4 февраль куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 2022 йилги қишки Олимпия ўйинларининг очилиш маросимида иштирок этиш учун Пекинга келди. Бу ҳақда давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.

«Шоуду» халқаро аэропортида президентни Хитойнинг расмий шахслари кутиб олди.

Олимпиаданинг тантанали очилиш маросими жума куни кечқурун Пекиндаги «Қуш уяси» миллий стадионида Тошкент вақти билан соат 17:00 да бошланади. Ўзбекистондан Олимпиадада ягона спортчи — чанғичи Комилжон Тўхтаев иштирок этмоқда.

Маросимнинг очилишида Россия президенти Владимир Путин, Қозоғистон давлат раҳбари Қосим-Жомарт Токаев, Тожикистондан Имомали Раҳмон, Қирғизистон президенти Садир Жапаров ва Туркманистон давлат раҳбари Гурбангули Бердимуҳамедов ҳам ташриф буюришади.