Қашқадарё вилоятидаги туманлардан биридаги кўп тармоқли марказий поликлиника бош шифокори 2000 АҚШ доллари талаб қилганликда айбланмоқда. Бу ДХХ томонидан Қашқадарёда ўтказилган тезкор тадбирда аниқланди.

Мазкур тумандаги тиббиёт бирлашмасига қарашли автомашиналар тураржойидан давлат шерикчилиги ассосида пуллик автотураргоҳ ташкил этиш учун таниши орқали 20 сотих ер ажратилишида ёрдам беришига ишонтирган. Бунинг эвазига эса 2 минг АҚШ доллари талаб қилгани, шундан 500 АҚШ доллари ва 10 млн сўм пул маблағини ўз хизмат хонасида олган вақтида ушлангани айтилмоқда.

Жиноят кодексининг 168 моддаси (фирибгарлик) ва 211 моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилди.

Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, бунга қадар Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокимининг маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари фуқарога 1000 гектар ерни ажратишга ваъда бериб, бунинг эвазига 80 минг доллар сўраганлиги айтилганди. Ҳоким ўринбосари келишилган маблағдан 50 минг долларни олган вақтда ушланган ва унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

Январь ўрталарида Касби тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари фуқаронинг ўғлига ногиронлик нафақасини чиқариб беришни ваъда қилиб, бунинг эвазига 500 минг сўм пора олгани айтилганди. Китоб туман суди шифокорни айбли деб топиб, унга 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.