Фан ёки сохта фан?

Мисли кўрилмаган ахборотлар даврида яшаяпмиз. Ахборот миқдори, баъзи ҳисоб-китобларга кўра ҳар 10 йилда, бошқаларга кўра ҳар 5−7 йилда икки бараварга ортиб бормоқда. Илмий журналлар сони шунчалик кўпаймоқдаки, ҳатто уларни санаш ҳам маълум бир методологияни талаб қилади ва мураккаб илмий муаммога айланмоқда.

Ҳозирги вақтда ўн минглаб илмий журналлар мавжуд (интернетда 100 минг рақамни учратишингиз мумкин). 2018 йилда дунё бўйича 1,6 млндан зиёд илмий мақола Web of Science илмий маълумотлар базасида эълон қилинди. Ушбу кўрсаткич фан тарихидаги рекорд натижа бўлди. Ва бу тенденция давом этмоқда.

Ушбу базага киритилмаган қанча мақолалар эълон қилинди? Миллионлаб. Олимлар ўзларининг тор мутахассисликларига оид маълумотларни ҳам кузатишга вақти етмаяпти. Тадқиқотчилар маълумотлар билан кўмилиб қолмоқда.

Бундан ташқари, сохта олимлар сони ҳам ортди. Россия Фанлар академияси президенти Владимир Фортовнинг сўзларига кўра, бугунги кунда дунёда олимлар сони тахминан 6−7 млн нафарни ташкил этса, сохта олимлар сони ҳам худди шунча. Бу сохта олимларнинг ҳар бири ўз мақолаларини ёзиб, интернетга жойлаштиради, китоблар ва рисолалар чоп этади (пул бўлса бўлди).

«Булар беозор нарсалар эмас, — деган Фортов бу маҳсулотлар ҳақида, — улар халқни эси паст қилади». Nature журналидаги мақолада таъкидланишича, ҳатто нуфузли илмий журналлар ҳам сохта тақризларга асосланган сохта мақолаларни ўтказиб юборишади.

Science илмий журнали ходими Жон Боаннон турли журналларда рецензиялаш сифатини текшириш мақсадида лишайниклар ҳақида ташқаридан қараганда жиддий, аммо таги пуч бўлган ёлғон мақола ёзди ва турли илмий журналларга юборди.

Якунда 304 та журналдан 157 таси (50 фоиздан ортиғи) мақолани эълон қилиш учун қабул қилишга розилик билдирди, улардан 80 га яқини ҳеч қандай текширув ўтказмади, фақат 98 таси (40 фоиз) рад этди. Текширилган нашрларнинг тахминан учдан бир қисми Ҳиндистонда рўйхатга олинган, улардан 64 таси сохта мақолани қабул қилган ва фақат 15 таси эълон қилишга рад жавобини берган.

Шунинингдек, махсус дастур — илмий матнлар генератори ёрдамида тайёрланган мақолалар пайдо бўлди. Француз олими Сирил Лаббе 2010 йилда SCIgen дастури ёрдамида 102 та сохта мақолани генерация қилди ва уларни ўйлаб топилган Айка Анткаре номидан чоп этди. Мақолалар Google Scholar базасига тушди, h-index иқтибос олиш индекси эса Анткаре учун 94 балгача ўсиб, виртуал қаҳрамонни ўша вақтда дунёда иқтибос олинадиган олимлар рўйхатида 21-ўринга олиб чиқди.

Буғдойни сомондан қандай ажратиш мумкин?

Бундай шароитда чинакам илмий, инновацион ва долзарб маълумотларни ажратиб олиш заруратга айланди. Лекин буни қандай қилиш мумкин? Аввало, билимнинг турли соҳаларига оид энг сифатли илмий журналлар, китоблар ва бошқа шакллардаги илмий нашрларнинг маълумотлар базаларини яратиш керак эди. Ва бундай базалар яратила бошланди.

Улардан энг каттаси — Scopus библиографик ва рефератив маълумотлар базаси бўлиб, Elsiever матбаа корпорацияси томонидан яратилган ва рецензия қилинадиган илмий адабиётлардан иқтибос олинишини кузатиб боради. Ҳозирги вақтда Scopus маълумотлар базаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • 23,7 мингдан зиёд нашр (шу жумладан, 4 мингдан ортиқ очиқ журналлар), шунингдек, 280 та ихтисослаштирилган нашрлар;
  • 166 мингдан ортиқ китоб (ҳар йили яна 20 минг китоб қўшилади) ва 560 китоб серияси;
  • 8,3 млн конференция ҳисоботи;
  • 71 млн ёзув;
  • 39 млн патент ёзувлари.

