Тошкентнинг Юнусобод туманида Амир Темур ва Чинобод кўчалари чорраҳаси ёнида (харита) жойлашган кўп қаватли уйлар билан автомобиль йўли орасидаги дарахтларга учинчи маротаба суиқасд қилинди.

Декабрь ойи ўрталарида 10 тупи номаълум шахслар томонидан ярмигача арралаб кетилган эди. Экологлар ботаника боғи мутахассисларини жалб қилган ҳолда зарарланган дарахтларни сақлаб қолиш учун уларнинг танасидаги жароҳатларни даволаб, ёпишди ва уларни рақамлашди. Жамоатчилик вакилларининг қаршилигига қарамасдан 10 январга ўтар кечаси ниқобдаги номаълум шахслар 4 туп элдор қарағайини кесиб ташлашди. Агар одамлар арра овозини эшитиб, чиқиб қолмаганида кўпроқ дарахтлар нобуд бўлиши мумкин эди.

2020 йилнинг ёзида ушбу ерни аукцион орқали сотиб олган тадбиркор 3 февраль куни соат 18:13 да бетон аралаштирувчи машина ва 15 га яқин ишчиларни юбориб, дарахтлар тагини бетонлаб ташлади.

Аҳоли мурожаатига кўра, «Газета.uz» воқеа жойига етиб борди. Аввал ёзганимиздек, аҳоли 2 йилдан кўпроқ вақт давомида дарахтлар ўрнида қурилиш бўлишига қарши чиқиб келмоқда.

Улар дарахтларни кесишга бир неча уринишлардан сўнг, видеокузатув камераларини ўрнатишганини маълум қилишди. Тасвирларда бетон аралаштирувчи машина ер участкасига кириб, бетон қоришмасини тўкаётгани акс этган.

Аҳоли ва тадбиркор ўртасида можаро юзага келди. Воқеа жойига ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва Давлат экология қўмитаси вакиллари етиб келишди.

Ходимларнинг дарахтларга зарар етказиш тақиқлангани ҳақидаги гапларига тадбиркор бошқа бировнинг эмас, балки ўзига тегишли бўлган ер участкасини бетонлаб ташлаётганини айтди.

Маълумотларга кўра, можаро вақтида бир нечта фуқаролар енгил тан жароҳатлари олишган. Тадбиркор ва унинг шериклари Юнусобод туман 4-сон ички ишлар бўлимига олиб кетилган.

Туман экология инспекцияси бошлиғи Дилшод Садиров «Газета.uz»га берган интервьюсида тадбиркорга дарахтларни кўчириб ўтказиш рад этилганини маълум қилди. Суд ҳам дарахтларни кўчириб ўтказиш юзасидан тадбиркорнинг аризасини қаноатлантирмаган.

«Кечаси келиб, вазиятдан фойдаланиб, бетон қоришмасини [дарахтлар тагига] тўкиб кетаяпти. Улар келиб жанжал ҳам кўтарди. Жанжал қиганлиги учун ички ишлар органлари томонидан олиб кетилди. Ҳозирги пайтда суриштирув ишлари олиб борилмоқда», — деди у.

Дилшод Садировнинг қўшимча қилишича: «Уларнинг мақсади — шу ерда қурилишни бошлаш. Лекин бунга рухсат олинмаган». «Газета.uz» манбасининг маълум қилишича, ушбу участка ўрнига Юнусобод туман ҳокимлиги туманнинг бошқа ҳудудидан ер таклиф қилган, бироқ тадбиркор буни рад этган.


Дарахт тагига тўкилган қоришмаларни эса Юнусобод туман ободонлаштириш бошқармаси ходимлари тозалаб олишди.

Дарахтларни кесишга уринишлар уларни кесишга доир мораторий этилган даврда содир этилмоқда. Президентнинг 30 декабрдаги фармони билан мораторий муддатсиз даврга узайтирилди. Ўзбекистонда 1 мартдан эса «Яшил йиллик» умуммиллий тадбири бошланади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳозирга қадар ушбу баҳсли ер участкаси юзасидан изоҳ бермади.