18 февраль куни қайта ташкил этилган Спортни ривожлантириш вазирлигида тайинловлар амалга оширилди, деб хабар берди ЎзА.

Президент қарори билан Абдулло Аслонов, Шахрилло Махмудов ва Мурад Исмаилов спортни ривожлантириш вазирининг ўринбосарлари лавозимига тайинланди.

Абдулло Аслонов ва Шахрилло Махмудов аввалроқ тугатилган Туризм ва спорт вазирлиги раҳбарига ўринбосар сифатида фаолият юритишган.

Шахрилло Махмудов 1970 йил 13 сентябрда Бухоро вилоятида туғилган. У 1992 йилда Бухоро давлат педагогика институтини «жисмоний тарбия ўқитувчиси» йўналишида тамомлаган. 2013 йилдан буён Ўзбекистон оғир атлетика федерацияси раисининг биринчи ўринбосари бўлиб ишлаган.

У 2002 йилда «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган спорт устози» фахрий унвони, 2016 йилда «Мехнат шуҳрати» ордени ҳамда 2021 йилда «| даражали Соғлом авлод учун» ордени билан мукофотланган.

Абдулло Аслонов 1984 йил 8 июль куни Самарқанд вилоятида туғилган. 2014 йилда Самарқанд давлат чет тиллар институти магистратурасини тамомлаган.

Шунингдек, Регент Лондон (Англия), Кингс Институте (Англия), Марлбороугҳ Cоллеге оф Бусиннес анд Течнологй (Англия) талабаси бўлган. Кўп йиллар А.Аслонов «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракати тизимида фаолият юритган. 2020 йилдан Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитасининг аъзоси ҳисобланади.

Мурад Исмаилов. Фото: Ҳисоб палатаси матбуот хизмати.

Ҳисоб палатасининг «Газета.uz»га аниқлик киритишича, Мурад Исмаилов ҳозирга қадар Ўзбекистон Ҳисоб палатаси Ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларини аудит қилиш шўьбаси мудири лавозимида ишлаб келган.

У 1982 йилда Тошкент вилояти Бўстонлиқ туманида туғилган. 2005 йилда Тошкент молия институтини тамомлаган. 2014−2017 йилларда — Ўзбекистон Маданият ва спорт ишлари вазирлиги Иқтисодий таҳлил ва молия бошқармаси бошлиғи сифатида фаолият юритган.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 18 февралида Туризм ва спорт вазирлиги иккига бўлиниб, Туризм ва маданий мерос ҳамда Спортни ривожлантириш вазирликлари ташкил этилганди. Савдо-саноат палатаси раиси Адҳам Икрамов спортни ривожлантириш вазири лавозимига тайинланди.

Аввалроқ, «Газета.uz» спорт соҳасида давлат сиёсатини юритувчи орган олтинчи марта қайта ташкил этилгани ҳақида ёзганди.