Шавкат Мирзиёев Самарқандга жўнаб кетди

Президент Шавкат Мирзиёев ҳудудлар ривожи билан яқиндан танишиш мақсадида Самарқанд вилоятига жўнаб кетди. Ташриф доирасида янги иншоотлар қурилиши билан танишиш режалаштирилган.

Фото: Самарқанд халқаро аэропорти мартда фойдаланишга топширилади

Шавкат Мирзиёев Самарқандга ташрифини халқаро аэропортдан бошлади. 83 млн долларлик лойиҳа қарийб якунига етиб қолган, ҳозирда янги терминал тўлиқ тикланиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Соатига 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга янги терминал мартда фойдаланишга топширилади.

Тошкентда ҳаракатланиш тезлиги 60 км/соатгача пасайтирилади — президент

Президент Тошкентда автомобиль ҳаракати тезлиги 60 км/соатгача пасайтирилиши кутилаётганини маълум қилди.

Сентябрдан 1−2-синфларга «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» фанидан уйга вазифа берилмайди

2022−2023-ўқув йилидан 1−2-синф ўқувчилари учун «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» фанидан уйга вазифа бериш ва баҳолаш бекор қилинади. Қолаверса, ушбу дарсликдан йиллик баҳони чораклик баҳолар асосида қўйиш амалиёти тугатилади. Шунингдек, бошланғич синф ўқувчиларига тез ўқиш талаби қўйилмайди. Республика таълим маркази ахборот хизмати раҳбари Моҳира Нуруллаева янги тартиблар бўйича тушунтириш берди.

Президент Самарқандда туман ҳокимлари, МБ бошқармаси раҳбари ва бир нечта амалдорни ишдан бўшатди

Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд тумани ҳокими ва ИИБ бошлиғи, Нуробод тумани ҳокими, Оқдарё тумани прокурори ва ИИБ бошлиғи, Марказий банк Самарқанд вилояти Бош бошқармаси раҳбари ва вилоят электр тармоқлари корхонаси раҳбари ва бошқа амалдорларни ишдан бўшатди. Уларнинг баъзиларига нисбатан коррупция ҳолатлари бўйича жиноий иш очилиши мумкин.

Фото: Президент Имом Бухорий ва Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди

Самарқандга ташрифи чоғида Шавкат Мирзиёев анъанага кўра, Имом Бухорий ва Ислом Каримов қабрини зиёрат қилди. Унга муфтий Нуриддин Холиқназаров ҳамда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ҳамроҳлик қилди. Қолаверса, давлат раҳбари Имом Бухорий мажмуаси қурилиши билан ҳам танишди. Бу ерда қарийб 10 минг кишилик масжид, 4та минора, айвонлар, еростида галереяси барпо этилмоқда.

Самарқанддаги кўзи ожизлар интернатининг тўрт ўқувчиси ОТМларга имтиҳонсиз қабул қилинади — президент

Шавкат Мирзиёев Самарқанддаги 59-сон кўзи ожизлар мактаб-интернатининг тўрт ўқувчиси ОТМларга имтиҳонсиз қабул қилинишини таъкидлади. Ўқитувчилар ногиронлиги бўлган шахсларнинг пенсиясини қайта ҳисоблаш муддатини ёшартириш ҳамда 2009 йилдан буён янгиланмаётган брайл ёзувидаги айрим ўқув дарсликларини қайта ишлаш зарурлигини айтди. Президент эса ушбу масалалар ҳал этилишини маълум қилди.

«Тошкентга трамвайни қайтармоқчимиз» — Шавкат Мирзиёев

Президент Шавкат Мирзиёев Тошкентга трамвай қайтарилишини маълум қилди. Давлат раҳбари трамвай бўйича фуқаролардан кўплаб хатлар ва мурожаатлар келаётганлигини таъкидлаган.

Беҳзод Мусаевга пандемия учун ажратилган маблағлар сарфланиши юзасидан парламент сўрови юборилди

2021 йилда коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш учун давлат бюджетидан жами 4,2 трлн сўм маблағ ажратилган. ССВ 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги маблағлар нимага сарфланганини очиқламаган. Вазирлар Маҳкамаси ва Молия вазирлиги ҳисоботларида ҳам бу маълумотлар ўз аксини топмаган. Шундан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевга парламент сўрови юборди.

Россия қишлоқ хўжалиги ишларига Ўзбекистондан 1100дан ортиқ мигрантни жалб этади

Россия ҳукуматининг мигрантларни ишга жалб қилиш бўйича пилот лойиҳасига кўра, мамлакатдаги қишлоқ хўжалиги ишларига 1108 нафар ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари жалб қилинади.

