Айни вақтда президент Шавкат Мирзиёев ҳузурида фармацевтика соҳасини ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказилмоқда, деб хабар қилди унинг матбуот котиби.

Таъкидланишича, Ўзбекистоннинг янги тараққиёт стратегиясида мамлакатда дори воситалари ишлаб чиқаришни 3 бараварга ошириш вазифаси қўйилган. Бу борада январда беш йиллик дастур ҳам қабул қилинди.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, «соҳада ишларнинг бугунги ҳолати билан бу марраларга эришиб бўлмайди».

Президент топшириғига кўра барча фармацевтика корхоналари билан учрашувлар ўтказилгани айтилди.

Улар томонидан 50 га яқин муаммолар, шу жумладан, қуйидагилар кўтарилди:

  • тиббиёт муассасалари томонидан давлат харидларида дори воситаларини «савдо номи» билан жойлаштириш, бир неча дориларни битта лотга қўйиш ҳолатлари мавжуд;
  • маҳаллий ишлаб чиқарувчилар амалиётда 15 фоизлик нарх преференциясидан фойдалана олмаяпти;
  • ташқи омиллар ҳисобига 150 турдаги аҳоли учун керакли дори воситаларида узилиш бўлиши хавфи мавжуд;
  • корхоналар билан маҳсулотини 3 йил давомида кафолатли сотиб олиш (офтейк) тизимини жорий қилиш бўйича амалий ишлар бошланмади;
  • ички бозорда қалбаки ва контрафакт дорилар сотилишига ҳалигача барҳам берилгани йўқ.

Мисол учун, 2021 йилда 24 турдаги қалбаки, 400 турдаги сифатсиз, 1,5 мингдан зиёд номдаги контрафакт ва 2,5 минг номдаги рўйхатдан ўтмаган дори ва тиббиёт буюмлари савдоси аниқланган. Бош прокуратурага бу борадаги назоратни кучайтириши зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

«Ҳудудларни дори воситалари билан таъминланганини таҳлил қилдим — бу мутлақо қониқарсиз. Шунинг учун ўзимизда ишлаб чиқарилган дори воситаларини кўпайтириш бўйича кескин чоралар кўришимиз шарт», — деди президент.

Қайд этилишича, мамлакатда йилига 1,6 миллиард долларлик 1,5 мингдан зиёд турдаги фармацевтика маҳсулотлари истеъмол қилинади. Шундан 647 турдаги дори ва тиббий буюмлар ўзимизда ишлаб чиқарилгани билан, ҳар йили қарийб 1,2 миллиард долларлик маҳсулотлар импорт қилинмоқда.

Қашқадарё, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро ва Фарғонада истеъмол қилинадиган дорининг атиги 2−5 фоизи маҳаллий ишлаб чиқарувчилар ҳиссасига тўғри келади.