Президентнинг 1 мартдаги «Қишлоқ хўжалигида сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-144-сон] қарори қабул қилинди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжатга кўра, 2022 йилда 478 минг гектар майдонда сувни тежайдиган технологияларни жорий қилиш орқали сувдан фойдаланиш самарадорлиги оширилади.

Шунга кўра, 2022 йил якунигача республика бўйича камида:

  • 230 минг гектар, шу жумладан, 160 минг гектар пахта етиштириладиган майдонларда томчилатиб суғориш;
  • 28 минг гектар, шу жумладан, 25 минг гектар бошоқли дон етиштириладиган майдонларда ёмғирлатиб суғориш;
  • 2 минг гектар қишлоқ хўжалиги экин майдонларида дискретли суғориш тизимлари жорий қилинади;
  • 218 минг гектар экин майдонлари лазерли ускуна ёрдамида текисланади.

Қарорга мувофиқ, 2022 йилдан суғориш технологияларини жорий этиш бўйича харажатларнинг бир қисмини қоплаш учун, жумладан, томчилатиб суғориладиган экин майдонининг ҳар бир гектарига қуйидаги миқдорда субсидиялар берилади:

  • пахта майдонлари учун — 8 млн сўм (Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятидаги пахта майдонларида жорий этилган томчилатиб суғориш тизимлари учун 12 млн сўм);
  • сабзавот экинлари ва картошка экин майдонлари учун — 1,5 млн сўм;
  • полиз экинлари майдонлари учун — 1,3 млн сўм;
  • озуқабоп, мойли, дуккакли экинлар ва доривор ўсимликлар учун — 2,5 млн сўм;
  • мевали экинлар учун — 6 млн сўм;
  • узум майдонлари учун — 8 млн сўм.

Субсидия маблағлари, ҳисоб-китоб қилинган сумманинг:

  • 50 фоизи тизим жорий қилинган йили ажратилади;
  • 50 фоизи келгуси йили ҳосилдорлик ошиши ва ускуналарнинг ишлатилишига қараб ажратилади;
  • қўшимча 20 фоизи учинчи йилда жорий қилинган тизимни ишлатган ҳолда юқори ҳосилдорликни сақлаб қолган пахта, ғалла ва мева-сабзавот кластерларига тўлаб берилади.

Субсидия маблағлари жорий қилинган сувни тежайдиган суғориш тизимлари камида 5 йил ишлатилиши шарти билан ажратилади.

Сувни тежайдиган технологиялар жорий қилинган ер майдонлари камида 5 йил мобайнида мақбуллаштирилмайди, ер участкаси ёки унинг бир қисми давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилишига ердан фойдаланувчи розилиги асосида сарф этилган маблағларнинг ўрни тўлиқ қопланганидан сўнггина рухсат этилади.

2022 йилда сувни тежайдиган технологияларни жорий этишни қўллаб-қувватлаш учун республика бюджетидан 1 трлн 182,4 млрд сўм маблағ ажратилади.

Қарорга кўра, «Tomchi-reestr» пудрат корхоналарининг ягона электрон реестри ишлаб чиқилади.

2022 йил 10 мартгача сувни тежайдиган технологияларни жорий қилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчиларга субсидиялар бериш юзасидан тегишли материалларни тўплаш, кўриб чиқиш ҳамда ваколатли орган ва ташкилотлар билан келишишнинг «Agro-subsidiya» ягона ахборот тизими жорий қилинади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йил 23 февралда сув тежовчи технологиядан фойдаланган қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчиларига субсидиялар берилиши маълум қилинганди. Бироқ, беш йилгача бўлган муддатда технология ишлатилмаса, йиллар кесимида субсидиянинг 100 фоизидан 20 фоизгача миқдори қайтариб олинади. Технологиядан фойдаланмаслик ҳолати ҳақида видео тасвирларни юборган шахслар рағбатлантирилади.