Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Тошкент моржлари —
қишда чўмилиш ҳақида
Фото: Мадина Аъзам / «Газета.uz»
Тошкент моржлари —
қишда чўмилиш ҳақида
«Газета.uz» фотомухбири Мадина Аъзам йилнинг ҳар қандай фаслида чўмилишни хуш кўрадиган моржлар билан суҳбатлашди.
Эрталабки соат 7 да «Бешёғоч» маҳалласининг боғ ҳудудидаги Буржар канали қисмида, ГЭС ва Афросиёб кўчаси кесишмасида деярли ҳеч ким йўқ. Канал бўйлаб ям-яшил ўтдаги қиров ҳаво ҳарорати совуқлигини билдиради. Шунга қарамасдан, бу ерда қишки чўмилиш ихлосмандлари йиғилишади — асосан ўрта ва кекса ёшдаги эркаклар.
Буржарда чўмилиш тақиқланган. Бу ҳақда огоҳлантирувчи белгилар артериянинг сувга киришнинг имконияти бўлган барча ҳудудларида ўрнатилган. Бир йил олдин канал бўйлаб тўсиқлар ўрнатилди. Лекин кўп ўтмай яна каналга тушиш жойлари пайдо бўлди.
Моржлардан бири Аҳмаджон Илҳомовнинг тахмин қилишича, бу ердаги тақиқ белгиси энди сузишни бошлаганларга тааллуқли.
реклама
реклама

«Бу таъқиқ сузишни энди бошлаётганлар учун бўлса керак, шунинг учунми бизга бирор марта ҳеч ким ҳеч қандай жарима солмаган», — дейди у. Яқин атрофда Миллий гвардия ходимлари айланиб юришибди.

Аҳмаджон ака ёшлигидан моржликка қизиққанлигини айтади. Болалик вақтларида у баҳорнинг илиқ, ёзнинг қайноқ кунларида чўмилиб юрган. Танишларидан қишда чўмилишнинг соғлиққа фойдаси ҳақида эшитиб, ушбу машғулотга ҳам қизиқишни бошлаган.

«17 ёшимдан бошлаб қишки сузиш ишқибозига айланганман, — дейди Аҳмаджон Илҳомов. — Кейинчалик чўмилиш кун тартибимдан асосий ўринни эгаллади».

У ўзини 50 ёшли морж деб атайди, чунки ярим аср давомида очиқ сув ҳавзаларида йил бўйи чўмилади.

«Ҳар куни барвақт уйғониб, анҳор бўйига келаман. Сув ёқалаб 2-3 километр пиёда юриб, машқ қилиб танамни қиздираман. Соат 11 ларга яқин яна 4-5 та морж дўстларим ҳам келади. Кейин бирга сувга шўнғиймиз. Сузиш танани чиниқтиради. Қишнинг совуқ кунларида ҳам битта футболка устидан, енгил свитер кияман. Узоқ йиллар бўлди, охирги марта қачон грипп бўлганимни эслай олмайман», — деб ҳикоя қилади Аҳмаджон ака.
У каналнинг ушбу қисмидан одамлар тез-тез ўтишини, айниқса очиқ жойда кийимларни алмаштириш бироз ғалати эканлигини қўшимча қилди. Ўриндиқлар ечим бўлиши мумкин, бироқ канал бўйлаб шаҳар аҳолиси кўп айланадиган яшил ҳудуд жойлашганига қарамасдан, бу ерда битта ҳам ўриндиқ йўқ.

«Шу ерларга ўриндиқлар ўрнатилса хурсанд бўламиз», — дейди Аҳмаджон Илҳомов.
Қишки чўмилишнинг яна бир ишқибози Рихсивой Ғанизонов Тошкентда 50 дан ортиқ аъзоси бор моржлар клуби борлигини айтди. Аммо ҳозир пандемия сабабли атиги 10 га яқин клуб аъзолари чўмилиш учун келади.

