Президент Шавкат Мирзиёев 11 апрель куни транспорт ва коммунал соҳалардаги лойиҳалар тақдимоти билан танишди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Тақдимот давомида мамлакат аэропортларини 2035 йилга қадар ривожлантириш стратегиясини амалга ошириш муҳокама қилинди, дастурнинг биринчи босқичи 2022−2026 йилларга мўлжалланган.

Шу жумладан, давлат хусусий шериклик асосида Бухоро аэропортларида янги йўловчи терминаллари қуриш, шунингдек, ҳудудлараро лоукостер авиакомпанияси фаолиятини йўлга қўйиш лойиҳалари тақдимоти ўтказилди. Бунда хусусий ҳамкор тендер орқали аниқланади. Ҳозирги вақтда хусусий шерикни танлаш учун танлов ҳужжатлари ишлаб чиқилмоқда.


Жами инвестициялар ҳажми 136 млн долларга баҳоланмоқда, шундан:

  • 66,7 млн доллар — Ўзбекистон аеропортлари ва НБУ кредитлари ҳисобига қуриладиган хусусийлаштирилмайдиган мулкий мажмуа;
  • 69,3 млн доллар — хусусий инвестициялар ҳисобига қуриладиган мулк мажмуалари.

Лойиҳани 2022−2024 йилларда амалга ошириш режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Самарқандда очиқ китоб кўринишидаги замонавий аэропорт мажмуаси очилганди. У соатига 800 кишига хизмат кўрсатиш ва ҳафтасига 120 рейсларни қабул қилиш салоҳиятига эга. Бошқа аэропортлардан фарқли равишда, терминалга автомобилда келиш мумкин, бино эса тўсиқлар билан ўралмаган.

Лойиҳа Air Marakanda компанияси билан ДХШ асосида амалга оширилган.

2021 йилнинг апрель ойи охирида транспорт вазири Илҳом Маҳкамов Самарқанд аэропорти бошқарувини беришда нима сабабдан тендер ўтказилмаганини тушунтирар экан, ҳаво портини Air Marakanda бошқарувига ўтказиш бўйича музокаралар узоқ вақтдан бери олиб борилаётганини таъкидлаганди. «Ва яна тендерга қайтиш — бу яна вақт сарфи демакдир», — деди у.