Россиялик тревел-блогер Максим Лимар 2 февраль куни Бухородан Новосибирскка учаётган вақтда қўлга олинган — унинг багажида учувчисиз учиш қурилмаси — квадрокоптер аниқланган. У бу ҳақда 3 февраль куни ўзининг YouTube ва Instagramдаги каналларида хабар берди.

«Бу ерда Бухоронинг қандай гўзал шаҳарлиги тасвирланган матн бўлиши керак эди. Аммо Бухоро ҳозир мен учун қарийб қамоққа айланди», — дея бошланади хабар.

«Ўзбекистон қонуни бўйича оғирлиги 250 г дан оғир дронлар мажбурий рўйхатдан ўтказилиши керак. Лекин менинг квадрокоптерим 249 г вазнга эга ва ушбу қонун таъсирига тушмайди. Бортида 249 g деган ёзув борлигига қарамай, коптерни мендан тортиб олишди, ўзимни эса паспортимни олиб қўйган ҳолда, шаҳарга қайтариб, уй қамоғига олишди», — деб ёзган Максим Лимар.

Ўзбекистон ҳукуматининг 2016 йил 31 августдаги қарорига мувофиқ, жисмоний шахслар рўйхатдан ўтказмаган ҳолда — оғирлиги 250 г дан ошмайдиган, парвозларни автоном бошқариш ва навигация функциясига эга бўлмаган ҳамда видео ва фото аппаратура билан жиҳозланмаган «ўйинчоқ» учар аппаратлардангина фойдаланишлари мумкин.

«Менинг мақомимни белгилашмади, ҳақ-ҳуқуқларимни тушунтиришмади, қўлимга бирорта ҳужжат беришмади. Рус тилида ёмон гапирадиган адвокатни бериб қўйишди. Ундан эшитган битта гап, унга пул тўлашим кераклиги бўлди, қолган вақт, яъни суриштирув давомида у жим турди», — деган Максим Лимар.

Россия элчихонасидан, блогернинг ўзининг айтишича, «Ўз муаммоингни ўзинг ҳал қил», деган жавобни олган. Россия фуқаролари учун шошилинч алоқа учун йўлга қўйилган мобил телефон рақамига қўнғироқ қилганида эса унга «экспертиза ўтиб бўлганидан сўнг боғланинг» дея айтишган.

3 февраль куни Россия элчихонаси ўзининг Telegram-каналида «ушбу ҳолатни тезликда ҳал этиш ва ватандошни ортга қайтариш учун М. В. Лимар ва Ўзбекистон Республикаси ҳуқуқ-тартибот органлари билан мунтазам алоқада эканликлари» ҳақида хабар эълон қилди.

«М. В. Лимар у томонидан олиб чиқиб кетилаётган дроннинг оғирлиги ва ўлчами хусусиятларини аниқлаштириш бўйича процедура якунига етгунига қадар уй қамоғига олинган», — деб қўшимча қилган элчихона.

Блогер 4 февраль куни эрталаб 09:00 ҳолатига вазият ўзгармаганлигини, бироқ Россия консуллиги у билан алоқага чиққанлигини маълум қилди.

Блогер билан боғлиқ хабарлар ижтимоий тармоқларда тарқалгач, Давлат божхона қўмитасининг Бухоро вилояти божхона бошқармаси 4 февраль куни эрталаб ушбу хабарларга муносабат билдирди.

Бошқарма ҳолатни тасдиқлаб, дронни Ўзбекистонга олиб кириш, сақлаш ва ундан фойдаланиш тақиқланган ёки тақиқланмаганлигини аниқлаш юзасидан тегишли экспертиза тайинланганини маълум қилган.

«Юқоридаги ҳолатни расмийлаштириш жараёнида хорижий шахс М.Л.га нисбатан ҳеч қандай руҳий ва жисмоний тазйиқ ўтказилмаган, амалдаги қонунчилик талабларига асосан ўз ҳуқуқларидан тўлақонли фойдаланиши таъминланган. Хусусан, божхона органи томонидан фуқаролик паспорти олиб қўйилмаган ва унга нисбатан эркин яшаши учун ҳеч қандай чеклов ўрнатилмаган», — дейилади хабарда.

Ўзбекистонда 2015 йил 1 январдан бошлаб учувчисиз учиш аппаратларини олиб кириш, сотиш ва улардан фойдаланиш тўлиқ тақиқланган эди, Вазирлар Маҳкамасининг алоҳида қарорларида назарда тутилган ҳолатларгина бундан мустасно. Дронлардан фойдаланишга рухсатни фақат давлат ва хўжалик бошқаруви органлари идорага доир вазифаларни бажариш учун олишлари мумкин.

2018 йилнинг ёзида Ўзбекистондаги маданий-тарихий ёдгорликлар, табиат бойликларини тарғиб қилиш мақсадида чет эл ижодий гуруҳларига Ўзбекистоннинг сайёҳлик салоҳияти ҳақидаги фото ва видеоматериалларни тайёрлаш учун учувчисиз учиш аппаратлари, жумладан дронларни вақтинча олиб киришга рухсат берилди. Янги тартибда учувчисиз учиш аппаратларидан фойдаланишни хоҳлаган ижодий гуруҳлар Давлат туризм қўмитаси, Маданият вазирлиги ва «Ўзбеккино» Миллий агентлигига ижодий гуруҳ ва тасвирга олиш жойлари ҳақидаги маълумотларни кўрсатган ҳолда Ўзбекистон ҳудудига уларни вақтинча олиб кириш ва фойдаланишга рухсат беришни сўраб мурожаат қилишлари лозимлиги белгиланганди.