Тошкент вилояти Чиноз тумани ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича ўринбосари 40 минг доллар пора билан ушлангани айтилмоқда. Бу ҳақда «Газета.uz»га Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълумотларда келтирилишича, ҳокимнинг биринчи ўринбосари Оққўрғон туманида жойлашган фермер хўжалигига тегишли суғориладиган 35 гектар ер майдонини сотиш ва ҳужжатларни туман ҳокимлигида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилган. Бунинг эвазига келишилган 90 000 АҚШ долларидан 40 000 АҚШ долларини олган вақтида ушланган.

Шунингдек, Чиноз тумани ҳокимининг иқтисодий масалалар бўйича биринчи ўринбосари билан биргаликда ер олди-сотдиси билан шуғулланувчи «маклер» ҳам қўлга олинган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 229−6-моддаси (Суғориладиган ер участкасига ёки унинг бир қисмига бўлган ҳуқуқни сотиш ёхуд қонунга хилоф равишда бошқача тарзда ўзга шахсга бериш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ушбу модданинг 1-қисмида БҲМнинг 400 бараваридан 500 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилган.

Гумонланувчи процессуал тартибида ушлангани айтилади.

Аввалроқ Қашқадарё вилояти Миришкор тумани ҳокими ўринбосари 50 минг доллар олаётганда ушлангани ҳақида хабар берган эдик. Ҳокимнинг Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича ўринбосари сифатида ишлаб келаётган У. Я. чорвачилик кластерини ташкил қилмоқчи бўлган фуқарога 1000 гектар ерни ажратишга ваъда берган ва бунинг эвазига 80 минг доллар сўраган. Келишилган маблағдан 50 мингини олаётганда ҳоким ўринбосари ушланган.