Андижондаги қимматбаҳо 12 туп дарахт ноқонуний кесилган — Экоқўмита

Андижон шаҳар перинатал маркази ҳудудида қимматбаҳо дарахт навлари рўйхатига киритилган 12 туп Элдор қарағайлари ноқонуний равишда кесилган. Давлат экология қўмитаси бунинг натижасида ўсимлик дунёсига кўп миқдорда зарар етказилган деб баҳолаб, ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилишини маълум қилди.

Антирекорд янгиланди: 16 январь куни мингдан ортиқ кишида коронавирус аниқланди

Якшанба куни Ўзбекистонда пандемия давридан бери илк маротаба 1037 кишида коронавирус аниқланди, шуни ярмидан кўпи Тошкент шаҳрига тўғри келмоқда. Қолаверса, беморларнинг яна 3 нафари вафот этди.

ХТВ Самарқандда IT-танлов ғолибига ишлатилган ноутбук берилган ҳолатни ўрганиб, туман ҳоким ўринбосарига ҳайфсан берди

Самарқандда 8-синф ўқувчиси «Бир миллион дастурчи» танловида биринчи ўринни олгани учун ишлатилган ноутбук берилганини маълум қилди. Ҳокимлик эса ўқувчи туман босқичида биринчи ўринни олгани учун телефон билан тақдирлаганини айтмоқда. ХТВ ишчи гуруҳи мазкур ҳолат бўйича ўрганиш олиб бориб, рағбатлантиришда масъулиятсизлик қилгани учун Нуробод тумани ҳокимининг ўринбосарига ҳайфсан берди.

«Малика» савдо мажмуасини Premium Prime Service қўлга киритди

Premium Prime Service компанияси оммавий савдо якунлари бўйича Тошкент шаҳридаги «Малика» савдо мажмуасини қўлга киритди. Инвесторга 100 млрд сўм сармоя киритиш ва 250 та янги иш ўрни яратиш мажбурияти ҳам юклатилган.

Quadro IH DMCC «Пойтахт» бизнес маркази эгасига айланди

Бирлашган Араб Амирликларининг Quadro IH DMCC компанияси «Пойтахт» бизнес марказини сотиб олиш бўйича танловда ғолиб бўлди. Битим нархи — 164 млрд сўмни ташкил этди. Компания шунингдек, 6 млн доллардан кам бўлмаган миқдорда инвестиция киритиш мажбуриятини ҳам олган.

Ulkan Mulk «Билдирсой» дам олиш масканини сотиб олди

Маҳаллий Ulkan Mulk компанияси «Билдирсой» дам олиш масканини канат йўли билан бирга 107 млрд сўмга сотиб олди. Харидорга дарахтларни кесишга жорий этилган мораторий талабларига риоя қилиш мажбурияти ҳам юклатилган.

Қашқадарёда 500 минг сўм пора олган шифокор 5 йилга қамалди

Касби тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи ўринбосари фуқаронинг ўғлига ногиронлик нафақасини чиқариб беришни ваъда қилиб, бунинг эвазига 500 минг сўм пора олгани айтилмоқда. Китоб туман суди шифокорни айбли деб топиб, унга 5 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Ўзбекистонга 310 минг дозадан кўпроқ Pfizer вакцинаси келтирилди

COVAX дастури доирасида Ўзбекистонга яна 310 050 доза Pfizer вакцинаси олиб келинди. Мазкур турдаги вакциналарнинг умумий миқдори 2,6 млн дозага етди.

Туризм соҳасида ёш тадбиркорларга 50 млн сўмдан грантлар ажратилади

Президент фармони билан 1 майдан туризм соҳасида ёш тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 50 млн сўм миқдорида, жами 10 млрд сўм грант ажратилади. Маблағлар Ўзбекистонга уч йил давомида камида 200 нафар хорижий туристлар учун тур ташкил қилиш шарти билан берилади. Молия вазирлиги эса 11 ой давомида Туризм ва спортни қўллаб-қувватлаш жамғармасига ҳар ой қўшимча 2,5 млрд сўмдан йўналтиради.

UzAuto Motors акциялари биржада сотувга қўйилади

Президент қарорига асосан UzAuto Motors ва UzAuto Motors Powetrain жамиятларининг 100 фоиз акцияси фонд биржасида сотувга чиқарилади. Шунингдек, яна 6 та акциядорлик жамиятидаги давлат улуши сотувга қўйилиши режалаштирилмоқда.

МИБнинг Андижон шаҳар бўлими ходимлари пора билан қўлга тушди

Мажбурий ижро бюроси Андижон шаҳар бўлимининг икки нафар ходими фуқародан суд қарори ижросини таъминлаб бериш эвазига 4 минг доллар олган вақтида ушлангани айтилмоқда. Уларга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳафта давомида ёмғир, айрим жойларда эса қор ёғиши кутилмоқда

Ҳафтанинг илк уч кунида Ўзбекистон бўйлаб ёмғир ёғиши, чоршанба куни айрим ҳудудларда ёмғир қорга айланиши кутилмоқда. Пайшанба куни қуруқ об-ҳаво кузатилиши мумкин, бироқ, жума куни яна қор ёғади. Кечалари ҳаво ҳарорати -3 даража совуқ, кундузи эса +10 даражага илиқ бўлади.

Ўзбекистонга чартер рейсларни амалга оширувчиларга тўланадиган субсидия миқдори камайтирилди

Президент фармони билан 2022 йилда бошқа мамлакатлардан чартер рейсларни ташкил этувчи туристик компаниялар ва авиаташувчиларга ҳар бир хорижий сайёҳ учун тўланадиган компенсация миқдори камайтирилди.

Андижон вилоятига янги прокурор тайинланди

Бош прокурорнинг буйруғига асосан Наманган вилояти прокурорининг биринчи ўринбосари Сирожиддин Эшпўлатов Андижон вилояти прокурори лавозимига тайинланди.

Тошкентдаги ЙТҲда икки ўсмир ҳалок бўлди

Тошкентнинг Яшнобод туманида ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ўсмир (2005 й.т.) Spark машинасида тезликни ошириши туфайли бошқарувни йўқотиб, йўл четидаги темир панжарага урилган. Бунинг оқибатида эса автомобиль ҳайдовчиси ва йўловчиси воқеа жойида вафот этган.