Шавкат Мирзиёев Олимпиада очилишида қатнашиш учун Пекинга борди

Президент Шавкат Мирзиёев 2022 йилги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Пекинга етиб келди.

Сенат гўшт ва ёғ импорти учун ҚҚСнинг нол ставкаси муддатини узайтиришни маъқуллади

Сенаторлар бир қатор озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, гўшт, ёғ ва картошкани олиб кириш ва айланмаси учун берилган ҚҚСнинг нол ставкаси муддатини 30 апрелга қадар узайтириш тўғрисидаги қонунни маъқуллади. Ҳукумат вакили апрелдан кейин нархларни қандай ушлаб туриш режалаштирилаётганини айтди.

Тошкент ЙҲХБ РИБлари ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон олишни тўхтатишди

4 февралдан Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлим-бўлинмаларида ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳонларни қабул қилиш тўхтатилди. Эндиликда ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳонлар хусусий компаниялар томонидан ўтказилади. Тошкентда Autodriver Study томонидан очилган Ягона имтиҳон маркази ўз фаолиятини бошлади.

Энди фуқаролар йўллардаги носозликлар ҳақида «Shaffof yo’l» платформаси орқали хабар бериши мумкин

Ҳукумат қарори билан 1 июлдан аҳоли йўллардаги носозликлар, светофор ва йўл белгилари ўрнатилмагани ҳақида фото ва видеомурожаатларни «Shaffof yo’l» платформаси орқали юбориш мумкин. Ички йўлларни таъмирлашга оид таклифлар овоз бериш йўли билан танлаб олинади. Ғолиб таклифлар бўйича йўлларни таъмирлашга ҳар йили маҳаллий бюджетдан маблағ ажратилади.

Абдуқодир Тошқулов Ўзбекистон волейбол федерацияси президентлигига сайланди

Эндиликда Олий ва ўрта махсус таълим вазири Абдуқодир Тошқулов Ўзбекистон волейбол федерациясининг президенти сифатида ҳам фаолият юритади.

Сенаторлар «прописка» сўзини қонунчиликдан бутунлай чиқаришни маъқуллади

Сенаторлар «прописка» сўзи маънан эскирганлиги ва фуқаролар онгида «тўсқинлик қилувчи», «эркинликни чекловчи» деган тушунчаларни келтириб чиқараётгани учун уни қонун ҳужжатларидан бутунлай чиқаришни маъқуллашди. Энди унинг ўрнига «яшаш жойи бўйича рўйхатга олиш» тушунчаси қўлланилади.

Учта агентликда тайинловлар амалга оширилди

Стратегик ривожланиш, Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш ҳамда Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентликларида раҳбар лавозимларига тайинловлар амалга оширилди.

Бюджет маблағларини ўзлаштирганликда гумон қилинган мансабдор ўзини осиб қўйгани маълум қилинди

Ижтимоий тармоқларда Жиззахдаги мактаб бош ҳисобчиси уйда ўзини осиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят прокуратураси ҳодиса 2019 йил 22-сон мактаб мансабдорлари 160 млн сўм маблағ ўзлаштиргани аниқланганидан кейин содир бўлганини маълум қилди.

Россиялик блогер Бухорода дрон туфайли уй қамоғига олинди

Россиялик тревел-блогер Максим Лимар Бухородан Новосибирскка учиб кетаётганида багажида квадрокоптер топилгани сабабли қўлга олинган. Ҳозир у уй қамоғида сақланмоқда. Россия элчихонаси вазиятни ҳал қилиш учун Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари билан алоқада эканлигини билдирган. Бухоро вилояти божхона бошқармаси ушбу ҳолат бўйича экспертиза тайинланганини, блогерга нисбатан эркин яшаши учун ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаганлигини таъкидлади.

Аномал илиқ ҳаво кескин совуқ билан алмашади

Илиқ жума ва шанба кунларидан сўнг, якшанба куни об-ҳавонинг кескин ёмонлашиши прогноз қилинмоқда. Бутун мамлакат бўйлаб ёғингарчилик кузатилиб, шамол кучайиши кутилмоқда.

«Газета.uz»да эълон қилинган мақола ва фоторепортажлар:

Вакцина олганлар ўртасидаги лотереяда фақат 15 январдан кейин эмланганлар қатнаша олади

Коронавирусга қарши эмланганлар ўртасида бош соврини Malibu бўлган ютуқли ўйин 22 январдан бошлаб ҳар шанба ZO’R TV орқали эфирга узатилмоқда. Бироқ, ССВ таъкидлаганидек, лотереяда ҳозирга қадар вакцина олган ҳамма эмас, балки фақат 15 январдан кейин эмланганлар қатнашмоқда. Танлов шартларининг эълон қилинган ваъдаларга тўғри келмаслиги ҳақида «Газета.uz» суриштирувида.

Тошкент моржлари — қишда чўмилиш ҳақида

Ҳаво совуқ бўлган кунлар ҳам Анҳор каналида чўмилаётганларни учратиш мумкин. «Газета.uz» фотомухбири Мадина Аъзам йилнинг ҳар қандай фаслида чўмилишни хуш кўрадиган моржлар билан суҳбатлашди.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон маркази кимники ва бунга Avtotest`нинг қандай алоқаси бор?

3 февраль куни Autodriver Study компанияси Ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳон топширишга мўлжалланган Ягона имтиҳон марказини ишга туширди. Унга эгалик қилаётган яна иккита автомактабнинг бири Avtotest билан айни манзилга рўйхатга олинган. Марказнинг ишга туширилиши яқинда президентнинг ЙТҲлар натижасида ўлимлар сони ошгани ва ҳайдовчиларни тайёрлаш тизимини қайта кўриб чиқиш ҳақидаги нутқи билан бирвақтга тўғри келди.

Икки марта суиқасд уюштирилган дарахтлар бу сафар бетонлаб кетилди

Пойтахтнинг Юнусобод туманида тадбиркор қурилиш учун сотиб олган ер участкасида ўсаётган дарахтларни таг қисмидан бетонлаб ташлади (видео). Бунга қадар 10 та дарахт ярмигача, кейинчалик уларнинг 4 таси тўлиқлигича кесиб кетилганди. Дарахтларни ҳимоя қилишга уринган аҳоли ва тадбиркор ўртасида можаро келиб чиқди.