Шавкат Мирзиёев Покистонга ташриф буюрди

Пайшанба куни Шавкат Мирзиёев Покистонга ташриф буюрди. У ерда Покистон бош вазири Имрон Хон билан савдо, инвестиция, саноат кооперацияси, транспорт, логистика, инфратузилма ва туризма соҳалари юзасидан фикр алмашилади. Қолаверса, учрашувда халқаро ва минтақавий маслалалар муҳокама қилиниши кутилмоқда.

Ўзбекистон ва Қозоғистон президентлари янги таҳдид ва хавфларни бартараф этиш юзасидан фикр алмашди

Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев телефон орқали мулоқот чоғида геосиёсий вазиятнинг ҳозирги кескинлашуви шароитида савдо-иқтисодий алоқалар ҳолатини атрофлича муҳокама қилди. Шунингдек, президентлар янги таҳдид ва хавфларни бартараф этиш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасида ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.

Спортни ривожлантириш вазирига уч нафар ўринбосар тайинланди

Президент қарори билан Абдулло Аслонов, Шахрилло Махмудов ва Мурад Исмаилов спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосарлари этиб тайинланди.

Жами 1859 нафар Ўзбекистон фуқароси Украинадан эвакуация қилинди — ТИВ

Умумий ҳисобда 1859 нафар Ўзбекистон фуқароси Польша орқали Украинадан эвакуация қилинди. Яна 1100 ўзбекистонлик Польша ҳудудида қолмоқда.

Молдовага ўтган ўзбекистонликлар кейинроқ қайтарилади — ТИВ

ТИВ расмий вакили Украинадан Молдовага ўтган 200га яқин ўзбекистонликларни ватанга қайтариш масаласи кейинроқ ишлаб чиқилишини маълум қилди. Ҳозирда Польша орқали эвакуация қилиш устувор эканлиги таъкидланди.

Ўзбекистон 2050 йилда табиий газ, кўмир ва нефтдан ёқилғи сифатида фойдаланишдан воз кечади — Энергетика вазирлиги

Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев Ўзбекистон 2050 йилга бориб табиий газ, кўмир, нефт маҳсулотларидан ёқилғи сифатида фойдаланишдан тўлиқ воз кечишини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, анъанавий энергетика манбаларидан тўлиқ воз кечилиб, қуёш ва шамол энергетикасига ўтилади. 2030 йилгача 5000 МВтли шамол ва 7000 МВтли қуёш электр станцияларини ишга тушириш режа қилинган.

Ҳафта охирида чанг тўзони кузатилиши мумкин

Ҳафта якунида Ўзбекистонга Туркманистондан илиқ ҳаво, сўнгра Кавказ ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда. 4−5 март кунлари шамол тезлиги 25−30 м/с гача кучайиши ва чанг тўзони кузатилиши мумкин. Якшанба куни эса ёмғир ёғади.

Чинозда фуқаро «молиявий пирамида» ташкил қилганликда гумонланиб ушланди

ДХХ Чиноз туманида «молиявий пирамида» ташкил қилганликда гумонлаб, бир нафар фуқарони ҳибсга олди. У жами 12 кишидан 94 минг АҚШ доллари, 394 млн сўмлик 4 та автомобиль ва 54 бош чорва молини олганлиги айтилмоқда. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

UzAuto Motors янгиланган Chevrolet Traverse ва Tahoe машиналарини сотишни бошлади

3 мартдан бошлаб Uzauto Motors Chevrolet Traverse ва Tahoe автомобилларининг янги моделларини харид қилиш бўйича аризаларни қабул қилишни бошлади. Traverse нархлари 469,2 млн сўмдан бошланса, Tahoe нархлари 597,6 млн сўмдан бошланади.

Фермерларга сув тежовчи технология жорий этган ҳар бир гектар ери учун субсидия берилади

Президент қарори билан қишлоқ хўжалигида томчилатиб суғориладиган экин майдонининг ҳар бир гектарига субсидия берилади. Бунда пахта майдонлари учун 8 млн сўм — Қорақалпоғистон ва Хоразмда 12 млн сўм, сабзавот ва полиз экинлари учун 1,5 млн сўмдан 2,5 млн сўмгача, мевали экинлар учун 6 млн сўм, узум майдонлари учун эса 8 млн сўмдан ажратилади. Бунинг учун республика бюджетидан жорий йилда 1 трлн 182,4 млрд сўм маблағ йўналтирилади.