Ижтимоий тармоқларда Жиззах вилоятидаги 22-сонли ихтисослаштирилган давлат умумтаълим мактабининг (ИДУМ) бош ҳисобчиси ўзини осиб қўйгани ҳақида хабарлар тарқалди. Вилоят прокуратурасининг расмий баёнотига кўра, воқеа 2019 йилда содир бўлган.

22-сонли ИДУМда 2010−2019 йиллардаги молиявий хўжалик фаолияти юзасидан ўтказилган тафтиш натижасида мактаб мансабдор шахслари томонидан 159 млн 300 минг 112 сўмлик бюджет маблағлари ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилингани аниқланган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ўтказилган.

Мактаб бош ҳисобчиси О.Тошболтаев 2019 йилнинг 21 ноябрида ўз ҳовлисининг ёрдамчи хонасида осилган ҳолда топилган. Терговга қадар текширувда унинг ўлимида бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят таркиби бўлмаган. Шу сабабли, ўша йилни 20 декабрида ЖПКнинг 83-моддаси 2-бандига асосан жиноят иши қўзғатиш рад этилган.

Биринчи марта унча оғир бўлмаган жиноят содир этганлиги, айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплагани сабабли жиноят ишининг мактаб директори Д.Садриддиновага оид қисми 2020 йил 30 июнда ЖПКнинг 84-моддаси 5-қисми 2-бандига асосан тугатилган.

Тергов ҳаракатлари натижасига кўра, 22-сонли ИДУМ директорининг хўжалик ишлари бўйича ўринбосари У.Йўлдошев ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми «а,б,в,г» бандлари (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 209-моддаси 2-қисми (мансаб сохтакорлигини такроран содир этиш) «а» банди билан айбланиб, жиноят иши судга юборилган.

Унга нисбатан жиноят ишлари бўйича Жиззах шаҳар судининг 2020 йил 24 сентябрдаги ҳукми билан жазо тайинланган.