Январь ўрталарида коронавирусга қарши эмланган фуқаролар ўртасида бош соврини автомобиль бўлган ютуқли ўйин ташкил этилиши хабар берилганди.

Ушбу лотерея 22 январдан бошлаб ҳар шанба кунлари ZO’R TV орқали 20:30 даги онлайн эфир вақтида ўйналмоқда. Ҳозирга қадар «Вакцина тўғри танлов» акцияси кўрсатуви 2 марта (22 ва 29 январда) эфир юзини кўрди.

Акцияда ҳар ойда қуйидаги совғалар ўйналади:

  • Телефон: Samsung A52 — 100 дона;
  • Планшет: Samsung TAB А7 Lite Gray — 100 дона;
  • Телевизор: Samsung 43D — 100 дона;
  • Велосипед: — 150 дона;
  • Автомобиль: «Malibu-2» — 1 дона.

Акцияда вакцина олган барча қатнаша оладими?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу лотерея ҳозиргача эмланган барча фуқаролар ўртасида ўтказилишини таъкидлаган эди. Аслида эса фақатгина 15 январдан кейин вакцина олганлар ўртасида ўтказилмоқда. Телеканал рекламаларида ҳам айни маълумот тарғибот қилинмоқда.

«Газета.uz»нинг ҳукуматдаги манбаси маълум қилишича, акцияни ўтказиш бўйича меморандумга кўра («Газета.uz»да нусхаси бор), акция иштирокчилари сифатида 2022 йил 15 январь санасидан кейин коронавирус инфекциясига қарши вакцина олишни бошлаган ёки тугатганлиги ҳақидаги сертификатга (ID код) эга фуқаролар қатнашади.

Акцияни ўтказиш тўғрисидаги меморандум 20 январь куни «TELERADIOKOMPANIYA ZO’R» МЧЖ бош директори Н.И.Супибеков, Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи А.В.Алимов ва Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Дурдона Рахимова томонидан имзоланган.

Келишувга асосан, «ZO'R TV» — ташкилотчи, Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси — ҳамкор ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги — бош ҳомий ҳисобланади. Манбанинг ишонтиришича, акцияни ўтказишни шахсан пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ўз назоратига олган.

«Газета.uz» вазиятга аниқлик киритиш мақсадида Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармаси бошлиғи ўринбосари Ботир Исабеков билан боғланди. У ҳам акцияда фақат 15 январдан кейин эмланган, 18 ёшдан катта бўлган фуқаролар қатнаша олишини тасдиқлади.

«Танлов 2022 йил 15 январдан бошлаб коронавирус инфекциясига қарши эмланган фуқаролар ўртасида олиб борилади. Фуқаролар вакцина олишни бошлашлари билан ССВнинг электрон базасига киритилади ва иштирокчи сифатида танлаб олиниши мумкин бўлади», — деди Ботир Исабеков.

Бундан ташқари, акцияни тарғиб қилишда яна бир номутаносиблик мавжуд. «ZO'R TV» телеканали томонидан 26 январь куни тарқатилган акция бўйича реклама ролигида фуқаролар вакцина билан тўлиқ эмланган бўлишлари кераклиги айтилади.

Лекин, Ботир Исабековнинг таъкидлашича, фуқаролар акцияда қатнашишлари учун тўлиқ эмланган бўлишлари шарт эмас. Вакцина курси тўлиқ тугаган бўлиши шарт эмаслиги танлов бўйича меморандумда ҳам келитирилган.

Исабековнинг сўзларига кўра, танловнинг ҳаққоний ўтказилишига Тошкент шаҳар Адлия бошқармаси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва шаҳар бош бошқармасидан масъуллар бириктирилган.

«Сертификат ҳаққонийлиги текширилади, сохта сертификат билан иштирок этган шахсларга нисбатан қонуний чора кўриш юзасидан тегишли тартибда ҳуқуқни мухофаза қилувчи органларга мурожаат қилинади ва совғалар тақдим қилинган бўлса, улар қайтариб олинади», — деди пойтахт ССББ бошлиғи ўринбосари.

Масъулнинг таъкидлашича, «танловда иштирок этаётган шахс айни дамда Ўзбекистонда бўлмаса, у мамлакатга қайтгандан сўнг, шахсини тасдиқловчи ҳужжати билан мурожаат этади ва ютуқ тақдим этилади. Баҳсли саволлар ёки муаммолар юзага келганда, ҳамкорлар томонидан бириктирилган масъуллар томонидан муҳокама этилади».

Танлов ғолибларини тақдирлаш ва ютуқларни бериш танлов ўтгандан сўнг 1 ой муддат ичида ғолиб бўлган шахсларга топшириш ва қабул қилиш далолатномасига асосан тақдим этилади.

Маълумот ўрнида, танловда қатнашувчилар қўшимча ахборот олиш учун Тошкент шаҳар Соғлиқни сақлаш бош бошқармасининг 71 289−78−00 телефон рақамлари орқали мурожаат этишлари мумкин.

«Газета.uz» совринли ўйин нима сабабдан аввал эълон қилинганидек барча вакцина олганлар ўртасида ўтказилмаётгани борасида масъул ташкилотларга яна бир бор сўров юборди.