3 март куни Шавкат Мирзиёев ва Қасим-Жомарт Тоқаев телефон орқали мулоқот қилди, дея хабар берди Ўзбекистон президентининг матбуот хизмати.

«Ўзбекистон-Қозоғистон дўстлик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, ўзаро манфаатли амалий ҳамкорликни кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди», — дейилади хабарда.

Мулоқот давомида икки мамлакат етакчи корхоналарининг, энг аввало, савдо, энергетика, машинасозлик, кимё, қурилиш, тармоқлари, транспорт ва логистика соҳаларида кооперация лойиҳаларини амалга оширишга алоҳида эътибор қаратилган.

«Шу муносабат билан олий даражадаги келишувларга мувофиқ қўшма иқтисодий лойиҳалар ва маданий-гуманитар дастурларни илгари суриш борасида ҳукуматлар даражасида мунтазам ва самарали мулоқотлар олиб борилаётгани ижобий баҳоланди», — дейилади хабарда.

Қозоғистон президенти матбуот хизматининг хабарида таъкидланишича, икки давлат раҳбарлари геосиёсий вазиятнинг ҳозирги кескинлашуви шароитида савдо-иқтисодий алоқалар ҳолатини атрофлича муҳокама қилди.

Бундан ташқари, Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувларни амалга ошириш муҳимлиги таъкидланган.

«Президентлар икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, янги таҳдид ва хавфларни бартараф этиш мақсадида икки мамлакат ҳукуматлари ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олдилар», — дейилади Аkorda.kz хабарида.