Прокуратура идоралари спорт соҳасига йўналтирилган бюджет маблағларининг мақсадли сарфланишини тизимли равишда ўрганиш олиб бормоқда, дея хабар берди Бош прокуратура матбуот хизмати.

Шундай ўрганишлардан бирида Фарғона вилояти Олимпия захиралари коллежи бош ҳисобчиси эгаллаб турган лавозимидан фойдаланиб, 2019−2021 йиллар давомида ўзига асоссиз равишда жами 4 млрд сўм иш ҳақи ва устама ёзиб олганлиги аниқланган.

Шунингдек, у коллеж ўқитувилари номига банк пластик карталари очиб, уларга 310 млн сўм бюджет маблағларини ўқитувчиларга билдирмасдан ўтказиб олган.

Бош ҳисобчи талон-тарож қилган жами 4,3 млрд сўм маблағларни интернет тармоғи орқали қимор ўйинларига тикиб, сарф қилганлиги аниқланган, дейилади Бош прокуратура хабарида.

Ҳолат юзасидан бош ҳисобчи ва бошқаларга нисбатан Жиноят кодексининг 167 (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209 (мансаб сохтакорлиги) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган.

Гумонланувчига нисбатан «қамоққа олиш» эҳтиёт чораси қўлланилган. Тергов давом этмоқда.