Мақолалаларнинг ўзаро иқтибосларини ҳисобга оладиган яна бир рефератив ва қидирув платформаси — Web of Science (WoS). У Thomson Reuters томонидан ишлаб чиқилган ва 2016 йилгача унга тегишли бўлган, ҳозирда эса Clarivate Analytics корпорацияси платформага эгалик қилади. WoS платформасида турли ихтисослашган базалар (Core Соllection, Data Citation Index ва бошқалар) маълумотлари тўпланган бўлиб, 33 минг журнал, 5 минг сайт, 7,4 млн конференциялар материалларидан иборат 100 млндан ортиқ ёзувлар, 250 дан зиёд фанлар бўйича 1 млрддан кўпроқ ҳаволаларни ўз ичига олади.

Бироқ улар 2 та илмий-ахборот ва рефератив платформа (энг кучлилари бўлса-да), холос, дунёда бошқа ўнлаб, жумладан ихтисослаштирилган библиографик маълумотлар базалари ва илмий-ахборот маҳсулотлари мавжуд.

Дарахтлар ортида ўрмон кўринмайди

Охирги пайтларда Ўзбекистон, шунингдек, МДҲнинг бошқа давлатларидаги илмий муассасалар докторантлари, университет профессорлари ва тадқиқотчилардан айнан SCOPUS ва WoS (кўпинча SCOPUS) да реферланадиган журналларда мақола чоп этиш талаб қилинмоқда.

Нима учун фақат уларда? Илмий ҳамжамият орасида юқори обрўга эга бўлган бошқа жуда нуфузли маълумотлар базалари ҳам мавжуд бўлиб, илм-фан мутасаддиларимиз негадир уларни тилга олмайдилар.

EBSCO (илмий манбалар ва маълумотлар базалари EBSCO Publishing, EBSCO Host, EBSCO Information Services, EBSCO Knowledge Services, EBSCO Ultimate, EBSCO Search Ultimates, EBSCO Search Complete, EBSCO Source Complete, EBSCO eBook Academic Collection ва бошқалар).

EBSCO 21 мамлакатда 32 та филиалга эга. EBSCO маълумотлар базалари АҚШ академик ва жамоат кутубхоналари ўртасида ўтказилган сўровда энг яхши ўринни эгаллади (Library Journal маълумотларига кўра).

EBSCO Academic Search Complete илмий мақолаларнинг энг тўлиқ кўп фанли маълумотлар базаси бўлиб, 8500 дан ортиқ журналларнинг, қарийб 7,3 мингтаси рецензия қилинган, тўлиқ матнларини ўз ичига олади. Унда 12,5 мингдан ортиқ журналнинг кўрсаткич ва рефератлари, шунингдек, 13,2 мингдан ортиқ нашрлар, жумладан, монографиялар, маърузалар, конференция материаллари ва бошқа маълумотлар мавжуд. Маълумотлар базасида 1887 йилдан ҳозирги кунгача бўлган даврдаги PDF-материаллар мавжуд. 1,4 мингдан ортиқ журналлар учун иқтибос келтириладиган манбаларни қидириш таъминланган.

EBSCO Publishing`нинг INSPEC`ига электроника, машинасозлик, физика ва бошқа аниқ фанлар бўйича 2,5 мингдан зиёд анжумаларнинг 17 млндан зиёд мақола ва маълумотлари эълон қилинган.

EBSCO eBook Academic Collection`га Oxford University Press, Cambridge University Press, University of California Press, Harvard University Press ва бошқа етакчи нашриётларнинг 120 мингдан зиёд электрон китоблари жойлаштирилган.

ProQuest — кутубхоналар учун иловалар ва маҳсулотларни тақдим этувчи глобал ахборот ва технология компанияси. Унинг ресурслари ва воситалари тадқиқот ва ўқитиш, нашр этиш ва тарқатиш, шунингдек, кутубхона фондларини сотиб олиш, бошқариш ва очишни қўллаб-қувватлайди. Диссертация ва тезислар, электрон китоблар, газеталар, даврий нашрлар, тарихий тўпламлар, давлат ва маданий архивлар ва бошқа жамланган маълумотлар базаларини ўз ичига олган контентнинг умумий ҳажми 125 млрддан ортиқ рақамли саҳифани ташкил этади.

Science Direct жаҳон илмий нашрларининг 25 фоизини ўз ичига олади. Базада Elsevier нашриёти коллекциясига киритилган 2500 дан ортиқ журнал ва 1100 дан ортиқ китоблар, шунингдек, бошқа илмий ташкилотлар томонидан нашр этилган кўплаб журналлар индексланади.

Шунингдек, тематик тамойил бўйича яратилган ихтисослашган маълумотлар базалари ҳам мавжуд:

NASA/ADS — астрономия ва физика бўйича 15 млндан зиёд ҳужжатлардан иборат маълумотлар базаси.

AGRIS (International System for Agricultural Science and Technology) қишлоқ хўжалиги ва унга яқин фанлар бўйича 7,5 млндан ортиқ библиографик маълумотларга эга халқаро библиографик маълумотлар базаси.