Тошкентдаги эски шаҳарда 2 та арт-резиденция яратилади

Тошкентдаги эски шаҳарда жойланган «Маткаримбой» мадрасаси ва «Ҳаст Имом» маҳалласидаги собиқ болалар боғчаси биносида арт-резиденциялар ташкил этилади. Лойиҳани Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси Алишер Усмонов номидаги жамғарма кўмагида амалга оширмоқда.

Боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиш ёши 23 ёшгача узайтирилди

Қонунчиликка киритилган ўзгартишларга кўра, энди ўқувчилар ва талабалар ўқиши давомида 23 ёшгача боқувчисини йўқотганлик нафақасини олиши мумкин (илгари 18 ёшгача бўлган). Қолаверса, болани парваришлаш таътилининг иш стажига қўшиладиган даври 6 йил этиб белгиланди (илгари 3 йил эди).

Январь ойида сўм курси 0,8 фоизга мустаҳкамланди

Январь ойида сўмнинг реал самарали алмашув курси индекси 2021 йил декабрь ойига нисбатан 0,8 фоизга мустаҳкамланди. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 5,4 фоизга, 2018 йилнинг июнига нисбатан 6,3 фоизга ўсган. Сўм курсининг ўсишига савдо-ҳамкор давлатлар валюта курсларининг қадрсизланиши сабаб бўлган.

Чиноз ҳокимининг биринчи ўринбосари $40 минг пора билан ушлангани айтилмоқда

Чиноз тумани ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари қўшни туманда жойлашган фермерга қарашли суғориладиган 35 гектар ерни ҳокимликда ишлайдиган танишлари орқали 90 минг доллар эвазига расмийлаштириб бермоқчи бўлганлиги айтилмоқда. Шундан 40 минг долларни олган вақтида ушланган. Унга нисбатан ЖКнинг 229−6-моддаси билан иш қўзғатилди.

40 га яқин дарахт кесилгани учун Қарши давлат университетининг 6 нафар ходимига нисбатан иш очилди

Қарши давлат университетида 38 туп дарахт ноқонуний кесилганини ортидан муассасанинг 6 нафар ходимига нисбатан дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш моддаси билан маъмурий иш қўзғатилди. Улар табиатга 285 млн сўм миқдорида зарар етказгани айтилмоқда.

Қашқадарёда туман марказий поликлиникаси бош шифокори пора билан ушлангани айтилмоқда

Қашқадарёда туман марказий поликлиникаси бош шифокори тиббиёт бирлашмасига қарашли автотураргоҳ ҳудудидан 20 сотих ер ажратиш эвазига 2000 доллар сўраганликда гумон қилинмоқда. У шундан 500 доллар ва 10 млн сўмни ўз хизмат хонасида олаётганда ушланган. Унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

11−12 февраль кунлари айрим ҳудудларда чанг-тўзон кузатилади — Ўзгидромет

Ўзгидромет 11−12 февраль кунлари Ўзбекистоннинг аксарият ҳудудларида шамол секундига 17−22 метргача кучайиб, айрим жойларда чанг-тўзон кузатилишини маълум қилди.

Академик Эдвард Ртвеладзе оламдан ўтди

Aкадемик, археолог-олим, тарих фанлари доктори, профессор Эдвард Ртвеладзе 80 ёшида оламдан ўтди. Ртвеладзе Марказий Осиё минтақаси тарихи ва маданиятининг улкан қатламларини ўрганган, Окс Александрияси шаҳрини топган.

«Газета.uz» да эълон қилинган мақолалар:

Ҳамма SCOPUS`да мақола чиқарсин!

Бир неча йиллардан буён илмий-тадқиқот институтлари олимлари, университет ўқитувчилари ҳамда докторантлардан Scopus ва Web of Sciences халқаро маълумотлар базаларида индексланган журналларда мақолалар чоп этиш талаб қилинмоқда. Уларсиз докторантлар аттестациядан ўтмайди, ўқитувчилар эса ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинади. Нима учун бу талаблар асосли эмас ва бу маҳаллий илм-фан ривожига қандай салбий таъсир кўрсатади — «Газета.uz» колумнисти, файласуф ва антрополог, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети доценти Валерий Хан бу ҳақда фикр юритади.

Тошкентда кўп қаватли уйлар қурилиши қандай ўзгарди?

Тошкентда кўп қаватли уйларнинг аксарияти — 632 таси 1966 йил — кучли зилзила содир бўлган йилда қурилган. Уйларнинг аксарияти икки қаватли, кўпи ёғочдан қурилган. Кейинги чўққи 2019 йилга тўғри келди — шаҳарда 463 та уй пайдо бўлди, улар асосан етти қаватли бўлиб, ғиштдан қурилган. Ҳокимликнинг Рақамли ривожланиш департаменти шаҳардаги 100 йиллик қурилишларга оид маълумотларни тақдим этди.