Афғонистон темир йўллари бошқармаси (ARA) мамлакат темир йўл вокзалларини қўшни давлатлар билан ишлатиш бўйича шартномалар Афғонистон манфаатларини ҳисобга олмасдан тузилганини маълум қилди, деб хабар берди Ariana News.

Қўшни давлатлар компанияларига станцияларни ишлатиш учун ҳар йили ўн миллионлаб доллар тўланади, дейди расмийлар.

ARA янги раҳбарияти темир йўл вокзаллари назоратини афғон компанияларига ўтказиш режаси устида ишламоқда, бу эса «Афғонистон миллий иқтисодиётига бевосита фойда келтириши мумкин».

Темир йўл бошқармаси директори Бахт-у-Раҳмон Шарафатнинг айтишича, Ўзбекистон компанияси «Ҳайратон — Мозори-Шариф» темир йўл линиясини бошқариш бўйича шартномага кўра йилига 18 млн доллар олади. Бироқ маҳаллий компаниялар ушбу маблағнинг 25 фоизи учун худди шундай ишни бажаришга тайёр.

Ariana News хабарига кўра, Афғонистон хусусий сектори ҳам мамлакат темир йўл ҳокимиятини темир йўл алоқалари орқали савдо имкониятларини кенгайтиришга чақирган.

«Агар темир йўл орқали экспорт қила олсак, бу бизга арзон бўлади, шу туфайли экспортни кенгайтирамиз ва нархларни арзонлаштирамиз», — дейди Афғонистон саноат уюшмаси директори Абдул Жабар Сафи.

Фото: ARA

ARA хабарига кўра, Афғонистон делегацияси келишув ҳамда «Ҳайратон» портидан фойдаланиш масалаларини батафсил муҳокама қилиш учун Ўзбекистонга ташриф буюради.

«Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти шўба корхонаси «Сўғдиёна Транс» 2011 йил декабрида Афғонистондаги «Ҳайратон — Мозори-Шариф» темир йўл линиясини бошқариш ва техник хизмат кўрсатиш мақсадида ташкил этилган. «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси 2010 йил ноябрь ойида 129 млн долларлик 75 км узунликдаги линия қурилишини якунлади.

Ўтган йил охирида ЎТЙ Афғонистондан юк ташиш ҳажмини ошириш режасини эълон қилди. 2021 йилда Афғонистондан темир йўл орқали 32,4 минг тонна (564 вагон) юк (қуруқ мевалар, картошка, мандарин ва тальк) ташилди. Шу билан бирга, ушбу юкнинг қарийб 16 минг тоннаси Ўзбекистонга, 13,8 минг тоннаси Қозоғистонга, 2570 тоннаси Россияга мўлжалланган.

Афғонистон импортининг қарийб ярми, шунингдек, гуманитар юкларнинг салмоқли қисми «Ҳайратон» орқали ўтади.