Тошкентдаги эски шаҳар мажмуасида 2 та арт-резиденция ташкил этилади, дея хабар бермоқда Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси.

Лойиҳада Тошкент шаҳрининг тарихий маҳаллаларини, уларнинг ноёблиги ва маданий-тарихий меросини асраб-авайлаш мақсад қилинган.

Лойиҳанинг дизайн-концепцияси Марокашдаги «Studio KO» меъморчилик бюроси билан ҳамкорликда ишлаб чиқилади. Лойиҳа Алишер Усмановнинг «Санъат, илм ва спорт» ҳайрия жамғармаси кўмагида амалга оширилади.

Ижодий масканни ташкил этиш учун пойтахтдаги Олмазор туманида жойлашган иккита объект танлаб олинган.

Биринчи объект «Намуна» маҳалласида жойлашган, анъанавий меъморий кўриниши сақлаб қолинган ҳамда қайта таъмирланган «Маткаримбой» мадрасаси бўлиб, ушбу манзил ижодий майдон яратиш учун хизмат қилади. Иккинчи обект эса эски болалар боғчаси — «Ҳаст Имом» маҳалласида жойлашган.

«Тошкентдаги арт-резиденциялар Замонавий санъат марказининг таълим йўналиши учун платформа, ҳамда маҳаллий ва халқаро ижод вакиллари ўртасида ҳамкорлик учун хизмат қилади», — дейилади хабарда.