Ўзбекистонда жума ва шанба кунлари айрим ҳудудларда чанг-тўзон кузатилади. Бу ҳақда «Ўзгидромет» томонидан эълон қилинган шошилинч ахборотда хабар берилди.

Таъкидланишича, 11−12 февраль кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистондан илиқ ҳаво, сўнгра шимолий Кавказ ҳудудларидан нам ва салқин ҳаво массаси кириб келиши кутилмоқда.

Ушбу кунларда Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий, Тошкент, Самарқанд, Сирдарё, Жиззах, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида баъзи жойларда шамол 17−22 метр секундгача кучайиши кутилмоқда, айрим жойларда чанг-тўзон кузатилади.

11 февраль Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм вилоятлари ва 12 февраль республиканинг қолган ҳудудларида, тоғолди ва тоғли ҳудудларнинг баъзи жойларда ёғингарчилик (ёмғир, баъзи жойларда қорга айланиши мумкин), кучли бўлиши мумкин.