Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг 3 февралдаги бир қатор қарорлари билан учта агентликда тайинловлар амалга оширилди. Бу ҳақда Адлия вазирлигининг «Ҳуқуқий ахборот» Telegram-каналида хабар қилинди.

Хусусан, ҳукуматнинг 53-сонли қарори билан Шоҳруҳ Ҳамидович Раҳимов Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги ҳузуридаги Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш агентлиги директори этиб тайинланди. Шоҳруҳ Раҳимов бунга қадар вазирликнинг Корея Республикаси билан инвестицион ҳамкорликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи лавозимида фаолият кўрсатган.

Шу билан бирга, халқ таълими вазири маслаҳатчиси бўлган Улуғбек Патхидинович Қосимхўжаев вазирлик ҳузуридаги Хорижий инвестицияларни жалб этиш агентлиги директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Улуғбек Қосимхўжаев (1978 йилда туғилган) 1997−2000 йилларда «Умид» президент жамғармаси йўналиши бўйича Пейс университетида (АҚШ) бакалавр таҳсилини олган. 2018 йилнинг ёзида у Ўзбекистонга Туризм бўйича давлат қўмитасида масъул лавозимга таклиф қилинган эди.

Бундан ташқари, ҳукумат қарори (56-сон) билан Рустамхон Камалханович Азизов Стратегик ривожланиш агентлиги бош директорининг биринчи ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

Шунингдек, Азиз Тулкунович Гафуров ҳамда Алексей Вадимович Сим агентлик бош директорининг ўринбосарлари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.