Ўзбекистон Афғонистондаги темир йўл линиясини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин

«Ўзбекистон темир йўллари» компанияси корхонаси «Ҳайратон — Мозори-Шариф» темир йўл линиясини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум бўлиши мумкин. Афғонистонда операцион шартномаларни қайта кўриб чиқиш ҳамда бошқарувни ҳукумат хизматлари анча арзон бўлишини кутаётган маҳаллий компанияларга топшириш режалаштирилмоқда.

Бухорода ДХШ асосида янги аэропорт терминали қурилади

Президентга Бухоро аеропортида ДХШ асосида янги халқаро йўловчи терминалини қуриш лойиҳаси тақдим этилди. Инвестиция ҳажми 136 млн долларни ташкил қилиши кутилмоқда. Лойиҳани 2022−2024 йилларда амалга ошириш кўзда тутилган.

Жаҳондаги вазият туфайли аҳолига зарур 150 турдаги дори воситаларида узилиш бўлиши хавфи мавжуд

Ўзбекистонда ташқи омиллар ҳисобига 150 турдаги аҳоли учун зарур дори воситаларида узилиш бўлиши хавфи мавжуд, қалбаки ва контрафакт дорилар сотилишига ҳалигача барҳам берилгани йўқ, амалиётда 15 фоизлик нарх преференцияси ишламайди. Шу ва бошқа 50 га яқин муаммога ечим топилмагани президент иштирокидаги йиғилишда танқид қилинди.

Нукусда янги туғилган чақалоқ уни адашиб ўлик деб, «морг»га бериб юборишгач вафот этди

Ўтган йили Нукусда шифокорлар янги туғилган чақалоқни хато туфайли ўлган деб қайд этиб, патология бюросига бериб юборишган. Патолого-анатомик чақалоқнинг кўкрак қафасини очганида уни ҳали тирик эканлигини аниқлаган, бироқ, унга биринчи ёрдамни кўрсатмасдан, шифокорларга қайтариб берган. Чақалоқ вафот этди, уч кишига нисбатан қўзғатилган жиноят иши судга оширилди.

5 йиллик иш тажрибасига эга хотин-қизларни ОТМга имтиҳонсиз қабул қилиш таклиф этилмоқда

Оила ва хотин-қизлар қўмитаси мутахассислиги бўйича 5 йиллик меҳнат тажрибасига эга аёлларни ОТМларга имтиҳонсиз, контракт асосида қабул қилиш таклифини билдирди. Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган ҳукумат қарори лойиҳасида тавсиянома 3 йилга берилиши, уларга алоҳида квота ажратилиши ва бундай абитуриентлар ўртасида алоҳида тест синовлари ўтказилиши белгиланмоқда.

Фуқароларнинг 822 минг сўмгача бўлган қарздорлиги иш ҳақидан ундирилади

Қонунчиликка киритилган ўзгартишларга мувофиқ, ижро ишини юритишнинг соддалаштирилган тартиби белгиланди. Унга кўра, ундирув қарздорнинг мол-мулкига эмас, балки унинг банкдаги ҳисобрақамига қаратилади. Қолаверса, 822 минг сўмгача бўлган қарздорлик иш ҳақи, стипендия, пенсия ёки бошқа даромаддан ундирилиши мумкин.

МИБ ишига аралашганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик белгиланди

Қонунчиликка суд ҳужжатларининг мажбурий ижросига аралашганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик киритилди. МИБ ишига аралашиш ҳолати маъмурий жазо қўлланилганидан кейин ҳам содир этилса, 1 йилдан 3 йилгача озодликни маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Хусусий тиббиёт муассасаларининг лицензия олиш тартиби соддалаштирилади

Президент фармони билан хусусий тиббиёт муассасаларининг лицензия олиш тартиби соддалаштирилади. Қолаверса, хорижлик шифокорларга Ўзбекистонда фаолиятини амалга ошириш тасдиқномаси учун йиғим 6 бараварга камайтирилади, 1 ойга келган шифокорлардан эса тасдиқнома талаб этилмайди. Қолаверса, даволаниш мақсадида келган хорижликлар туристик йиғимдан озод этилади.

Фарғонада Олимпия коллежи бош ҳисобчиси 4,3 млрд сўм пулни қиморга тикканлиги айтилмоқда

Фарғона вилояти Олимпия захиралари коллежи бош ҳисобчиси 3 йил давомида 4,3 млрд сўмлик маблағларни асоссиз равишда ўзлаштирганликда гумон қилинмоқда. У ўзлаштирилган маблағларни интернет орқали қимор ўйинларига тикиб, сарфлаб юборган. Бош ҳисобчига нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган.

