Қарши давлат университетида экологлар қаршилигига қарамасдан дарахтлар кесиб ташлангани ортидан 6 нафар масъул ходимларга маъмурий иш қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсуддинов хабар берди.

Аввалроқ, Давлат экология қўмитаси Қарши давлат университети ҳудудидаги 38 туп дарахт ноқонуний кесилганини тасдиқлаганди. Ўша вақтда университет дарахтларни кесиш учун рухсат сўраб вилоят экология бошқармасига 3 марта мурожаат қилган ва ҳар сафар жавобини олган.

Қўмита кесилган дарахтлар туфайли ўсимлик дунёсига етказилган зарар 267 млн 543 минг сўмни ташкил этишини маълум қилганди.

Ҳозирда университетнинг 6 ходимига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 79-моддаси (дарахтларни қонунга хилоф равишда кесиш) 1-қисми билан маъмурий иш қўзғатилган. Ўрганишлар натижасида мазкур ҳолатда табиатга 285 млн сўм миқдорида зарар етказилгани аниқланди.

Эслатиб ўтамиз, президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мамлакатда дарахтларни кесишга муддатсиз мораторий жорий қилинди. Шунга қарамасдан ҳудудларда дарахтларни ноқонуний кесиш ҳолатлари давом этмоқда.

Мисол тариқасида, январь ўрталарида Андижон вилояти перинатал марказида 12 туп дарахт кесиб ташлангани ҳақида ёзган эдик. Ўшанда Ўзбекистон Экология давлат қўмитаси «дастлабки тергов натижаларига кўра, ҳудуддаги дарахтларни кесиш қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш органи билан келишилмаган. Мазкур ҳудуддаги дарахтларни кесишга қонунчиликда белгиланган тартибда экология органи хулосаси ва рухсатнома берилмаган», — деб маълум қилган эди.