш, ўсиш борлиги бошқа қўшни давлатлар билан таққосланганда пандемиядан кейинги давр сарҳисоби мисолида ўз исботини топишини айтган.

Эслатиб ўтамиз, 2019 йил апрель ойида Халқ банки бошқаруви раиси этиб тайинланган М.Эшматов лавозимга киришганидан сўнг, банк биноси қурилишида 5,5 млрд сўмлик банк маблағларини талон-торож қилган. Орадан кўп ўтмай, 2019 йил октябрда эса М.Эшматов Микрокредитбанкка раҳбар этиб тайинланган ҳамда ўз офисини мебель билан жиҳозлаш учун аслида 100 млн сўм сарф қилган, лекин фирмалар орқали 273 млн сўм тўлаган, шунингдек, банкнинг Сирдарё филиали учун 4 млрд сўмга бино сотиб олган, аммо объект 700 млн сўмга тушган.