Чуст тумани ҳокими ёрдамчиси ер ажратиб бериш эвазига $15 минг талаб қилганлиги айтилмоқда

Наманган вилояти Чуст тумани ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси ва яна бир қанча шахслар фуқарога 5,3 гектар ерни ажратиб бериш эвазига 15 минг доллар талаб қилганликда гумонланмоқда. Улар ушбу пулдан 1500 доллар ва 5,6 млн сўмини олганида қўлга тушган.

Ғафур Ғулом боғига аттракционлар ўрнатиб, бирга бизнес қилишга ваъда берган шахс $60 мингни ўзлаштириб юборди

Тошкентда дўстига Ғафур Ғулом номидаги боғда янги аттрационлар сотиб олиш ва ўрнатиш лойиҳасига сармоя киритишни таклиф қилган шахс берилган 60 минг долларни ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборган. Ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилган.

Тошкентда жонли мусиқа ва шаҳар маданияти фестивали ўтказилади

«Анжир» жонли мусиқа ва шаҳар маданияти фестивали пойтахтнинг Дўстлик боғида бўлиб ўтади. Дастурдан — open air (очиқ осмон) форматида ўтадиган жонли ижродаги концертлар ва рақс жамоаларининг саҳна чиқишлари, шеърият тадбирлари, йога бўйича мастер-класслар, кўргазмалар ўрин олган.

Шерали Жўраев «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди

Ўзбекистон халқ артисти, «Ватандошлар» жамоат фондининг Васийлик Кенгаши раиси Шерали Жўраев «Эл-юрт ҳурмати» ордени билан мукофотланди. Президент тегишли фармонни имзолади.

«Халқ бу кучдир». Тошкент аҳолиси яна бир болалар майдончасини ҳимоя қилишга эришди

Тошкентнинг Юнусобод тумани Марказ-5 даҳаси аҳолиси қурувчи билан курашда янги бино қурилиши кўзда тутилган жойдаги болалар майдончаси ва яшил ҳудудни ҳимоя қилишга муваффақ бўлди. Можаро вақтида айрим аҳоли вакиллари ва фаоллар жароҳатланди. Ҳодиса пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев аралашуви билан ҳал этилди.

Пулли йўллар, аэропортлар, яшил электр станциялари. ДХШ учун лойиҳалар рўйхати

Ўзбекистонда давлат-хусусий шериклик шартлари асосида бир қатор пулли йўллар, шамол ва қуёш электр станцияларини қуриш режалаштирилмоқда. Хусусий компаниялар Тошкент ва бошқа шаҳарларнинг халқаро аэропортлари ва инфратузилмасини модернизация қилишга ҳам жалб этилади.

«Газета.uz»да эълон қилинган фотоматериал ва мақолалар:

Бизнинг ОАВларимиз жим турган пайтда, хориж ОАВлари одамларимиз онгини эгалламоқда

Қандай қилиб ўзбекистонликлар онгига ўнлаб каналлари бор ва 500 млрд сўмдан кўпроқ бюджетга эга Миллий телерадиокомпания эмас, хорижий мамлакат телеканаллари таъсир кўрсатадиган бўлди? Комил Жалилов мақоласи.

Ўзбекистон коинотни ўрганишга қандай ҳисса қўшган?

Инсоннинг коинотга биринчи парвози бундан 61 йил аввал амалга оширилган. Космонавтика куни муносабати билан «Газета.uz»нинг Ўзбекистоннинг коинотни ўрганишга қўшган ҳиссаси ҳақидаги мақоласини эслаймиз. Ютуқлар қаторидан «ТАПОиЧ»да космонавтларни синовдан ўтказиш учун самолётлар ишлаб чиқарилгани, Тошкент муҳандислик бюросида Ой тупроғини Ерга олиб тушган қурилманинг яратилгани, Ойни тадқиқ қилиш учун Тошкентда ишлаб чиқилган асбоб-ускуналар Невич посёлкасида синовдан ўтказилгани кабилар ўрин олган.

Фото: Тошкент аэропорти, Урганч ва Фарғона водийси янги аэропортлари ташқи кўриниши

Шавкат Мирзиёев Тошкент аэропорти, Урганч аэропорти ва Фарғона водийси вилоятлари учун ягона аэропорт фасадининг концептуал кўриниши билан танишди.