Рамазон ҳайити арафасида президент адашиб жиноятга қўл урган, лекин айбини чуқур англаб, тузалиш йўлига қатъий ўтган 65 нафар фуқарони афв этиш бўйича фармонни имзолади. Бу ҳақда президент матбуот хизмати хабар берди.

Президент Шавкат Мирзиёев эҳтиёжманд аҳолининг ижтимоий ҳимоясини янада кучайтириш чора-тадбирлари юзасидан ўтказилаётган видеоселектор йиғилишда ушбу фармонга имзо чекканини маълум қилди. «Рамазон ойи — сахийлик, меҳр-оқибат ва бағрикенглик ойидир. Бу қутлуғ айёмда меҳр-шафқатли, кечиримли бўлиш ҳаммамиз учун ҳам фарз, ҳам қарз», — деди у.

Шунингдек, давлат раҳбари мутасаддиларга ушбу фуқаролар байрамни ўз уйида, яқинлари бағрида кутиб олишлари учун барча шароитларни яратиш бўйича топшириқ берилди.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарлари олдига байрам юқори савияда ўтишини таъминлаш вазифаси қўйилди.

«Улуғ мутафаккир Мир Алишер Навоий бобомиз айтганларидек, одамларнинг дардига дармон бўлиш — инсонийликнинг олий намунаси эканини унутмаслигимиз, бундай эзгу иш услуби бизнинг нафақат хизмат вазифамиз, шу билан бирга, виждоний бурчимизга айланиши керак», деди президент сўзининг якунида.