ДХХ Тошкент вилоятининг Чиноз туманида «молиявий пирамида» ташкил қилганликда гумонланган фуқарони қўлга олди.

Таъкидланишича, 1979 йилда туғилган фуқаро «А.Н.» 2016 йилда ҳам мазкур турдаги жиноятни содир этганлиги учун судланган. У ўшанда бир неча ойдан сўнг кўпайтириб, қайтариш шарти билан фуқаролардан пул, автомашина ва бошқа қимматликларни қабул қилиш билан шуғулланганлиги учун 2017 йилда суд ҳукми билан озодликдан маҳрум этилган.

«Унга нисбатан амнистия акти қўлланилиб, 2021 йилнинг декабрь ойида озодликка чиқарилган бўлсада, хатоларидан тўғри хулоса қилмасдан, аксинча „эски ҳунарини“ давом эттирган», — дейилади хабарда.

Озодликда вақтида «А.Н.» ўзганинг ишончига кириб, унинг бошқарувида бўлган «Спарк» русумли автомашинани 6500 АҚШ долларига баҳолаб, қўшимча 2000 доллар беришини талаб қилганлиги айтилмоқда. У жами 8500 долларни 10 ой давомида ҳар ой 1700 доллардан (жами 17 000 доллар миқдорида) қайтариб беришини айтган.

ДХХнинг Тошкент вилояти бўйича бошқармаси, Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментининг ҳудудий бошқармаси ҳамда вилоят ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда у фуқаронинг «Спарк» автомашинасини ҳамда 2000 долларини олган вақтида ушланган, дейилади ДХХ хабарида.

Дастлабки суриштирув натижасида «А.Н.» ўтказилган тезкор тадбир давомида юқоридаги ҳолат билан бирга жами 12 нафар фуқародан 94 минг АҚШ доллари ҳамда 4 та автомобиль ва 54 бош чорва ҳайвонларини олганлиги аниқланган. Автомобиллар ва чорва ҳайвонларининг умумий баҳоси 394 млн сўмни ташкил қилади.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди (фирибгарлик такроран ёки хавфли рецидивист томонидан содир этилса) билан жиноят иши қўзғатилди.

«А.Н.»га нисбатан «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.