Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевга коронавирус пандемиясига қарши кураш учун 2021 йилда ажратилган жами 4,2 трлн сўм нималарга сарфлангани юзасидан парламент сўровини юборди. Бу ҳақда қуйи палата матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, 2021 йилда коронавирус пандемиясига қарши курашиш ва вакцина сотиб олиш харажатлари учун давлат бюджетидан дастлаб 3 трлн сўм, 2021 йил 5 ноябрда қабул қилинган тегишли қонун билан қўшимча равишда 1,2 трлн сўм, умумий ҳисобда — 4,2 трлн сўм маблағ ажратилган.

Жумладан, маблағлар қуйидагилар учун ажратилган:

  • коронавирусга қарши курашиш тадбирларига жалб қилинган тиббиёт ходимларини ва бошқа касбдаги ходимларни рағбатлантириш харажатларига 1,414 трлн сўм,
  • дори-дармон воситалари, гигиена ва зарарсизлантирувчи воситалар учун 604,2 млрд сўм,
  • бир маротабалик шахсий ҳимоя учун комбинезонлар, қўл ва юз ниқоблари ҳамда бошқа харажатлар учун 89,5 млрд сўм,
  • озиқ-овқат маҳсулотларига 86,6 млрд сўм ажратилган.
  • лаборатория реагентлари, пирометрлар, тест тизимлари ва бошқа харажатларга 113,9 млрд сўм,
  • вакцина сотиб олиш учун 1,328 млрд сўмдан ортиқ,
  • эмлаш пунктларини ташкил этишга 9,8 млрд сўм,
  • Тошкент шаҳрида ва Наманган вилоятида коронавирусга қарши курашиш бўйича тиббиёт марказларини ташкил этиш харажатларига 270,6 млрд сўм,
  • бошқа харажатлар учун 174,5 млрд сўм ажратилган.

Аммо, Қонунчилик палатасига ССВ 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти юзасидан тақдим этган ахборотида коронавирус пандемиясига қарши курашиш ҳамда вакцина сотиб олиш харажатларига қанча пул сарфлангани айтилмаган. Шунингдек, Вазирлар Маҳкамаси томонидан Давлат бюджети ижросининг бориши юзасидан тақдим этилган ҳисоботларда ҳам, Молия вазирлиги тақдим этган ахборот ва материалларда ҳам бунга доир маълумотлар ўз аксини топмаган.

Қолаверса, Қонунчилик палатаси Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитасининг сўровига ҳам ССВдан зарур маълумотлар тақдим этилмаган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Қонунчилик палатаси соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаевга пандемия даврида коронавирусга қарши курашиш тадбирларига қанча пул сарфлагани юзасидан парламент сўрови юборилди.