Бугун, 4-февраль куни Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон ҳудудларидан жуда илиқ ва қуруқ ҳаво кириб келиши кутимоқда, деб хабар берди «Ўзгидромет». Ҳарорат фони кўп йиллик қийматлардан 5−7 даражагача юқори бўлади. Кундуз куни ҳаво +12…+14 даражагача, баъзи жойларда +16…+18 даражагача исийди.

Эртага, 5 февраль куни илиқ ҳаво массасининг кириб келиши кучаяди, кундуз кунги ҳарорат +14…+17 даража илиқгача, баъзи жойларда +20…+22 даража илиқгача кўтарилади, кечаси бироз совуқ сақланиб туради. Республика ҳудудининг катта қисмида ёғингарчилик кутилмайди, фақат республиканинг шимолий ҳудудларига Волга бўйи ҳудудларидан нам ҳаво массаси кириб келиши прогноз қилинмоқда. Қорақалпоғистонда ва Хоразм вилоятида баъзи жойларда ёмғир ёғади.

6 февраль куни совуқ ҳаво кириб келиши Ўзбекистоннинг барча ҳудудларини қамраб олади, об-ҳаво кескин ёмонлашади. Бутун мамлакат бўйича ёмғир ёғади, шимолда ёғингарчилик (ёмғир, қор) бўлади, ҳарорат кундуз куни +4…+9 даража илиқ бўлиб, шимолда 0…+5 даражагача пасаяди.

4−6 февралда республика бўйича баъзи жойларда шамол кучайиши кутилмоқда, айрим жойларда чанг тўзон кузатилади, жумладан:

4 февралда Қорақалпоғистонда, Хоразм, Навоий, Тошкент вилоятларида 18−23 м/с гача;

5−6 февралда Қорақалпоғистонда, Хоразм, Бухоро, Навоий, Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида 18−23 м/с гача, Навоий, Тошкент, Жиззах вилоятларининг айрим жойларида эса 25−28 м/с гача кучайиши мумкин.

Якшанба куни тоғ олди ва тоғли ҳудудларда баъзи жойларда ёғингарчилик кучли бўлиши мумкин. Тоғли автомобиль йўлларда қор уюмлари бўлиб, кўришнинг ёмонлашиши кутилмоқда.