EconLit — иқтисодиётга оид 1,6 млндан ортиқ ҳужжатлар ва 500 га яқин журналлардаги мақолаларни ўз ичига олган библиографик рефератив маълумотлар базаси.

GeoRef — геология фанлари учун экспертлар томонидан рецензия қилинган библиографик маълумотлар базаси. Бу геология фанлари соҳасидаги энг тўлиқ маълумотлар базаси (мақолалар, китоблар, хариталар, конференция маърузалари, маъруза ва илмий мақолаларнинг тезисларига 3,8 млн ҳавола) ва йилига 100 мингдан ортиқ ҳаволага ошиб бормоқда.

MLA International Bibliography (Directory of Periodicals via EBSCO, Gale Cengage, ProQuest билан биргаликда) — 2,3 млндан ортиқ библиографик маълумотлар, 74 мингдан зиёд онлайн диссертациялар, 6 минг журнал ва китобларга ҳаволалар, 789 та индексланган маълумотларга кириш маълумотларини ўз ичига олади. 50 дан ортиқ мамлакатларда нашр этилган тўлиқ матнли журналлар, филология ва педагогика, театршунослик ва матбаа тарихи бўйича ХХ аср бошидан кейинги илмий ёзувларга 5,7 млн библиографик ҳаволалар.

PubMed — 3,8 мингга яқин нашрлар ва 32 млндан ортиқ иқтибосларни ўз ичига олган тиббий ва биологик нашрларнинг маълумотлар базаси. PubMed маълумотлар базаси ҳар йили 500 мингта ҳужжатга кўпаяди.

Sociological Abstracts (ProQuest базасида) — иқтисодиёт ва социологияга оид 1850 дан ортиқ журналларнинг библиографик маълумотлар базаси.

APA PsycInfo — психология бўйича библиографик маълумотлар базаси бўлиб, 3,5 минг журналнинг 5 млндан ортиқ ёзувларини ўз ичига олади.

Бундан ташқари, минтақавий-лингвистик принцип бўйича маълумотлар базалари ҳам мавжуд:

Сairn Info — ижтимоий ва гуманитар фанлар бўйича француз тилидаги адабиётларнинг рефератив маълумотлар базаси. Франция, Бельгия ва Швейцариядан 500 дан ортиқ журналлар ва 10 минг электрон китоблар мавжуд.

РИНЦ — илмий иқтибосларнинг библиографик маълумотлар базаси бўлиб, унда россиялик муаллифларнинг 12 млндан ортиқ мақолалари, шунингдек, ушбу мақолаларда 6 мингдан ортиқ рус журналлари ва 1,5 млн жилддан ортиқ илмий китоб нашрларидан иқтибос олингани ҳақидаги маълумотлар тўпланган.

RSCI (Russian Science Citation Index) — Clarivate Analytics ва eLIBRARY.RU илмий электрон кутубхонасининг қўшма лойиҳаси — Web of Science платформасидаги 1000 та энг яхши рус журналлари.

Chinese Science Citation Database — Clarivate Analytics ва Хитой Фанлар академиясининг қўшма лойиҳаси бўлиб, Web of Science платформасидаги 1200 та журнал ва 5,2 млн ёзувни ўз ичига олади.

Ва шу каби ўнлаб маълумотлар базалари мавжуд бўлиб, уларнинг аксарияти халқаро илмий ҳамжамият томонидан тан олинган ва муносиб обрўга эга, фақатгина Scopus ва Web of Sciences ҳақида гапирадиган Марказий Осиё мамлакатлари бундан мустасно.

Икки йил муқаддам Ўзбекистон Олий аттестация комиссияси томонидан мақолалари диссертациялар учун ҳисобга олинадиган журналларни ўз ичига олган 43 номдаги маълумотлар базалари рўйхатини эълон қилган эди. Унда Scopus, Web of Sciences, Agris, Springer, GeoRef, PubMed ва бошқалар киритилган. Бироқ бу рўйхат ҳозирда ОАК сайтида мавжуд эмас.

Амалиётда эса олимлар, ўқитувчилар ва докторантлардан ҳалигача Scopus ва Web of Sciences, биринчи навбатда Scopus талаб қилинмоқда.

Назаримда, рўйхат устида олиб борилаётган ишлар расмиятчиликлар билан эмас, амалда қайта тикланиши керак. Ушбу рўйхатга ҳар бир маълумотлар базаси асосланган ҳолда киритилиши лозим. Бундан ташқари, Россия Илмий иқтибос олиш индексига (РИНЦ) ўхшаш ўзимизнинг миллий маълумотлар базамиз ҳам яратилиши зарур.

Қолаверса, маълумотлар базасининг бошқаларидан фарқи бўлгани сабабли рўйхатни тузишга жиддий ёндашиш керак ва шу ерда Ўзбекистон МДҲ давлатларининг реферланадиган маълумотлар базасини яратиш ташаббуси билан чиқиши мумкин.

