1 июлдан тест режимида автомобиль йўллари соҳасига тегишли маълумотлар базасини ўз ичига олган «Shaffof yo’l» платформаси ишга туширилади. Бу Ҳукуматнинг 2 февралдаги [49-сон] қарорида қайд этилган, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Платформанинг алоҳида саҳифасига фуқароларнинг йўллар носозлиги, шунингдек, йўлларда ва йўл бўйида хавфсиз ҳаракатланиш учун юзага келган фавқулодда техник муаммолар ҳақида фото ва видеомурожаатлари жамоатчилик фикри асосида жойлаштирилади. Бу светофорлар ва йўл белгилар ўрнатилмаганлиги ёки уларнинг шикастланганлиги, табиий офатлар натижасида юзага келадиган ҳодисалар ортидан ҳосил бўладиган оқибатлар ва бошқалар бўлиши мумкин.

Бунда 1 мартгача ички хўжалик йўлларининг жойлашган манзили (геопозицияси), тўлиқ номи, узунлиги, ҳолати (асфальтланган, таъмирталаб) ва бошқа маълумотларни ўз ичига олган Ички хўжалик йўллари реестри шакллантирилади.

1 майгача автомобиль йўлларини қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш объектларининг интерактив онлайн харитаси-схемаси ишлаб чиқилиб, платформага жойлаштирилади.

2023 йилдан бошлаб ва кейинчалик ҳар йили қурилиши, реконструкция қилиниши, таъмирланиши назарда тутилган барча тоифадаги йўл участкалари харитага киритилади.

Шунингдек, қарорга кўра, «Очиқ бюджет» ахборот портали орқали ҳудудий ички йўлларини таъмирлаш учун ажратилган маблағлар жамоатчилик фикри асосида шаклланган ички хўжалик йўлларни таъмирлашга йўналтирилади.

Бу бўйича тасдиқланган низомга кўра, жамоатчилик фикри асосида ички йўлларни таъмирлашда таклифларни қабул қилиб олиш ҳар йили 10 январгача, билдирилган таклифлар орасидан ғолиб таклифларни овоз бериш йўли билан аниқлаб олиш 31 январга қадар амалга оширилади.

«Таклифларни юбориш ҳамда овоз беришда вояга етган фуқаролар иштирок этишлари мумкин. Фуқаролар ҳар йили ички йўлларни таъмирлашга доир фақат битта таклифни киритиши ҳамда битта таклифга овоз бериши мумкин. Фуқаролар ўзлари томонидан киритилган таклифга овоз бериши тақиқланади. Танланган ички йўллар ахборот порталида автоматик равишда таклиф сифатида шаклланади ва бошқа фуқароларнинг овоз бериши учун имконият яратилади», — дейилади хабарда.

Ҳар бир туман ва шаҳарларда билдирилган таклифлар бўйича берилган энг кўп овозлар сонидан келиб чиқиб, юқоридан пастга қараб сараланади.

Туман (шаҳар) маҳаллий бюджетлари параметрларида ҳудудий ички йўлларни таъмирлаш учун ажратилган жами маблағларнинг камида 50 фоизи доирасида ғолиб таклифларни амалга оширишга йўналтирилади.

Платформа 2023 йил 1 январдан бошлаб тўлиқ ишга тушади.