Президент Шавкат Мирзиёев 10 февраль куни Самарқанд шаҳрига етиб борди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

Давлат раҳбари биринчи бўлиб, Самарқанд халқаро аэропортида яратилаётган шароитларни кўздан кечирди.


«Маълумки, бу „ҳаво дарвозаси“ қарийб 83 миллион долларлик лойиҳа эвазига янгидан қурилмоқда. Ўтган йили учиш-қўниш йўлаги қайта қурилган эди. Бугунги кунда янги терминал тўлиқ тикланиб, пардозлаш ишлари олиб борилмоқда. Йўл, автотураргоҳ ва ёритиш устунлари барпо этилмоқда», — дейилади хабарда.

Мирзо Улуғбекнинг буюк мероси Самарқанднинг тимсолига айланган. Шу боис янги аэропорт биноси алломанинг «Зижи жадиди Кўрагоний» китоби шаклида барпо этилган.


Аэропортда «очиқ осмон» режими қўлланилади, карго хизмати ҳам йўлга қўйилади. Янги терминал келгуси ойда фойдаланишга топширилади.

Терминалнинг эни 175, баландлиги 25 метр. Бир соатда 800 нафар йўловчига хизмат кўрсатиш қувватига эга бўлади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг 15 апрелида «Газета.uz» Самарқанд халқаро аэропорти реконструкциядан сўнг йилига 1,5 млн йўловчига хизмат кўрсатиши кутилаётгани ҳақида ёзгандик. «Air Marakanda» компаниясига ДХШ асосида 20 йилга аэропортни бошқариш ҳуқуқи берилади. Компания аэропорт инфратузилмасини ривожлантиришга 80 млн доллар инвестиция киритади.