Якунда диссертациялар ва аттестациялар учун мақолаларни ҳисобга олишга мўлжалланган журналлар базаси кенгайиб, янада хилма-хил бўлади ҳамда фақат Scopus журналларига таяниб қолинмайди, устига-устак охирги вақтларда Scopus ниқоби остида унга алоқаси бўлмаган журналлар пайдо бўлиб, унда ўзбекистонлик олимлар ҳам оммавий равишда мақолаларини эълон қилган ҳолда миллий илм-фаннинг илмий обрўсини дунё рейтингининг энг қуйи поғоналарига тушириб юбормоқдалар.

Оммабоп журналлардаги мақолалар илм-фандаги прогрессни англатмайди

Илмий журналда мақола чоп этишдан мақсад нима? Энг аввало, улар илмий жамоатчиликнинг мулкига айлансин, фаннинг у ёки бу соҳаси ривожига хизмат қилсин. Шу муносабат билан у ёки бу журналдаги мақолаларнинг роли ва аҳамияти бир томонлама бўлмайди.

Ижтимоий ва гуманитар фанлар бўйича француз адабиёти маълумотлар базаси ҳисобланган Cairn Info`ни олайлик. Француз тили давлат, расмий ёки фан ва таълимда де-факто доминант тил ҳисобланган Франция, Бельгия, Швейцария, Люксембург, Канада Квебеки, Африка ва Кариб денгизининг бир қатор мамлакатлари, Полинезия (жами 30 дан ортиқ давлат) олимлари учун Cairn Info журналларида мақола эълон қилиш бошқа маълумотлар базаларига қараганда долзарброқ туради.

Шунга ўхшаб, Хитойда «Ўзгаришлар китоби» ёки Японияда хокку шеърияти ҳақидаги мақоланинг миллий рецензия қилинадиган журналда эълон қилиниши инглиз тилидаги журналга қараганда обрўси баландроқ. Худди шу тарзда, қадимги рус қўлёзмалари бўйича ғарб мутахассислари ёки Пушкиншунос олимлар ўзларининг рус журналларида нашр этишади.

Scopus ва Web of Sciences журналларидаги мақолаларнинг мақоми ушбу мақолаларни ўқийдиган мутахассислардан кўра мақола муаллифлари ишлаётган университетлар ва уларнинг ташқи рейтинглари учун муҳимроқдир. Мутахассислар учун асосийси мақоланинг қайси журналда чоп этилгани эмас, балки унинг матни ва унинг оригиналлигида.

Буни ўзимга жуда таниш бўлган илмий йўналиш мисолида тушунтираман. Кореяшуносликда кореяшунослик диаспорологияси илмий йўналиши мавжуд. Унинг ичида эса Евроосиё корейслари — Чор Россияси/СССР/МДҲ корейсларининг тарихи ва маданиятини ўрганиш билан боғлиқ бўлган кичик йўналиш мавжуд.

Мазкур диаспорага ихтисослашган журналлар (Қозоғистондаги иккита журнал) Scopus и Web of Sciences ва ёки бошқа ҳар қандай маълумотлар базаларига киритилмаган. Бундан ташқари, бир қатор параметрларда улар стандарт яхши журнал даражасига ҳам чиқа олмайди; хусусан, диаспорологияда кореяшунослик соҳасидаги деярли ҳар қандай мақола рецензиясиз ҳам қабул қилинади.

Бироқ ушбу соҳадаги барча мутахассислар (Канада, Корея, Европа ва МДҲ мамлакатлари, АҚШ, Япониядан) бу журналларни ўқийдилар ва уларга мурожаат қиладилар, чунки ушбу журналлар Евросиё корейсларини ўрганиш учун энг мукаммал манба ҳисобланади. Ва шу маънода, бу журналлар корейс мавзулари билан боғлиқ барча Scopus ва Web of Sciences журналларидан кўра кўпроқ кореяшунослик диаспорологиясини ривожлантиради.

Ёки бошқа мисол. Марказий Осиё тарихи ва маданиятини ўрганиш биз учун устувор вазифадир. Хўш, минтақамизни ўрганишга бағишланган қандай журналлар бор? Central Asian Survey (Буюк Британия), International Journal of Central Asian Studies (Жанубий Корея), Journal of Central Asian Studies (Ҳиндистон), Voices on Central Asia (АҚШ), Central Asian Affaires (АҚШ), Central Asian Analytical Network (АҚШ), Central Asia and Caucasus (Швеция), Central Asiatic Journal (Германия), Central Asia’s Affaires (Қозоғистон), Journal of Central Asian and Eurasian Studies (Россия) ва бошқа айримлари.

