4 февралдан бошлаб Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ Рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлим-бўлинмаларида ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш учун назарий ва амалий имтиҳонларни қабул қилиш фаолияти тўхтатилади. Бу ҳақда ЙҲХББ матбуот-хизмати хабар бермоқда.

Хабарда айтилишича, шу кундан бошлаб Тошкент шаҳрида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш ёки уни тиклаш учун имтиҳонларни топшириш фақатгина Сирғали туманидаги Ягона имтиҳон маркази томонидан амалга оширилади. Autodriver Study компанияси томонидан очилган Ягона имтиҳон маркази очилиши ҳақида «Газета.uz» ҳақида ёзган эди.

ЙҲХББ матбуот-хизматининг «Газета.uz»га маълум қилишича, бошқа вилоятларда хусусий имтиҳон марказлари очилмагунга қадар имтиҳонлар ҳудудий ЙҲХБ РИБда олинади.

Ички ишлар вазири ўринбосари Бекмурод Абдуллаев 2022−2023 йилларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш бўйича имтиҳон ўтказиладиган автоматлаштирилган имтиҳон марказлари қурилиши ва ўз фаолиятини бошлашини маълум қилган эди.

Президентнинг 2020 йил 7 декабрдаги қарори билан 2021 йил 1 апрелдан автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолияти учун лицензияга эга тадбиркорлик субъектларига барча тоифадаги автомототранспорт воситаларини (троллейбус ва трамвайдан ташқари) бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ҳуқуқи берилган эди.

Тадбиркорларга замонавий автодромларни ташкил этиш ва уларни автоматлаштирилган махсус транспорт воситалари билан жиҳозлаш, ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш ва баҳолашни инсон омилисиз, тўлиқ автоматлаштирилган ҳолда амалга ошириш каби мажбуриятлар юкланган эди.

Имтиҳонларни ўтказиш бўйича хизматлар учун тўловлар миқдори тадбиркорлик субъекти томонидан мустақил равишда белгиланади, имтиҳондан тушган маблағлар тўлиқ тадбиркорлик субъектида қолади.

Қарорга асосан Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 4 майда (ВМҚ 272-сон) «Автомототранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳайдовчилик гувоҳномаларини олиш учун имтиҳонларни ўтказиш соҳасига хусусий секторни жалб этишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори тасдиқланди.

Ҳужжатда хусусий компаниялар фаолиятини бошлаган ҳудудларда ЙҲХБ Рўйхатлаш ва имтиҳон олиш бўлим-бўлинмаларида ҳайдовчилик гувоҳномаси учун имтиҳонлар олиш тўхтатилиши (корхонанинг лицензияси амал қилишни бошлаган кундан) айтилган.

Эслатиб ўтамиз, 26 январь куни давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ вазиятни танқид қилган эди. Статистика маълумотларига кўра, 2021 йилнинг ўзида йўлларда 2000га яқин инсон ҳалок бўлган. Президент ҳайдовчиларни тайёрлаш ҳамда имтиҳон тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берганди.