Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро Н.Ю.нинг 2021 йил 14 февраль куни қиз жинсли чақалоқни дунёга келтирди. Унинг эртасига соат 09:15 да Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий перинатал маркази шифокорлари томонидан ушбу чақалоқ ўлганлиги қайд этилган ва соат 10.15 да патология бюроси ходимларига бериб юборган. Бу ҳақда Қорақалпоғистон прокуратураси матбуот хизмати хабар берди.

Патолого-анатомик чақалоқнинг кўкрак қафасида анотомик кесма кесган вақтида чақалоқда ҳаётий белгилар аниқланган. Бироқ, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилмасдан, Қорақалпоғистон перинатал маркази шифокорлари чақирилиб, чақалоқ қайтариб бериб юборилган.

Натижада, чақалоқ ўз вақтида зарур тиббий ёрдам кўрсатилмаганлиги оқибатида вафот этган.

Ушбу ҳолати юзасидан Нукус шаҳар прокуратураси томонидан 2021 йил 6 март куни Жиноят кодексининг 116-моддаси 3-қисми (Касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик эҳтиётсизлик орқасида одам ўлишига сабаб бўлса/ 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади) билан жиноят иши қўзғатилган.

Комиссиявий суд-тиббиёт экспертизасининг 2021 йил 26 октябрдаги хулосасида фуқаро Н.Ю.нинг чақалоғи ўлимига амалдаги стандартларга мувофиқ реанимацион ёрдам-ўпканинг сунъий вентиляцияси, сурфактант ва лозим даражада қаров ўтказилмаганлиги, патолого-анатомик тадқиқот мақсадида тирик чақалоқда ўтказилган анотомик кесма-жарохат сабаб бўлганлиги, стандартларга мувофиқ даво муолажалари ўтказилган такдирда чақалоқ ҳаётини сақлаб қолиш имкони булганлиги кўрсатиб ўтилган.

Юқоридаги холат юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий перинатал маркази чақалоқларнинг реанимация бўлими бошлиғи лавозимида ишлаган А.Д., марказ неонатолог шифокори бўлиб ишлаган С.Р. ва патология-анатомия бюроси патология-анатом шифокори К.Г.лар айбланувчи тариқасида жиноят ишига жалб қилинган.

2021 йилнинг декабрида жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари тамомланиб, айбланувчиларга эълон қилинган ва шу куни жиноят иши ҳужжатлари айбланувчиларга танишиб чиқиш учун тақдим этилган ва жиноят ишлар бўйича Нукус шаҳар судига мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган.

Ҳозирги вақтда жиноят ишлари бўйича Нукус шаҳар суди томонидан кўриб чиқилмоқда.