У Анҳор канали бўйлаб Минор қабристони яқинида жойлашган. Қабристонга қўшни бўлиш ҳаммага ҳам ёқмайди. Масалан, Аҳмаджон Илҳомов учун бу ноқулайлик туғдиради, шу сабабли ҳеч қачон у ерда чўмилмайди. Бундан ташқари, артериянинг ўша қисмидан тез-тез байдаркачилар сузиб ўтади, баъзи моржлар улар билан тўқнаш келишни хушламайди.
Клуб Жисмоний тарбия институти ҳудудининг саккиз сўтих ер майдонида жойлашган. Шу ерда моржларга бадминтон ўйнаш учун майдонча қуриб беришган, кийим алмаштириш хонаси эса эски вагонга жойлаштирилди. Рихсивой Ғанихоновнинг айтишича, қолган шароитларни моржлар ўзлари қилишган.
реклама
реклама
«Панжара деворлар ўрнатиб, вагонларни керакли жиҳозлар билан тўлдирдик, — дейди у. — Ҳозир клубимиз аъзоларига иссиқ ва совуқ сув, ювиниш хонаси керак. Кийиниш хонаси ва кичик ошхонамиз ҳам таъмирталаб ҳолатда. Бу масалада шаҳар ҳокимиятига ариза билан чиққанимизда, ҳокимиятдан аризамиз туман ҳокими назоратида эканлиги ва бу йил режага киритилганлиги ҳақида жавоб олдик».

Рихсивой Ғанихоновнинг сўзларига кўра, моржлар клубда ҳар куни соат 16:00 да йиғилишади. Баданини турли машқлар билан қиздириб, сувга бир неча марта шўнғишади ва 3-4 дақиқа давомида чўмилишади. Кейин эса шахмат ва бадминтон ўйнашади.
Рихсивой Ғанихонов 2000 йилдан бошлаб қишда чўмилишни бошлаганини айтади. Уни бронхиал астма безовта қилишни бошлаганида, аллерголог қиш кунлари ҳам тез-тез чўмилиб туришни тавсия қилган. Рихсивой акада касаллик аломатлари умуман қолмаган

«Моржлик менга соғлик туҳфа этди. Агар ҳар куни чўмилишга келмасам, ёки 20 километрга яқин пиёда юрмасам нимамнидир йўқотиб қўйгандек бўламан. Чўмилиш ҳаётимнинг бир қисмига айланиб улгурганидан хурсандман».

«​​Шунча йил давомида мен чўмилган энг паст ҳарорат неччи эканлигини аниқ билмайман. Аммо шуни айта оламанки, 10 йилдан ортиқ вақт давомида қишнинг хоҳ ёмғир, хоҳ қорли кунларида ҳам ҳар куни чўмилишга келдим», — дейди Рихсивой Ғанихонов.
Клубга яқинлашаётган Абдураҳмон Шукуровни кўриб ҳамма «Ана, ҳақиқий морж келяпти» дейди. У анҳорларда болалигидан йил бўйи чўмилади. 11 ёшидан эса моржлик унга одат бўлди.
«Мен аввалига апрел кунларидан октябргача, кейинроқ баҳорнинг илк кунларидан ноябрнинг охирига қадар ҳар куни чўмилиб турганман. Ҳар йили бир ой эрта бошлаб, бир ой кеч тўхтатганман. Шундай қилиб ўз-ўзидан қишки сузишга кириб келганман. Мана 35 йилдан буён энг севимли машғулотим – қишда чўмилиш. Ҳозир 45 ёшман. Аммо тенгдошларимнинг айтишича, улардан анча кўркам ва ёш кўринар эканман. Ҳақиқатан шундай-да!», — дейди Абдураҳмон Шукуров.
Матн ва фотосуратлар муаллифи Мадина Аъзам
Матн ва график материалларга ҳуқуқлар «Газета.uz» нашрига тегишли. «Газета.uz» интернет-нашри сайтида эълон қилинган материаллардан фойдаланиш шартлари билан қуйидаги ҳавола орқали танишишингиз мумкин.

Қизиқарли нарсаларни биласизми? У ҳақида бошқаларга айтиб бермоқчимисиз? Ўз ҳикоянгизни sp@gazeta.uz электрон манзилига юборинг.

Изоҳ

Жунатиш Чиқиб кетиш Бекор қилиш Муаллиф: 6000 та белги қолди.
"Газета.uz"да рўйхатдан ўтиш

Қўшимча имкониятларга эга булиш учун сайтда рўйхатдан ўтинг