Уларнинг ҳаммаси ҳам Scopus ва Web of Sciences рўйхатида борми? Албатта йўқ. Ушбу журналлар орасида энг оммабопларидан бўлган Central Asian Survey (Буюк Британия) Scopus рўйхатидан 2021 йилдагина жой олди. Central Asia and Caucasus (Швеция) ва Central Asiatic Journal (Германия) журналлари Scopus, Journal of Central Asian Studies (Ҳиндистон) — EBSCO, International Journal of Central Asian Studies (Жанубий Корея) — BLA International Bibliography, Journal of Central Asian and Eurasian Studies (Россия) — eLIBRARY.RU, Central Asia’s Affaires (Қозоғистон) — Россиянинг Science Index илмий иқтибос олиш индексида индексация қилинган. Американинг Voices on Central Asia ва Central Asian Analytical Network журнал-платформалари бирорта ҳам базада мавжуд эмас, бироқ етакчи мутахассислар уларда мақолаларини эълон қиладилар.

Ушбу журналларнинг барчаси қайси базада индексация қилинганидан қатъи назар, биз учун муҳим ва улардаги барча мақолалар аҳамиятга эга.

Журналлар — яхши, китоблар — ёмонми?

Мақолаларни Scopus ва Web of Sciences журналларида чоп этиш талабига алоҳида муносабат билдиришни истар эдим. Хўш, нима учун айнан журналлар? Монографиялар, брошюралар, мақолалар тўпламлари, конференция ҳисоботлари-чи? Ахир улар нафақат Scopus ва Web of Sciences, балки бошқа халқаро маълумотлар базаларида ҳам эълон қилинади. Жумладан, SCOPUS маълумотлар базасида журналлардан ташқари, 166 мингдан зиёд китоб (ҳар йили 20 мингтадан қўшилиб боради) ва 560 китоб сериялари ҳамда 8,3 млн конференция ҳисоботлари жой олган.

EBSCO eBook Academic Collection маълумотлар базасига эса Oxford University Press, Cambridge University Press, University of California Press, Harvard University Press ва бошқа етакчи нашриётларнинг электрон китоблари жойлаштирилган. Россия, Ўзбекистон, Қозоғистон, Корея, Япония, Хитой ва бошқа давлатлар миллий нашриётларида чоп этилган монографиялар-чи?

Буларнинг барчаси тўғри келмайдими? Бундай тор ёндашув туфайли гуманитар фанлар олимининг мақолалар чоп этишдаги фаоллигининг энг муҳим таркибий қисми эътиборсиз қолдирилмоқда.

Россия Фанлар академиясининг Тарих-филология фанлари бўлими академик-котиби, Этнология ва антропология институти илмий директори Валерий Тишков шундай ёзади: «2021йилдан бошлаб Таълим ва фан вазирлиги ҳисобот маълумотларини ҳисобга олишнинг китоб нашрларини ҳам ҳисобга олиш мумкин бўлган янги тизимини ишга туширди. <...> Тарихчилар, филологлар, социологлар, файласуфлар, сиёсатшунослар ва улар кабилар учун айнан илмий китоблар уларнинг меҳнатини юзага чиқаришнинг асосий кўриниши ҳисобланади. Бу эса жаҳон меъёрларида ҳам шундай: айнан илмий монографиялар асосида талабалар таҳсил олади, олимлар баҳоланади. WoS ва Scopus журналларида мақолалар эълон қилиш пойгаси, унинг устига инглиз тилидаги бадҳазм (МДҲ муаллифлари томонидан тақдим этилган инглизча матнларнинг паст даражаси назарда тутилмоқда — Валерий Хан) мақолаларнинг чоп этилиши илмий мақолалар сифатини яққол тушириб юборди, йиртқич-журналлар саноатини вужудга келтириб, пулли мақолалар, сохта мақолалар тайёрлаш, ҳаммуаллифликни сотиш ҳамда илмий муҳитни заҳарлайдиган ва Россия илм-фани обрўсини тушириб юборадиган бошқа ҳолатларнинг урчишига олиб келди».

Мақола ҳеч қайси журналда эълон қилинмасдан, илмий мақолалар ва препринтлар депозитарийлари, масалан, arXiv.org, bioRxiv, ChemRxiv, SocArXive, engrXiv, PsyArXive, миллий архивларга (Франция, Ҳиндистон, Индонезия ва бошқа давлатларнинг) жойлаштирилган ва бунинг устига улардан катта талаб билан фойдаланилаётган, уларга ҳавола қилинаётган, ғоялари татбиқ этилаётган бўлса-чи? У ҳисобга олинадими?

Шундай қилиб, етти минг йиллик муаммоларидан бири — Пуанкаре муаммосини ечган рус математиги Григорий Перельман Пуанкаре гипотезасини исботлашга доир учта мақоласини ҳам arXiv.org`да эълон қилган. Архив ушбу мақолалар рецензия қилиниши ва журналларда чоп этилишидан олдинроқ худди нашр қилингандек талабгир бўлишига эришди.

