2022−2023-ўқув йилидан 1−2-синф ўқувчилари учун «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» фанидан уйга вазифалар олиб ташланади ҳамда уларни баҳолаш бекор қилинади. Бу ҳақда «Газета.uz»га Республика таълим маркази ахборот хизмати раҳбари Моҳира Нуруллаева маълум қилди.

Уйга вазифаларнинг олиб ташланишига аввало сабаб уларнинг амалда самарасиз топшириққа айлангани, қолаверса, дарслардан чарчаб борган қуйи синф ўқувчилари уйда кўпроқ дам олишлари лозимлиги келтирилган.

Қолаверса ўқувчи бажариб келган уйга вазифалар йўл-йўлакай текширилаётгани ёки деярли текширилмаётгани, ўқувчи хато ва ютуқларини етарли англаб олиши учун вақтнинг етишмаслиги ҳамда ўқувчилар «аъло» баҳо олиш учун вазифаларни кўр-корона кўчириб келиш ҳолатлари кўпайган.

«Уй вазидалар баҳоланмайди дегани бу бола уйда умуман дарс қилмайди дегани эмас. Фан дастурига кўникмаларни шакллантирувчи айрим лойиҳавий топшириқлар киритилган. Ота-онаси ва яқинларидан тегишли мавзуларда маълумот олиб келиш, дўстига табрик хати ёзиш кабилар шулар жумласидандир», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, Миллий ўқув дастурига кўра, энди «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» дарслиги орқали бошланғич синф ўқувчиларга синфлар кесимида ўқиш тезлиги бўйича маълум миқдордаги сўзни ўқиши керак деган талаб қўйилмайди. Боиси ўқувчилар учун матнни ўқиш тезлиги эмас, уни тушуниш даражаси бирламчи кўрсаткич саналади.

Бундан ташқари, «Она тили ва ўқиш саводхонлиги» дарслиги бўйича чораклик баҳоларни кундалик олинган баҳоларга қараб, йиллик баҳони чораклик баҳолар асосида қўйиш амалиёти бекор қилинади.

«2022−2023-ўқув йилидан бошлаб кундалик йиғилган баҳолар чораклик баҳога таъсир қилмайди. Чунки кундалик баҳо ривожлантирувчи аҳамиятга эга, чораклик баҳо эса эришилган маррани текшириш учун хизмат қилади. Бу икки баҳолашни ўзаро қориштириш сифатга таъсир қилади», — дея таъкидланган брифингда.

Республика таълим маркази баҳога жазо ёки рағбат қуроли эмас, ривожлантириш воситаси сифатида қараш кераклигини қайд этди. Болаларни баҳо билан қўрқитишни бас қилиш, уларга имкон қадар паст баҳо қўймаслик, токи топшириқни яхши баҳога бажариб келмагунча баҳоламай туриш тавсия қилинди.