Мажбурий ижро бюросининг Андижон шаҳар бўлими ходимлари суд қарорини бажариш эвазига 4 минг АҚШ доллари олганлиги айтилмоқда.

«Газета.uz»га Мажбурий ижоро бюросининг матбуот хизмати раҳбари Фаррух Тошпулатовнинг маълум қилишича, мазкур ҳолат Андижон вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари, вилоят прокуратураси ва Бюронинг вилоят бошқармаси шахсий хавфсизлик бўйича ходимлари 14 январь куни ўтказган тезкор тадбирда аниқланган.

Фуқаро О.Қ.нинг аризасига асосан Бюронинг Андижон шаҳар бўлими давлат ижрочиси Ф.Ф. ўз иш юритувидаги қарздор У.Х. ва бошқаларни мажбурий кўчириш тўғрисидаги ижро ҳужжатини ижро қилиб беришлик эвазига Андижон туман бўлими давлат ижрочиси И.Қ. билан бирга Андижон шаҳар Амир Темур кўчасидаги бекатлардан бирида О.Қ.дан 4000 АҚШ доллари олган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Андижон вилоят прокуратураси томонидан Ф.Ф. ва И.Қ.ларга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси 2-қисми «в,г» бандлари (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

Бюро матбуот котибининг қўшимча қилишича, тизим ходимлари ўртасида шахсий хавфсизлик бўйича тармоқлар хизмат мавқеини суиистеъмол қилиш ва бошқа ножўя хатти-ҳаракатлар содир этиш ҳолатларининг олдини олиш ҳамда бунга имкон берган шарт-шароитларга барҳам бериш борасида профилактик ишлар олиб борилмоқда.

Ўтган йилда 3119 та шу каби профилактик тадбирлар ўтказилган. хизмат текширувлари натижаларига кўра, қўпол қонунбузилишига йўл қўйган 69 нафар ходимлар интизомий жазо тариқдасида Бюро органларидан бўшатилган.

Ўтган даврда Бюронинг 24 нафар ходими томонидан содир этилган жиноят ҳолатларининг 18 таси шахсий хавфсизлик тармоқ ходимларининг ташаббуслари асосида фош этилган.