3−5 май кунлари кутилаётган кучли ёмғирлар ёғиши сабабли республиканинг тоғ олди ва тоғли ҳудудларида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин. Бу ҳақда Ўзгидромет хабар берди.

Жумладан:

  • Қашқадарё вилояти: Яккабог, Деҳқонобод, Чироқчи, Китоб, Шаҳрисабз, Қамаши, Ғузар, Косон туманларида;
  • Сурхондарё вилояти: Сариосиё, Узун, Олтинсой, Денов, Бойсун, Шеробод, Шўрчи, Қумқорғон, Музробот туманларида;
  • Самарқанд вилояти: Ургут, Самарқанд, Булунғур, Нуробод, Қўшработ, Каттақўрғон, Пояриқ, Жомбой, Иштихон туманларида;
  • Навоий вилояти: Хатирчи, Навбаҳор, Нурота, Конимех, Кармана туманларида;
  • Жиззах вилояти: Зомин, Бахмал, Ғаллорол, Шароф Рашидов, Фориш, Янгиобод туманларида;
  • Тошкент вилояти: Оҳангарон, Бўстонлиқ, Паркент, Пскент, Ўрта Чирчиқ, Юқори-Чирчиқ туманларида ва Ангрен, Олмалиқ шаҳарларида;
  • Наманган вилояти: Поп, Косонсой, Чортоқ, Чуст, Наманган, Янгиқурғон туманларида;
  • Фарғона вилояти: Сўх, Фарғона, Бешариқ туманларида;
  • Андижон вилояти: Андижон, Асака, Жалалқудук, Қўрғонтепа, Пахтаобод, Избосган, Хўжаобод, Мархамат туманларида ва Хонобод шаҳрида сел-сув тошқин ҳодисалари юзага келиши мумкин.

Тоғ олди ва тоғли худудларда истиқомат қилувчи фуқаролардан, шунингдек, дам олувчилар ҳамда тоғли ҳудудларда ҳаракатланувчи ҳайдовчилардан эҳтиёткорлик чораларига амал қилиш сўралди.

Фавқулодда вазиятлар вазирилиги сел хавфи бўлганда зарур ҳаракатлар бўйича тавсиялар берди. Унга кўра:

  • сел оқимларидан фақат қочиб қутилиш мумкин. Сел хавфи тўғрисида ҳабар эшитгандан сўнг дархол хавфсиз жойга кўчиш ҳаракатларини қилиш керак. Сел оқимининг тез фурсатда шаклланиши, унинг тезлигини ҳисобга олган ҳолда, хабар тарқатиш ва муҳофаза тадбирларини бажариш учун вақт жуда чегараланганини (бир неча дақиқадан 10−20 дақиқагача бўлиши мумкин) доимо ёдда тутиш лозим;
  • сел оқимидан халос бўлишнинг иложи бўлмаса, баландроқ тепалик устига, дарахтга ёки бирор баланд мосламалар устига чиқиш керак. Одатда сел 3−5 соат давом этиши мумкин;
  • сел оқими ўтгандан сўнг девор ва устунларнинг ҳолатини, газ, электр ва сув таъминотининг созлигини текшириш зарур.

Эслатиб ўтамиз, 20 апрель куни Самарқанд ва Жиззах вилоятларида 1,5 соатда бир ойлик миқдорда ёмғир ёғиши оқибатида сел оқимлари ва тошқин сувлари юзага келди. Натижада ҳар икки вилоятда жами 364 та уй-жой, 6 та мактаб ва 2 та МТМнинг ертўла ва ҳовлиларигага сув кирган. 26 та хўжалик турли даражада талофат кўрди. 6 киши қутқарилди, 100 дан зиёд аҳоли эвакуация қилинди. Фориш туманининг Эгизбулоқ қишлоғида 5 киши ҳалок бўлди.