Тошкентнинг Сергели туманида 4 февраль куни Autodriver Study компаниясининг ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Ягона имтиҳон маркази ўз фаолиятини бошлади. Худди шу кундан бошлаб ИИББ ЙҲХБ рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлим-бўлинмаларида ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳонларни қабул қилиш тўхтатилди.

Инсон омилисиз

Ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар топширишнинг янги тизимининг фарқи шундаки, имтиҳонлар инсон омилисиз, яъни тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда ўтказилади ва баҳоланади.

Янги тизимни жорий этиш Ўзбекистон президентининг 2020 йил 7 декабрдаги «Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорида (ПҚ-4913) кўзда тутилган. Ушбу ҳужжат билан 2021 йил 1 апрелдан бошлаб автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилган эди.

Бироқ орадан бир ярим йил ўтибгина биринчи хусусий имтиҳон маркази очилди. Унинг очилиши эса Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан яқинда мамлакатдаги автомактаблар фаолияти танқид қилинган вақт билан тўғри келди. 26 январь куни бўлиб ўтган йиғилишда у: «Нимага куйиб-пишмаймиз? Нимага ўлим кўпайяпти?.. Дарсга бормасдан гувоҳномани оляпти. Нима, Ўзбекистонда қонун йўқми?» — деган эди.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».

Ички ишлар вазири ўринбосари, жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев 3 февраль куни янги марказ очилишида сўзга чиқиб, «президентнинг аччиқ сўзларини» эсга олган, камчиликларни тан олиб: «Энди пули ёки таниши борлар эмас, фақат билими борларгина рулга ўтиради, йўлга чиқади ва биз бундан бошқасига рози эмасмиз ва бунга йўл ҳам қўймаймиз», — деган эди.

ИИВ раҳбарияти вакили марказнинг очилигини мамлакат президенти томонидан амалга оширилаётган ислоҳотлар ва саъй-ҳаракатлар натижаси билан боғлади.

«Жараён шаффофлигини таъминлаш, коррупциоген вазиятлардан огоҳлантириш учун Тошкент имтиҳон марказига буюк британиялик мутахассис раҳбар этиб тайинланди», — дея маълум қилди айни вақтда Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати таркибидаги департамент раҳбари.

Фото: Евгений Сорочин / «Газета.uz».


"Энди тасаввур қилинг, агар имтиҳон тизими шаффоф ва адолатли бўлса, фақат ўқиган ва етарли малакага эга бўлган фуқароларгина ҳайдовчилик гувоҳномасини олса-ю, қолганлар ёппасига имтиҳондан йиқилишни бошласа, бу бизга нима беради? Биринчидан, бу тескари занжир реакциясини ҳосил қилади ва автомактаблардаги таълим сифати ошишига олиб келади. Чунки ҳозир автомактаблар асосан нархнинг арзон ва қимматлиги бўйича рақобатлашиб қолган, холос. Кўпчилик фуқароларни ҳам, автомактаблар маъмуриятини ҳам таълим сифати унчалик ўйлантирмай қўйган. Лекин эндиликда имтиҳондан пул, таниш-билиш орқали топширишнинг имконини қила олмагач, ўз-ўзидан ўқишга мажбур бўлади, масъулиятсиз автомактаблар эса ёки ишини йиғиштиради, ёки ва ниҳоят сифатли таълим беришни бошлайди", — деди Абдуллаев.

Бекмурод Абдуллаев имтиҳон жараёнлари қатъий назорат остида, инсон омилидан ҳоли тарзда олиниши бошлангач, имтиҳондан йиқилувчилар сони ва бундан норозилар сони кўп бўлиши табиийлигини таъкидлади.

