11 апрель куни Тошкентда Юнусобод тумани Марказ-5 даҳаси аҳолиси ва қурилиш компанияси вакиллари ўртасида жанжал юзага келди. Қурувчи болалар майдончаси ва яшил ҳудуд бўлган ерни кўп қаватли уй-жой қуриш мақсадида ўраб олишга ҳаракат қилди. Ушбу қурилишга аҳоли бир неча йилдан бери қаршилик қилиб келмоқда.

Айрим аҳоли, асосан кекса ёшли аёллар жароҳатланган ёки куч ишлатилишга дучор бўлган ҳодиса фақат пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг аралашуви билан назоратга олинди.

Домлар орасидаги яшил ҳудуд (марказда). Манба: Google Earth.

Бу 71, 70 ва 65-уйлар орасидаги ҳудуд учун содир бўлаётган илк можаро эмас. Аҳолининг сўзларига кўра, бу бир неча йилдан бери давом этмоқда. 22 февралда ҳам аҳоли яшил ҳудудни ҳимоя қилишга муваффақ бўлганди. Ўшанда Юнусобод туман ҳокимининг коммунал масалалар бўйича ўринбосари болалар майдончаси хокимият балансида бўлиб, «унга тегишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», деб аҳолини тинчлантирганди.

Аҳолиси эса уларнинг уйларига яқин ягона дам олиш маскани эканлигини айтишмоқда. Бу ердаги янги болалар майдончаси яқиндагина — атига ярим йил аввал қуриб битказилган.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан лавҳа.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларга кўра, душанба куни маҳаллага ишчилар яна келишган ва ҳудудни ўраб олиш мақсадида таянч ёғочларни ўрнатишни бошлашган. Аҳоли эса фаоллар билан бирга таянчларни чиқариб олишга, улар учун қазилган чуқурларни кўмишга ва профнастил листлари устига девор сифатида ўрнатмасликлари учун чиқиб олишган.


Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеодан лавҳа.

Можаро пайтида панжара ўрнатишга ҳаракат қилган баъзи эркаклар (қурилиш компанияси вакиллари бўлиши мумкин — таҳр.) куч ҳам ишлатишди. Аҳоли ва фаоллар жароҳат олганликлари ҳақида хабар қилишди. Эркаклардан бири ёши катта аёлни итариб юборган ва у ерга йиқилиб тушган.

Содир бўлаётган воқеага томошабинлик қилган ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари можарони узоқ вақт ҳал қила олмади. Аҳоли улар қурувчининг тарафини олаётганини айтишди.


Тошкент ҳокими аҳоли билан суҳбатлашмоқда. Фото: «Газета.uz».

Соат 16:00 лар атрофида воқеа жойига Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва унинг архитектура, капитал қурилиш ва коммуникацияларни ривожлантириш масалалари бўйича биринчи ўринбосари Бахтиёр Рахмонов, Юнусобод тумани ИИО ФМБ бошлиғи Абдумажид Шермуҳамедов, туман прокурори Олимжон Азимов ва сенаторлар ташриф буюрди.

Шаҳар ҳокими тадбиркорни суҳбатлашиш учун четроққа олиб чиқди. Кейин у болалар майдончаси ўрнида «қурилиш бўлмаслигини» таъкидлади, деб хабар бермоқда «Газета.uz» мухбири.


Фото: «Газета.uz».

Шундан сўнг, ишчилар ўрнатилган тўсиқларни қайта бузишга киришишди, деб хабар қилди NOVA24. Шундан сўнг, улар ўзининг компаниясига тегишли автобусга ўтириб, кетишди.


Раъно Матлюбова. Фото: «Газета.uz».

«Қурилишни тўхтатишгаю тўхтатдик, лекин бу учинчи маротаба содир бўляпти», — деди Раъно Матлюбова. «Айрим одамлар жароҳат олишди, уларни шифохонага олиб боришади. Биз [қурувчиларнинг устидан] ариза ёздик», — дея таъкидлади у.

«Ҳаммаси ғалаба билан якунланди. Халққа раҳмат. Халқ — бу куч. Халқсиз ҳеч нима қилиб бўлмайди», — деди у Тошкент ҳокими, прокурор ва ИИО ФМБ бошлиғига вазиятни назоратга олгани учун миннатдорчилик билдириб.

Қурувчи ҳақида маълумот

Ҳужжатларга кўра, Тошкентнинг собиқ ҳокими Раҳмонбек Усмонов ўзининг 2015 йил 22 январдаги қарори билан Марказ-5 даҳасидаги 65, 69 ва 71-уйлар орасидаги 0,32 га ер майдонини кўп қаватли уй-жой ва ерости автотураргоҳини қуриш учун Best Capital Buildings компаниясига ажратиб берган.


Туман Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати қурилиш лойиҳаси ҳужжатлари юзасидан ҳеч қандай хулоса бермаган.

Тошкент шаҳар қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси адвокатларнинг сўровига биноан пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг 2021 йил 14 апрелдаги қарори билан ҳокимнинг айрим қарорларига ўзгартишлар киритилгани ва Best Capital Buildings компанияси номи Lucky Industry`га ўзгартирилганини маълум қилди. Аҳоли сўнгги компания номини журналистлар билан суҳбатга тилга олган.

Best Capital Buildings компанияси 2014 йилнинг июлида Юнусобод туманида рўйхатга олинган. Раҳбари сифатида Расулхўжа Аълохўжа ўғли Арипов, унинг таъсисчилари эса — Акбархўжа Аълохўжа ўғли Арипов (60%) ва Малика Муратовна Хасанхўжаева (40%) кўрсатилган.


Lucky Industry 2015 йилнинг апрелида рўйхатдан ўтказилган. Асосий фаолият тури фитнес-клублар билан боғлиқ деб кўрсатилган. Унинг раҳбари Улуғбек Жўрақулович Жалилов, таъсисчиси эса — Фаррух Ҳамидуллаевич Бакиев ҳисобланади.

Ҳукумат томонидан инсон манфаатларини таъминлаш ва турар-жой бинолари ичида қурилишни тўхтатиш режалари тўғрисида эълон қилинганига қарамасдан, сўнгги вақтларда Тошкентда аҳоли ўзи яшайдиган ҳудуддаги яшил майдон ва ўйин майдончаларини ҳимоя қилиш ҳолатлари кўплаб учраб турибди.