«Барибир Украина олдиндан, эскитдан Россиянинг ери». «Украинанинг қилаётган ишига қўшилмайман, Россияникини тўғри деб биламан». «Биз ҳам Россияга бўйсунамиз». «У ерда одамлар ҳалок бўлаётганди, шунинг учун ҳам ҳаммаси бошланиб кетди». «Россия ўзи чиқарган хабарларда Украинада тинч аҳолига ҳужум қилинмаётганлигини айтишган ўзлари». «Зеленский халқдан фойдаланяпти». «Бучада бўлган нарса саҳналаштирилган эди».

BBC ўзбек хизмати томонидан ўтказилган сўровнинг натижаларини, эҳтимол, олдиндан башорат қилса бўларди. Турли сабабларга кўра — хорижий тилларни билмаслик, муқобил ахборот манбаларини қидиришни хоҳламаслик (агар хоҳиш бўлса рус ёки ўзбек тилларида ҳам топса бўлади), танқидий фикрлаш кўникмалари билан муаммолар — кўплаб ўзбекистонликлар учун дунёда содир бўлаётган воқеалар, шу жумладан Россиянинг Украинага босқини — ёки Россияда айтиладиганидек «денацификация ва демилитаризация қилиш бўйича махсус операция» — ҳақидаги хабарларнинг асосий, ва эҳтимол ягона манбаси Россия давлат телеканаллари бўлиб қолмоқда.

Улар бўлса мемга айланган «чормихга тортилган болакай» сюжети анъаналарига риоя қилган ҳолда Украина Россия сериалини суратга олиш учун мўлжалланган манекенлардан жасадлар сифатида фойдаланилаётгани, 10 йил олдин йўқ қилинган завод омборхонасини миналаётганлиги, юқумли касалликни тарқатиш учун кўчманчи қушлардан фойдаланишни режалаштираётганлиги ва ҳаттоки «славянларни ўлдирадиган генетик қуролни» (бунда украинлар ҳам худди русларга ўхшаган славянлар эканлигини ёддан чиқариб) ишлаб чиқаётганлигига ишонтирмоқчи бўлишмоқда. Бундан ташқари, «денацификация ва демилитаризация қилиш бўйича махсус операция билан фақат Украина билан чекланиб қолмаслигини» таклиф қилишмоқда ҳамда Ўзбекистон ОАВлари ва блогерларини танқид остига олишмоқда.

Қандай қилиб ҳамюртларимизнинг онгига ўнлаб каналларга ва 500 млрд сўмдан ортиқ бюджетга эга Миллий телерадиокомпания (МТРК) эмас, хорижий мамлакат телеканаллари таъсир қилмоқда? Нима учун «аҳолига объектив ва ишончли хабар етказиш, Ўзбекистон медиамаконини сифатли ахборот-таҳлил маҳсулотлари билан бойитиш, сиёсат, хавфсизлик, иқтисод, маданият, илм-фан ва спорт, шунингдек бошқа давлатлардаги муҳим воқеаларни тезкорлик билан ёритиш» мақсадларида ташкил этилган мамлакатнинг асосий ахборот канали Россия федерал каналларига оммабопликда ютқазмоқда, томошабинлар эса маҳаллий телевидениеда жойлардаги ҳақиқий муаммолар ҳақида репортажлар ва ижтимоий-сиёсий телекўрсатувлар етишмайди, деб ҳисоблашади?

Ўзбекистон телевидениесидаги асосий ахборот-таҳлил дастури бўлмиш «Таҳлилнома» кўрсатувининг 10 апрель куни эфирга узатилган сонини таҳлил қилсак. Қарийб икки соат давом этган дастур Навоий вилоятида янги конлар очилганлиги ҳақидаги хабардан бошланади. Бошловчи эса бу «президент томонидан геология соҳасини ривожлантириш, заволга юз тутаётган соҳани қайта оёққа қўйиш борасида амалга оширилаётган қатъий ислоҳотларнинг натижаси» эканлигини эслатиб ўтади. Дастур давомида ўтган ҳафта воқеалари хронологияси берилади: қўшни мамлакатлар президентлари билан телефон мулоқотлари, лойиҳалар тақдимотлари ва объектларнинг кўздан кечирилганлиги, селектор йиғилишлари.

Кейин эса МТРК версиясига кўра, ўтган ҳафтанинг энг асосий хабарлари бошланади. Масалан, президентнинг Ислом цивилизацияси марказига ташрифи буюк аждодлар ҳақидаги тарихий «экскурс»дан бошланади. Умуман олганда, ахборот ва таҳлил учун тўғри келмайдиган «бадиий-пафосли» услуб юртимиздаги давлат ОАВлари журналистларининг севимли услубидек туюлади.

Ҳафтанинг асосий дастурида бошқа муҳим янгиликлар учун эфир вақти етмади. Украинадаги воқеалар таҳлили, БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашида Россия аъзолигини тўхтатиб туриш бўйича овоз беришда Ўзбекистон позицияси бўйича изоҳ, Покистондаги сиёсий инқироз сабаблари, кластерини ўзгартиришга мажбурланаётган фермерлар иши бўйича тушунтириш — буларнинг барчаси эътибордан четда қолиб кетди.

МТРКнинг асосий канали бўлмиш «O‘zbekiston»нинг ҳафталик теледастурлари режаси таҳлил қилинса, телевидение эфирида ўзбекистонликларга дунёда нима рўй бераётганини тушунтирадиган, нима факт ва нима фейк эканлигини англашда бизга ёрдам берадиган, турли хил муҳим масалалар бўйича Ўзбекистон позициясини тушунтирадиган битта ҳам кўрсатув йўқлигининг гувоҳи бўлиш мумкин.

Бундай дастурларнинг ўрнини Россиянинг «Первый» каналидаги деярли узлуксиз «ахборот канали», «Россия 1» каналидаги сиёсий ток-шоулар ва Соловьев, «Звезда» каналидаги «очиқ эфирлар», ва албатта 24 соатлик «Россия 24» канали бажонидил эгаллаб олган. Ушбу каналларнинг аксарияти ОАВ тўғрисидаги қонунлар ва холисона журналистика тамойилларини бузганлиги учун Европа Иттифоқи мамлакатларида тақиқланган.

Менинг фикримча, BBC ўзбек хизматининг сўровини журналистларимиз сигнал сифатида қабул қилишлари керак. Бу — контент жиҳатидан ҳам, ахборотни етказиш жиҳатидан ҳам ниманидир ўзгартириш кераклиги ҳақидаги сигнал. Жамият қандайдир хорижий мамлакат категориялари асосида фикр юритмасдан, мустақил фикрга эга бўлиши учун сифатли ахборот ва сифатли таҳлил кераклиги ҳақидаги сигнал. Ва солиқ тўловчилар чўнтагидан тўланаётган ярим триллион сўмни юртдошларимиз ахоборот олиш учун биринчи навбатда уларга мурожаат қиладиган тарзда сарфлаш кераклиги ҳақидаги сигнал.

Касалхоналар ва жарроҳлик бўлимлари стерилланган бўлиши лозимдир, лекин суверен давлатнинг «асосий ахборот канали» мақомига даъво қилаётган каналда бунга ҳожат йўқ.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтайи назарини ифодаламаслиги мумкин.