«Ҳозир кўп автомактабларимизда билим бериш сифати паст, бундан ташқари, минг афсуслар бўлсин-ки, ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш мумкин эканлиги халқимизнинг онгига сингиб кетган ва инсонларнинг дунёқарашини бирданига ўзгартириш ҳам қийин масала. Кўпчилик ўқиш ўрнига таниш қидириши ҳам айни ҳақиқат. Бу каби имтиҳон марказлари иш бошлагандан сўнг ижтимоий тармоқларда имтиҳондан йиқилганлар (томонидан) эътирозли ҳолатлар кўпайиши, қолаверса, инсон омилидан ҳоли тизимнинг йўлга қўйилиши, айниқса, эски тизимдан манфаатдор айрим инсонларга ёқмаслиги табиий, аммо биз бунга руҳан тайёрмиз. Янги имтиҳон марказлари бўйича ҳар қанақа асосли эътироз ва танқидлар бўлса, биз буни тўғри қабул қиламиз ҳамда халқимизга, журналистларга, блогерларга доим очиқмиз», — дея хулоса қилди ИИВ вакили.

Таъкидланишича, 2022−2023 йилларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳон ўтказиладиган автоматлаштирилган имтиҳон марказлари қурилади ва ўз фаолиятини бошлаши кутилмоқда.

Autodriver Study компанияси ҳақида

Ягона имтиҳон маркази (Toshkent Imtihon Markazi, TIM) тадбиркорлик субъекти ҳуқуқи асосида Ўзбекистонда биринчи бўлиб ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонлар ўтказиш бўйича давлат хизматини кўрсатиш ҳуқуқини қўлга киритган биринчи компания бўлди. Унинг сайтида компания раҳбари сифатида Дэниел Бёрк кўрсатилган.

3 февраль куни сайтнинг «Биз ҳақимизда» бўлимида AVHT 1895 сонли лицензия 2022 йил 2 февралида қўлга киритгани ҳақида маълумот берилган эди. Бироқ ҳозирда ушбу маълумот м.авжуд эмас.

КТЯРД очиқ маълумотларига кўра, Autodriver Study автмактаби 2017 йил 6 октябрда рўйхатга олинган. Раҳбар сифатида Дэниел Бёрк (Burke Daniyel James) кўрсатилган, ягона таъсисчи — Дилшод Шуҳратович Жўраев.

Журналист Муҳрим Аъзамхўжаев Web.Archive маълумотларига таяниб, Autodriver Study автомактабининг иккита филиали борлигини, улардан бири ушбу марказ ўрнида, иккинчиси эса Алишер Навоий кўчаси 1-уйда (худди шу манзилда «Автотест» инновацион автмактаби филиалларидан бири жойлашган эди) жойлашганини маълум қилди.

Дилшод Жўраев бир вақтнинг ўзида 2017 йил октябрь ва ноябрида рўйхатга олинган Nurafshon Yo’l Avtomaktabi ва Innodriver Study автомактабларининг ҳам эгаси ҳисобланади. Innodriver Study юридик манзили Avtotest, Avtotest 2.0 ва Avtotest Obey Rules савдо белгиларига эгалик қиладиган Avtotest Report компанияси манзили билан мос тушади — Тошкентнинг Миробод тумани Тарас Шевченко кўчаси 21-уй.

Эътиборлиси, мазкур бинонинг орқа қисмида, Тарас Шевченко кўчаси 23-уйда Milliy TV телеканали офиси жойлашган.

Avtotest мактаблари асосчиси (ҳозирда у ерда таъсисчи сифатида Иродахон Исмаилова кўрсатилган) ва Milliy TV телеканалининг амалдаги таъсисчиси (66,7%) — Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов.

2021 йилнинг 10 ойи давомида Ўзбекистонда 7681 та йўл-транспорт ҳодисаси қайд этилган бўлиб, уларда 1964 киши ҳалок бўлган, 6886 киши тан жароҳати олган. Бу кўрсаткичлар узоқ муддатли карантин чекловлари амал қилган 2020 йилдаги кўрсаткичлардан ошиб кетган.

Бахтсиз ҳодисаларнинг асосий сабаблари — йўлларнинг нотўғри ташкил этилиши ва носозлиги — 1782 та (23,2%), пиёдалар ўтиш жойлари йўқлиги сабабли йўлларни белгиланмаган жойлардан кесиб ўтишда — 1705 та (22,2%) ва белгиланган тезлик чегараси талабларига риоя қилмаслик — 1221 (15,9%) сабаб бўлмоқда.