2015 йилги тадқиқотга кўра, физикларнинг конденсацияланган ҳолатлар мавзусидаги ишларининг тахминан 75 фоизи arXiv`да сақланади. Оклахома университети профессор-ўқитувчилари ўртасида ўтказилган сўров натижаларига кўра, математика ўқитувчиларининг 92 фоизи ва физика ўқитувчиларининг 67 фоизи ўз тадқиқотларини қўллаб-қувватлаш ва тарқатиш учун arXiv препринтларидан фойдаланганлар. Ва бу жиддий ҳолат. Айни пайтда arXiv.org сайтида 2 007 279 та мақола борлиги, уларнинг йиллик бюджети 2021 йилда 2,5 млн долларга яқинни ташкил этгани ва омборини 30 мамлакатдан 243 ташкилот (университетлар, тадқиқот институтлари ва бошқалар) қўллаб-қувватлашини айтиш кифоя.

Қиролликда ҳаммаси жойидами?

Scopus ишлаб чиқувчиси ва эгаси Голландиянинг Elsiever нашриёт корпорацияси ҳисобланади. Ундан ташқари, Springer, Wiley ҳам энг йирик нашриётлардан ҳисобланади. Ушбу уч монополистнинг илмий нашрлар бозоридаги улуши 42 фоизни ташкил этади.

Elsiever корпорацияси ҳақиқатан ҳам бенуқсонми? Нашриёт журналларига обуна нархи шунчалик баландки, Конгресс кутубхонаси, Гарвард университети, Массачусетс технология институти, Шимолий Каролина штат университети ва бошқалар турли вақтларда Elsiever маҳсулотларига обуна бўлишдан бош тортган. 2012 йилда 10 мингдан зиёд олимлар Elsiever журналларини (демак Scopus журналларини) бойкот қилдилар, уларда нашр этмадилар, улар учун ишларни рецензиялаш ва таҳрир қилишдан бош тортдилар.

Нашриётнинг Merck фармацевтика компанияси лойиҳаларини тўлиқ реклама қилувчи сохта журнални нашр этаётгани ҳам аниқланган. Нашр мустақил илмий журналга ўхшарди. Аслида эса у ерда аввал бошқа нашрларда чоп этилган мақолаларгина қайта нашр қилинган; уларнинг деярли барчаси Merck компаниясининг дори-дармонларига бағишланган.

Илм-фан пардаси ортида ёхуд мақолаларни саралашга геосиёсат қандай таъсир кўрсатади?

Ва яна бир нарса. Бехабар ўқувчи учун фан — ҳақиқатни излашдек юксак мақсадли ўзига хос маъбаддир. Ҳақиқат ва фақат ҳақиқат, мана шу — илмнинг шиори.

Бироқ илмий изланишлар, айниқса, ижтимоий-гуманитар тадқиқотлар доимо кўплаб фандан ташқари омиллар — иқтисодий, сиёсий ва мафкуравий омилларга қарам бўлиб келган. Замонавий илм-фан шиддатли геосиёсий кураш майдонидир.

Scopus ва Web of Sciences, булар — энг аввало инглиз тилидаги журналларга йўналтирилган маълумотлар базаларидир. 2016 йилда Web of Sciences журналларида инглиз тилидаги мақолалар 96,19 фоизни ташкил этганини айтиш кифоя. Бошқача айтганда, инглиз тилидаги журналларнинг монополлашуви мавжуд; унинг устига мақолалар юқори сифатли инглиз тилида бўлиши керак. Ва кўп ҳолларда сифатли таржима, бу — қиммат тўловни англатади.

Шундай қилиб, маошлари ғарблик ҳамкасблариникидан анча паст бўлган ривожланаётган мамлакатлардаги кўплаб олимлар учун сифатли мақола тайёрлаш жуда қимматга тушади. Лекин илм-фан манфаати, уни демократлаштириш ва инсонпарварлаштириш нуқтаи назаридан бундай давлатлар учун чегирмалар жорий қилиниши керак эди. Аммо бу нуфузли илмий журналлар ортидаги гигант-нашриётларнинг молиявий манфаатларига мос келмайди.

Бундан ташқари, сиёсий ва мафкуравий омиллар ҳам мавжуд. Шундай қилиб, Россия ва Хитой олимлари учун, хусусан, ижтимоий-гуманитар фанлар соҳасида ғарб журналлари ва нашриётларида чоп этиш унчалик осон эмас. Бу ерда биргина сифатли таржиманинг ўзи етарли эмас. Ғарбнинг концептуал аппарати, Ғарб услуби, Ғарб ғоялари, Ғарб услубий ёндашувлари ва Ғарб баҳоларидан фойдаланиш керак бўлади. Бу эса Хитой тарихи ва рус-совет тарихини Ғарбда қандай қабул қилинган бўлса, худди ўшандай кўринишда тақдим этиш кераклигини англатади.

