2022 йилнинг январь ойида сўмнинг реал самарали алмашув курси индекси ўтган йил декабрь ойига нисбатан 0,8 фоизга мустаҳкамланди. Бу ҳақда Марказий банк томонидан «Реал самарали алмашув курси шарҳи»да маълум қилинди.

Сўмнинг реал самарали алмашув курси 2021 йил мос даврига нисбатан 5,4 фоизга, базавий ой — 2018 йилнинг июнига нисбатан 6,3 фоизга ўсди.

Январь ойида реал самарали алмашув курсининг мустаҳкамланишига, асосан, савдо-ҳамкор давлатлар валюта курсларининг қадрсизланиши, шунингдек, ички инфляция даражасининг савдо-ҳамкорларга нисбатан юқорилиги ҳисса қўшгани айтилди.

Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилувчи мамлакатларда ушбу кўрсаткич қандай бўлди?

Савдо-ҳамкор давлатлар валюталари курси январь ойи давомида АҚШ долларига нисбатан турлича динамикани намоён этди. Шунингдек, ушбу давлатларнинг барчасида инфляция кўрсаткичи ўсишда давом этди:

Жумладан:

  • Россия рубли 3,4 фоизга (74,8 дан 77,3 гa) қадрсизланди. Бу Россия ва Ғарб давлатлари ўртасида геосиёсий масалаларда консенсусга эришилмаётгани ва юқори ноаниқликлар билан изоҳланади. Ушбу мамлакатда ойлик инфляция 1,07 фоизни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 8,8 фоиздан ошди (28 январь ҳолатига кўра). Аҳолининг инфляцион кутилмалари эса жорий йил январь ойида 13,7 фоизга 3 тушди (2021 йил декабрь ойида 14,8 фоизни ташкил этган). Сезилган инфляция даражаси ҳам 17,7 фоиздан 16,7 фоизга пасайди.
  • Қозоғистон тенгеси нефть нархининг ўсиши фонида бироз (0,07 фоизга) мустаҳкамланди. Мамлакатда ойлик инфляция даражаси 0,7 фоизни ташкил этиб, йиллик инфляция кўрсаткичи 8,5 фоизга етди. Бунга, асосан, хизматлар ва ноозиқ-овқат маҳсулотлари нархлари ўсиши ҳисса қўшган. Хизматлар январь ойида 0,6 фоизга ўсиб, йиллик ҳисобда 6,8 фоизда шаклланди. Ноозиқ-овқат инфляцияси эса ойлик 0,3 фоиз ва йиллик 8,5 фоизни ташкил этди. Бунда энергия ресурслар ва автомобиллар нархининг ошиши инфляциянинг тезлашишига ҳисса қўшаётгани маълум қилинди.
  • Турк лираси 2022 йил январь ойи давомида тебраниш билан шаклланиб, бироз мустаҳкамланди. Бунга 2021 йил декабрь ойида амалга оширилган катта ҳажмдаги интервенциялар ва Туркия хукумати томонидан миллий валютани қўллаб-қувватловчи чора тадбирлар асосий ҳисса қўшди. Туркияда ойлик инфляция кўрсаткичи 11,1 фоизни ташкил этиб, йиллик ҳисобда 48,7 фоизга етди. Шунингдек, мамлакатда ишлаб чиқарувчилар нархлари индекси ойлик ҳисобда деярли 10,5 фоизга ўсиб, йиллик 93,5 фоизгача кўтарилди. Инфляция кўтарилишига жорий йилдан бошлаб мамлакатда электр ва табиий газ тарифлари оширилиши, шунингдек, импорт нархлари сабаб бўлган.
  • Хитой юани январь ойи давомида кичик тебранишлар билан шаклланиб, ўтган ойга нисбатан деярли ўзгармади.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилда сўмнинг реал самарали алмашув курси Ўзбекистоннинг асосий савдо-ҳамкор давлатлари валюталарининг заифлашиши ва яна бир неча факторлар туфайли 2,9 фоизга ўсган. Ҳамкорлар орасида турк лираси йил давомида 81 фоизга қадрсизланган бўлса, Хитой юани ягона мустаҳкамланган валюта бўлди. Ушбу йилда Россия ва Қозоғистон валюталари ҳам қадрсизланган.