Ва маълум бўлишича, Россиянинг жамиятшуносликка оид кўплаб журналлари Scopus ва Web of Sciences рўйхатига кирмаган, Болтиқбўйи давлатлари ва Шарқий Европа — АҚШнинг ҳозирги иттифоқчилари ва Европа Иттифоқи аъзолари журналлари эса тўсатдан энг замонавий бўлиб қолди. Худди шундай ҳолат Хитой ва Тайван журналлари билан ҳам содир бўлмоқда. Англо-саксон монополияси Scopus АҚШ, Буюк Британия ва бошқа инглиз тилли давлатларда тарқалган таҳлилий фалсафага йўналтирилган фалсафий журналларининг 1-квартилига (энг оммабоп) тушишига, бошқа фалсафий қадриятларга эга энг яхши Европа журналларининг эса тўртинчи, охирги квартилга тушиши ёки бутунлай Scopus рўйхатидан ўрин олмаслигига олиб келди.

Сўнгги пайтларда кўплаб мамлакатларда гигант нашриётларнинг монополиясини танқид қилиш ва илмий мақолалардан очиқ фойдаланишни таъминлаш ҳаракати тобора кенг тарқалмоқда. Нашриётларнинг корпоратив манфаатлари фаннинг ўзи, олимлар ва бутун инсоният манфаатлари билан тўқнаш келмоқда.

Сифатли ўз илмий журналларини яратиш

Агар фақат Scopus ва Web of Sciences журналлари тан олинадиган бўлса, маҳаллий журналлар устига чизиқ тортиш керак.

Ўзбекистонда илмий журналларнинг илмий қиймати ўз давлати томонидан тан олинмай турса, улар қандай ривожланади? Нуфузли халқаро журналларда мақола чмқариш ҳақида ўйлаётганда миллий журналлар обрўсини ҳам ошириш керак.

Нима қилиш керак?

Сифатсиз ва виждонсиз журналлар рўйхатини тузган ва «йиртқич журналлар» атамасини киритган америкалик профессор Жеффри Билл нашриёт ёки журнални «сифатсиз» деб таснифлаш мезонларини шакллантирди. Ушбу ва бошқа мезонларга кўра, сифатли журналга қўйиладиган талабларни тавсифлаш мумкин.

  • Нашриёт ёки журнал COPE (Committee on Publication Ethics), OASPA (Open Access Scholarly Publishing Association), STM (International Association of Scientific, Technical & Medical Publishers) кодексларида баён этилган одоб-ахлоқ тамойиллари ва қоидаларига риоя этишади.
  • Журналда таҳрир ҳайъати бўлиши, бунда унинг ҳар бир иштирокчиси ҳақидаги маълумотлар кўрсатилиши керак.
  • Таҳрир ҳайъати аъзолари журнал ишида ҳақиқатдан ҳам иштирок этадилар ва фақатгина ўзининг донгдор номи туфайли рўйхатга киритилмайди.
  • Нашриёт ва/ёки журнал муаллифлардан ҳақ оладиган бўлса, маълумотни яширмайди. Нашриёт бизнесида шаффофликни таъминлайди.
  • Журнал номи унинг вазифаси ва географик жойлашувига мос келади, муаллифларни чалғитмайди.
  • Журнал ноталабчан бўлмаслиги керак. Ўзининг ноталабчанликка мойиллиги туфайли у юқори сифатли рецензия бера олмайди.
  • Нашриёт журналнинг импакт-фактор қийматини яширмайди ва кўрсаткичлар қийматини ошириб юбормайди.
  • Журнал индексланади ва реферланади.
  • Тақдим этилган материаллар ҳар доим фикрига ношир ва/ёки журнал ишонадиган (ва агар зарурат туғилганда доимо уларнинг малакасини тасдиқлаши мумкин) малакали мутахассислар томонидан рецензия қилинади.
  • Журнал ва унинг веб-сайтида энг тўлиқ алоқа маълумотлари (электрон почта, телефон, веб-сайт манзили, почта манзили) кўрсатилади.
  • Журнал тематикаси жуда кенг ва умумий бўлмаслиги керак.
  • Яхши нашриёт ва/ёки журнал сайтини янгилаб туради ва қўпол хатоларга йўл қўймайди.
  • Журналнинг «ишончлилиги» мезонларидан бири — mail, yandex, gmail каби бепул почта хизматларидан эмас, балки сайт рўйхатдан ўтган домендаги электрон почта манзилларидан фойдаланиш.
  • Яхши муҳаррир ва/ёки журнал муаллифларга Open Access сиёсати (нафақат) тамойилларини тушунтиришни ортиқча деб ҳисобламайди.
  • Сифатли журнал ўз обрўсини кузатиб боради ва биринчи навбатда илмий мақолалар сифатини яхшилашга интилади, шунинг учун нашр этиш рад этилган тақдирда, муаллифга асослантирилган рад жавобини юборади.
  • Журнал ўз сайтидаги рекламадан даромад олиши мумкин. Лекин бу зарур маълумотларни идрок этишга халақит берадиган даражада кўп бўлмаслиги керак.
  • Яхши ношир ҳар доим ўзининг юқори профессионал даражасини сақлаб қолиш ва ҳамкасблари билан маълумот алмашиш учун профессионал жамоалар ва бирлашмаларнинг аъзоси бўлишга интилади.
  • Таҳрир ҳайъати аъзолари ўзлари нашр қиладиган журналда мақолаларини чоп этадилар.
  • Нашриёт ва/ёки журнал каталогларда мавжуд бўлади ва ўз мавжудлигини кенгайтиришга интилади.

Ёки Scopus маълумотлар базасига журнални киритиш учун Scopus`нинг ўз нашрларига қўядиган таянч талабларни олайлик:

  • журнал инглизча номга эга бўлиши ва мақола тезисларининг инглизча версияларини нашр этиши керак (инглизча тезисларнинг сифати баҳоланади); мақолаларнинг тўлиқ матнлари исталган тилда чоп этилиши мумкин;
  • журнал йилига камида бир марта нашр этилиши керак;
  • нашрнинг сифати юқори бўлиши керак.

Сифатни баҳолаш қуйидаги мезонларга мувофиқ амалга оширилади:

  • обрў: шу жумладан нашр ёки илмий ҳамжамиятнинг обрўси; муаллифлар иш жойларининг хилма-хиллиги, таҳрир ҳайъати етакчи аъзоларининг халқаро илмий нуфузи ва иш жойларининг хилма-хиллиги (Scopus томонидан индексланган журналларнинг таҳрир ҳайъатлари ва муаллифларидан иқтибос олинганлиги ҳисобга олинади);
  • оммабоплик ва қулайлик, шу жумладан Scopus маълумотлар базасидаги нашрга қилинган ҳаволалар сони, нашрга обуна бўлган муассасалар сони; нашрни индекслайдиган маълумотлар агрегаторларининг маълумотлар базалари, нашрни Scopus`га киритиш бўйича сўровлар сони.

Нашр сиёсати мақолалар сифати устидан назоратни ўз ичига олиши керак (масалан, илмий рецензиялаш):

  • Нашрнинг инглиз тилидаги саҳифаларга эга веб-сайти бўлиши керак (нашр асосий саҳифасининг сифати баҳоланади); веб-сайтда мақолаларнинг тўлиқ матни бўлиши шарт эмас, лекин Scopus саҳифаларидан тўлиқ матнли саҳифаларга тўсиқсиз ўтишга рухсат бериш мақсадга мувофиқдир («View at Publisher»).

Экспертлар кенгаши деярли ҳар доим қуйидагиларга эга бўлмаган нашрларни базага киритиш тўғрисидаги сўровларни рад этади:

  • ISSN;
  • янги нашрлар чиқишининг барқарор мунтазамлиги;
  • мақолаларга оид библиографиялар рўйхати;
  • ҳар бир мақола учун инглиз тилидаги аннотациялар;
  • рецензиялаш аппарати;
  • ўз веб-сайти.

Ушбу талаблар илмий журналларни яратиш ва ривожлантириш учун амалга ошириладими? Ўйлайманки, ҳа.

Сифатли журналларни яратиш ва чоп этиш ОТМлар ва илмий-тадқиқот институтлари фаолиятининг муҳим йўналиши бўлиши ва бунга алоҳида маблағлар ажратилиши лозим.

Бош муҳаррир, бўлим мудирлари, масъул котиб, техник муҳаррир ва мусаҳҳиҳ жамоатчилик асосида ишлашлари ҳамда Нашр этикаси қўмитаси (Committee on Publication Ethics) кодексига мувофиқ, олий ўқув юртлари ректорлари, илмий-тадқиқот институтлари директорлари, Фанлар академияси, Олий таълим вазирлиги ва бошқа давлат органлари раҳбарларининг босимидан холи бўлишлари керак. Ва фанни амалдорлардан автоном қилиш — энг қийин масала.

Ўзбек илм-фанида мақолалар эълон қилиш стратегиясини бутунлай ўзгартириш керак — журналларнинг автоном веб-сайтларини яратиш, уларни рецензиядан ўтказиш (жумладан, аноним рецензия формати), шарҳлар чегарасини ошириш, тақдим этиладиган мақолалар сифатига талабларни ошириш, таҳрир ҳайъати таркибига хорижлик олимларни киритиш, дунё тилларида мақолалар қабул қилиш, хорижий муаллифларнинг мақолаларини нашр этиш, муаллифлар ва тақризчилар билан ёзишмаларни ҳужжатлаштириш ва ҳ.к.

Чоп этилаётган мақолалар юқори сифатга эга бўлиши ва айнан уларнинг сифати чоп этишга асос бўлиши керак, таниш-билишчилик эмас. Ва ўшанда бизнинг маҳаллий журналларимиз ҳам Scopus ва Web of Sciences сингари орзудаги халқаро маълумотлар базаларига киришлари мумкин бўлади ва фирибгар журналларда нашр қилишга ҳожат қолмайди.

Муаллифнинг фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.